Давлат дастурининг иқтисодиёт йўналишидаги масалаларнинг февраль-март ойларидаги ижроси дастлабки тарзда эшитилди – Қонунчилик муаммолари институти
Янгиликлар

Маълумки, Давлатимиз раҳбарининг Олий Мажлисга йўллаган Мурожаатномасида қонун ҳужжатлари ижросини ташкил этишда жамоатчилик иштироки ва назоратини кенг йўлга қўйиш, жумладан, “жамоатчилик эшитувлари” ва “жамоатчилик мониторинги” амалга ошириш зарурлиги таъкидланган эди.

Белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида жорий йилнинг 17 февраль куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати ва “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати томонидан “Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили” Давлат дастури ижроси устидан самарали жамоатчилик назоратини ташкил этиш масалаларига бағишланган маслаҳат учрашуви ташкил этилиб, унда Давлат дастури мониторинги бўйича “Jamoatchilik.uz” платформасида махсус саҳифа тақдимоти ўтказилган эди.

Шунингдек, ушбу маслаҳат учрашувида устувор вазифалар ижроси юзасидан жамоатчилик мониторингини олиб бориш, масъул идоралар томонидан маълумотлар тақдим этилиши ва улар юзасидан жамоатчилик эшитувларини ўтказиб бориш белгиланган эди.

2021 йил Давлат дастури 273 та банддан иборат бўлиб, шундан февраль ойида 7 та банд, март ойида 34 та банд бўйича вазифалар ижроси назарда тутилган бўлиб,16 та банд ижроси таъминланган.

Режага кўра, 2021 йил 19 март куни Олий Мажлис Сенати Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар масалалари қўмитаси ҳамда “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати томонидан Давлат дастуридаги Иқтисодиётни ривожлантиришнинг устувор йўналишларига доир вазифаларнинг февраль-март ойларидаги ижроси юзасидан дастлабки жамоатчилик эшитуви ташкил этилди.

Тадбирда вазирлик ва идоралар томонидан Давлат дастурининг тегишли бандлари ижроси бўйича ахборотлар тақдим этилди.

Жумладан, Молия вазирлиги томонидан Давлат дастурининг 45-бандига мувофиқ, давлат харидлари соҳасидаги 1 млрд. сўмгача бюджет буюртмачилари томонидан аванс тўловлари миқдорини 30 фоизга етказиш бўйича ахборот берилди.

Марказий банк Давлат дастурининг 60-бандига мувофиқ, “Нобанк кредит ташкилотлари ва микромолиялаш тўғрисида” қонун лойиҳасини ишлаб чиқиш ҳамда 61-бандига мувофиқ оилавий тадбиркорлик дастурларини амалга оширишни давом эттириш борасида маълумотларни тақдим этди.

Шунингдек, Давлат геология ва минерал ресурслар қўмитаси Давлат дастурининг 70-бандга мувофиқ республика минерал хомашё базасини ривожлантириш ва қайта тўлдириш дастурини ишлаб чиқиш, Инновацион ривожланиш ва энергетика вазирликлари эса 73-бандига мувофиқ водород энергетикаси технологияларини ўрганиш ва илм-фанни ривожлантириш масалалари бўйича ўз ахборотларини тақдим этишди.

Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги томонидан Давлат дастурининг 77-бандига мувофиқ “Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” дастурлари доирасида маҳалла ва қишлоқлар қиёфасини тубдан ўзгартириш ҳамда 80-бандига мувофиқ камбағалликни қисқартириш борасида ҳудудлардаги ҳақиқий ҳолатга баҳо бериш, амалга оширилаётган ишлар ижросини назорат қилиш тизимини такомиллаштириш бўйича бажарилган ишлар тўғрисида ҳисобот берилди.

Жамоатчилик эшитуви давомида белгиланган вазифалар ижро муддатларига риоя қилиш, маълумотлар очиқлигини таъминлаш, ҳуқуқий-меъёрий ҳужжатларнинг қўйилган талаблар даражасида тайёрланишига эришиш ва дастурда белгиланган вазифаларнинг амалга самарали жорий этилишидаги муаммоларни бартараф этишга асосий эътибор қаратилди.

Шунингдек, Давлат дастурининг ижроси мунтазам равишда жамоатчилик диққат марказида бўлиши, бу борада жамоатчилик назорати тадбирлари доимий давом эттирилиши қайд этилди.

 

Ўзбекистон Республикаси
Олий Мажлиси Сенатининг
Ахборот хизмати

Leave a comment

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan