Жорий йилнинг 29-31 март кунлари Мехико шаҳрида видеоконференцалоқа шаклида “Тенглик авлоди” форуми бўлиб ўтди.
Форумда Олий Мажлис Сенати Раиси Танзила Нарбаева видеомурожаат билан иштирок этди.
Ўзбекистон Республикасининг гендер тенглик, хотин-қизларнинг давлат ва жамоат ишларидаги ҳуқуқ ва имкониятларини кенгайтириш, гендер тенгликни ва аёллар бандлигини таъминлаш, уларни ижтимоий ҳимоя қилиш соҳасидаги ютуқлари, шу жумладан пандемия даврида кўрилаётган чора-тадбирлар тўғрисида глобал форум иштирокчиларига маълумот берилди.
Гендер тенгликни таъминлаш ва хотин-қизларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш мамлакатимиз давлат сиёсатининг устувор йўналишлари эканлиги таъкидланди.
Конференция доирасида ҳар бир мамлакатнинг Пекин декларацияси ва Ҳаракатлар платформасида белгиланган стратегик мақсад ва вазифаларни бажаришдаги саъй-ҳаракатларини янада кучайтириш муҳимлигига алоҳида эътибор қаратилди. Пекин декларацияси ва Ҳаракатлар платформасида хотин-қизларнинг ҳуқуқларни ва манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича универсал мажбуриятлар шакллантирилган.
Тадбир давомида, айниқса, COVID-19 пандемияси даврида гендер тенглик тўғрисида хабардорликни ошириш бўйича ялпи ва секцион мажлислар ташкил этилди. Хусусан, “XXI аср кун тартиби” ва Барқарор ривожланиш мақсадлари (БРМ) нуқтаи назаридан гендер тенгликка эришиш учун жамоатчилик иштироки ва кўп томонлама ҳамкорликни йўлга қўйиш, Пекин ҳаракатлар платформаси тадбирларини амалга ошириш бўйича мавзулар кўриб чиқилди.
Форум барча мамлакатлар, шу жумладан, Ўзбекистон учун гендер тенглик нуқтаи назаридан энг яхши тажриба ва фикр алмашиш учун ўзига хос майдон вазифасини ўтади.
Форум якунида тегишли тавсиялар ишлаб чиқилди.
www.senat.uz