Ўзбекистон мустақилликка эришган йилларда ташқи сиёсатда ишончли ҳамкор давлатлар сифатида Венгрия билан икки томонлама ўзаро дипломатик алоқалар 1992 йил 3 мартда йўлга қўйилиб, ҳозирги кунга қадар икки давлат ўртасидаги иқтисодий, маданий, парламентлараро алоқалар йилдан-йилга ривожланиб бормоқда.
Жорий йилнинг 29 март куни Венгрия Бош вазири Виктор Орбаннинг Ўзбекистонга ташрифи қўп йиллик ҳамкорлик алоқларнинг янада ривожланишига замин яратади. В. Орбаннинг ташрифи давомида Ўзбекистон ва Венгрия ўртасида стратегик шериклик тўғрисидаги қўшма декларация имзоланиши ўзаро ҳамкорликни юқори поғонага қўтарди.
Икки давлат раҳбарларининг кўп қиррали шерикликни кенгайтиришга қаратилган минтақалараро ҳамкорлик, Ташқи ишлар идоралари ўртасида 2021-2023 йилларга мўлжалланган ҳамкорлик дастури, стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти билан Венгрия Ташқи ишлар ва савдо вазирлиги ўртасида англашув меморандуми ҳамда меҳнат муносабатлари соҳасида ҳамкорлик тўғрисида битим, атом энергетикаси соҳасида кадрлар тайёрлашда ҳамкорлик тўғрисидаги битимлар ҳамда икки томонлама ҳамкорликни таъминловчи ҳужжатлар мамлакатлар тараққиёти ва фаровонлиги учун хизмат қилади.
Таъкидлаш жоиз, Ўзбекистон – Венгрия парламентлари ўртасида ҳамкорлик алоқалари йўлга қўйилган. Ушбу алоқаларни кучайтириш мақсадида 2020 йил 3 ноябрда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Венгрия Миллий Ассамблеяси билан ҳамкорлик бўйича 18 нафар сенатор ва депутатлардан иборат парламентлараро гуруҳи ташкил этилган. Шунингдек, 2020 йил 15 декабрь куни Венгрия Миллий Ассамблеяси Спикери ўринбосари Ш. Лежаком бошчилигида 16 нафар депутатлардан иборат Венгирия-Ўзбекистон парламентлараро дўстлик гуруҳи ташкил этилган. Икки томонлама дўстлик гуруҳлари парламентлараро ҳамкорликнинг барча соҳаларини қамраб олган иш режаси шакллантирилган бўлиб, унда ўзаро ҳамкорликнинг истиқболлари доимий муҳокама қилиниб, қонун ижодкорлигидаги тажрибалар ўрганилиб борилмоқда.
Бир сўз билан айтганда, ташриф доирасидаги музокаралар жараёнида имзоланган ҳужжатлар икки давлат ўртасидаги иқтисодий, маданий, парламентлараро алоқаларни янги босқичга олиб чиқишда муҳим омил бўлади.
Жаҳонгир ШИРИНОВ,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати
www.parliament.gov.uz