“Labor migration” электрон дастурий комплексининг иши самарадорлигини ўрганиш якунлари муҳокама қилинган йиғилишда Қонунчилик муаммолари ва парламент тадқиқотлари институти директори Ф.Отахонов ушбу масала юзасидан таклифлар билан иштирок этди – Қонунчилик муаммолари институти
Янгиликлар

2021 йил 31 март куни Сенатнинг Халқаро муносабатлар, ташқи иқтисодий алоқалар, хорижий инвестициялар ва туризм масалалари қўмитаси мажлисида “Labor migration” электрон дастурий комплекси иши самарадорлигини ўрганиш якунлари муҳокама этилди.

Мажлисда Қўмита томонидан ўтказилган ўрганиш меҳнат мигрантларини рўйхатдан ўтказиш механизмини такомиллаштириш, хизмат кўрсатиш жараёнида бюрократик тўсиқларни, коррупция хатарларини камайтириш зарурати сабабли, шунингдек, Олий Мажлис Сенатига фуқаролардан тушадиган кўп сонли мурожаатлар ҳисобга олинган ҳолда ташкил этилганлиги таъкидланди.

Шундан келиб чиқиб, сенаторлар, бир қатор жалб қилинган вазирлик ва идоралар масъул ходимларидан ташкил топган Ишчи гуруҳ жойларга чиққан ҳолда дастурий комплекснинг ишларини ўрганиб чиқди, экспертлар билан маслаҳатлашувлар, меҳнат мигрантлари билан учрашувлар ўтказди.

Ушбу ўрганиш якунлари бўйича Қўмитанинг бугунги мажлисида тақдим этилган дастурий комплексни модернизация қилиш ва мавжуд камчиликларни бартараф этиш бўйича аниқ таклифлар тайёрланди.

Мажлисда Ташқи меҳнат агентлиги раҳбариятининг ахборот эшитилди. Улар дастурий комплекс фаолият кўрсатган бир йил давомида 288 мингдан ортиқ турли хил хизматлар, шу жумладан, авиа ва темир йўл чипталарини имтиёзли нархларда сотиб олиш бўйича 164 мингта хизмат, имтиёзли суғурта полисини рўйхатдан ўтказиш бўйича 9505 мингта хизмат, имтиёзли уй-жой олиш учун зарур ҳужжатлар ва тақдимномалар тақдим этиш бўйича 3 937 та хизмат кўрсатилганлигини қайд этди.

Бундан ташқари, дастурий комплекснинг Ўзбекистоннинг бир қанча давлат муассасаларининг электрон базалари ва порталлари билан интеграцияси таъминланди. Бу эса меҳнат мигрантларини ҳисобга олиш тезкорлигини ҳамда ижтимоий ва маслаҳат ёрдамларини кўрсатиш сифатини сезиларли даражада оширди.

Шу билан бирга, Ишчи гуруҳ аъзолари томонидан қатор тизимли муаммолар кўрсатиб ўтилди, уларнинг бартараф этилиши мазкур комплекснинг салоҳиятини оширади ва меҳнат мигрантлари учун қўшимча имкониятлар яратади.

Шунингдек, кўрсатилаётган хизматлар турларининг кўпайишини ва меҳнат мигрантлари орасида фаол тарғиб қилинишини, фуқароларнинг эҳтиёжларини гендер жиҳатидан ҳисобга олинишини назарда тутувчи “Labor migration” дастурий комплексини узоқ муддатли ривожлантиш ва такомиллаштириш стратегияси мавжуд эмаслиги қайд этилди. Хусусан, меҳнат мигрантлари бўлган хотин-қизларни бирлаштириш, уларга маслаҳат бериш ва ижтимоий ёрдам кўрсатишни ўз ичига олган хизматлар мавжуд эмас.

Қолаверса, IT соҳаси мутахассислари томонидан дастурий комплекснинг техник параметрлари, унинг интерфейси, мобиль илованинг ишлашини такомиллаштириш бўйича қатор таклифлар билдирилди.

Мажлис якунлари бўйича Қўмита томонидан алоқадор вазирлик ва идораларга мавжуд муаммоларни бартараф этиш ва комплекс орқали хизматлар кўрсатиш механизмини модернизация қилиш бўйича аниқ топшириқларни ўз ичига олган қарор қабул қилинди.

www.senat.uz

Leave a comment

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan