Божхона расмийлаштируви муддати 3 кундан 1 кунга қисқартирилади – Қонунчилик муаммолари институти
Янгиликлар

Жорий йилнинг 3 июнь куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги ЎзЛиДеП фракциясининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди.

Унда дастлаб “Тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш учун рухсат бериш тартиб-таомиллари турлари қисқартирилганлиги ҳамда соддалаштирилганлиги муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси муҳокама қилинди.

Депутатларнинг таъкидлашича, қонун лойиҳасини иккинчи ўқишга тайёрлаш жараёнида Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари, Адлия вазирлиги ходимларидан иборат ишчи гуруҳ аъзолари иштирокида бир қатор давра суҳбатлари ўтказилган. Уларда қонун лойиҳаси моддама-модда кўриб чиқилиб, бир қатор ўзгартириш ва қўшимчалар киритилган.

Киритилган муҳим ўзгаришлардан бири бу – қонун лойиҳасининг номи “Лицензиялаш, рухсат бериш ва хабардор қилиш тартиб-таомиллари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни қабул қилинганлиги муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”, деб ўзгартирилди. Қонун лойиҳаси атрофлича муҳокама қилиниб, фракция аъзолари томонидан қўллаб-қувватланди.

Йиғилишда “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси ҳам иккинчи ўқишда кўриб чиқилди.

Мазкур қонун лойиҳаси билан 11 та норматив-ҳуқуқий ҳужжатга ўзгартириш ва қўшимчалар киритилмоқда. Хусусан, “Прокуратура тўғрисида”ги қонунда Департамент томонидан иқтисодий жиноятлар ва коррупцияга қарши курашиш борасидаги вазифаларни амалга оширишда жисмоний куч ишлатиш, махсус воситаларни қўллаш билан боғлиқ ваколатларига аниқлик киритиляпти. Жиноят кодексига жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштириш натижасида олинган мол-мулкни махсус мусодара қилиш  тартиби белгиланмоқда. “Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тўғрисида”ги қонунга жиноий йўл билан топилган мол-мулкни мусодара қилиш билан боғлиқ қўшимчалар киритилаётир.

Муҳокамалар давомида депутатлар томонидан лойиҳани пишиқ-пухта қилиш бўйича билдирилган таклиф ва тавсиялар инобатга олиниб, узоқ тортишув, баҳс-мунозаралардан сўнг қонун лойиҳаси иккинчи ўқишда қўллаб-қувватланди.

Мамлакат ривожи, давлат ва жамият қурилишини такомиллаштириш, ислоҳотлар самарадорлигига эришишда бюджет харажатлари тўғрисидаги маълумотларнинг янада очиқ ва шаффофлигини таъминлаш устувор вазифалардан бири ҳисобланади.

Шу жиҳатдан депутатлар “2021 йил учун Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикасининг Қонунига ўзгартишлар киритиш ҳақида”ги қонун лойиҳасининг муҳокамаси давомида бюджет маблағларидан мақсадли ва самарали фойдаланиш масалаларига алоҳида аҳамият қаратдилар.

Қонун лойиҳасида жорий йилда қабул қилинган дастурлар ва қарорлардаги устувор вазифалар ижросини таъминлаш, уларнинг молиялаштириш манбаларини аниқлаш ҳамда айрим харажатларни мақбуллаштириш кўзда тутилмоқда.

Қонун лойиҳаси билан Бюджет кодексининг 145-моддаси, давлатимиз раҳбарининг жорий йил 3 февралдаги тегишли фармони ижросини таъминлаш мақсадида норматив-ҳуқуқий асосларини яратиш заруриятидан келиб чиқиб, 2021 йил учун давлат мақсадли жамғармаларининг ҳамда Ўзбекистон Республикаси Тикланиш ва тараққиёт жамғармасининг даромадлари прогнози ва харажатлари, шунингдек, 2021 йил учун республика бюджетидан биринчи даражали бюджет маблағларини тақсимловчиларга ажратиладиган маблағларнинг чекланган миқдорларига ўзгартиришлар киритилган.

ЎзЛиДеП фракцияси аъзолари партия электорати бўлган тадбиркор ва ишбилармонлар, фермерлар, кластерлар ташаббусларини қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратилаётганини айтиб, бундай ёндашув партиянинг дастурий мақсадларига ҳар томонлама тўғри келишини билдирдилар.

Йиғилишда “Ўзбекистон Республикасининг Божхона кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳасининг муҳокамаси ҳам қизғин кечди.

Таклиф этилаётган лойиҳага кўра, ташқи иқтисодий фаолият йўналишида, яъни божхона маъмуриятчилигини такомиллаштириш соҳасида қабул қилинган ҳужжатлар талаблари асосида амалдаги Божхона кодексига тегишли ўзгартириш ва қўшимчалар киритилмоқда. Жумладан, товар ва транспорт воситаларини тегишли божхона режимларига жойлаштириш мақсадида талаб этиладиган рухсатномалар бериш тартиби бекор қилиниб, Ўзбекистон Республикасининг туристик салоҳиятини ошириш мақсадида бож олинмайдиган савдо дўконининг учинчи тури киритилмоқда.

Эътиборга молик томони, божхона расмийлаштируви муддати 3 кундан 1 кунга қисқартирилиб, назорат остида етказиб бериш тартиби Ўзбекистон Республикасининг “Тезкор-қидирув фаолияти тўғрисида”ги қонуни талабларига мувофиқлаштирилмоқда.

Депутатларнинг фикрича, қонун лойиҳасини қабул қилиниши билан товарларни экспорт ва импорт қилиш жараёнидаги мавжуд тартиботларнинг соддалаштирилишига, божхона қонунчилигини эркинлаштириш, божхона тартиб-таомилларини соддалаштириш ва шаффофлигини таъминлашга эришилади.

Йиғилишда фракция ваколатига кирувчи бошқа масалалар ҳам муҳокама қилиниб, тегишли қарорлар қабул қилинди.

www.parliament.gov.uz

Leave a comment

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan