Тўрт йил сабоқлари – Қонунчилик муаммолари институти
Янгиликлар

2016 йил мамлакатимиз тарихида янги босқични бошлаб берди. Туман, вилоят ҳокими ҳамда Бош вазир лавозимларида ишлаб, мамлакатни бошқаришда катта назарий ва амалий тажриба тўплаган Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон Республикаси Президенти лавозимига сайланди.

(1-қисм)

Мана, орадан тўрт ярим йил ўтди. Шу қисқа фурсат ичида Шавкат Мирзиёев Президент сифатида нималарга эришди, деган саволлар туғилиши табиий, албатта. Бу саволга жавоб бериш учун хаёлан ўша Президентлик сайлови даврига қайтиш тўғри бўлади, деб ўйлайман.

САЙЛОВОЛДИ ДАСТУРИ ВА ҲАРАКАТЛАР СТРАТЕГИЯСИ

Шавкат Мирзиёев Президент вазифасини бажарувчи лавозимига сайланиши билан вилоятларга чиқиб, оддий халқ вакиллари, турли касб эгалари билан бевосита мулоқотда бўлиб, жойлардаги ютуқ ва камчиликлар, мавжуд муаммолар билан бевосита танишди, одамларнинг фикр-мулоҳазаларини тинглади. Сайлов кампаниясида Президентликка даъвогар сайловчилар олдига бутунлай янги ва халқчил дастур билан чиқди. Халқимиз у кишига ишонди ва якдиллик билан ўз Президенти этиб сайлади.

Президент 2017 йил 7 февралда «Ўзбекистон Республикасини янада ривожлантириш бўйича Ҳаракатлар стратегияси тўғрисида»ги фармонни имзолади. Ўтган қисқа фурсатда амалга оширилган ишларни сарҳисоб қилиб, айтиш мумкинки, Шавкат Мирзиёев ўз халқига берган ваъдаларини ошиғи билан бажарди. Ҳаракатлар стратегиясида кўзда тутилган вазифаларнинг бажарилиши юртимиз ижтимоий-иқтисодий ҳаётини бутунлай ўзгартириб юборди. Ҳаракатлар стратегияси демократик ислоҳотларни изчил давом эттириш ва чуқурлаштириш, ҳуқуқий соҳадан тортиб то хавфсизлик масалалари, мамлакат миқёсидан тортиб то чекка-чекка туман ва қишлоқларни ўйлантираётган масалаларни ҳал қила олган умумдавлат аҳамиятига эга ҳужжат сифатида Ўзбекистон тарихида қолиши аниқ.

Ўзбекистон Республикасини янада ривожлантириш бўйича Ҳаракатлар стратегияси 5 та йўналиши – давлат ва жамият қурилишини такомиллаштириш, қонун устуворлигини таъминлаш ва суд-ҳуқуқ тизимини ислоҳ қилиш, иқтисодиётни янада ривожлантириш ва либераллаштириш, ижтимоий соҳани ривожлантириш, хавфсизлик, миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенгликни таъминлаш, чуқур ўйланган, ўзаро манфаатли ва амалий руҳдаги ташқи сиёсат юритишни Тараққиётнинг 5 та устуни деб номланаётгани бежиз эмас. Чунки Ҳаракатлар стратегиясида кўзда тутилган чора-тадбирларнинг бажарилиши Ўзбекистонни яқин келгуси даврда дунёнинг ривожланган давлатлари қаторига кириши ва янги Ренессанс пойдеворини яратиш йўлида ташланган улкан қадам бўлди.

ХАЛҚ ҚАБУЛХОНАЛАРИ – ХАЛҚ ДАРДИНИ БИЛИШНИНГ ЯНГИ УСУЛИ

2016 йилгача биз айрим давлатлар раҳбарларининг йилда бир-икки марта омма билан бевосита мулоқот қилишларига ҳавас билан қараб юрардик. Шавкат Мирзиёев мамлакатимизда йилда бир-икки марта эмас, одамлар билан ҳеч қандай тўсиқларсиз доимий мулоқотни амалга ошириш тизимини яратди. Яъни, Ўзбекистон Республикаси Бош вазири виртуал қабулхонаси ташкил этилди. Кейинроқ Президентнинг Халқ қабулхоналари барпо этилди. Булар мамлакатимиз ижтимоий-сиёсий ҳаётида жуда катта воқеа бўлди. Виртуал ва Халқ қабулхоналари жамиятимиз ҳаётининг барча жабҳаларида ҳақиқий аҳвол қандай эканлигини равшан кўра олиш имконини бера бошлади. Виртуал қабулхона ва Халқ қабулхоналари орқали фуқароларнинг шу пайтгача ҳал бўлмаётган муаммолари Президентга тўғридан-тўғри етказилиб, улар тезда ҳал этила бошланди. Шу йўсинда ҳамюртларимизнинг адолатга бўлган қарийб йўқолаёзган ишончи қайта тикланиши учун имконият яратилди. Қабулхоналарга келаётган аризалар ўз ҳолига ташлаб қўйилаётгани йўқ, аксинча, раҳбариятнинг доимий эътиборида турибди. Президентимиз таъбири билан айтганда, “Бизнинг асосий мақсадимиз – “Халқ қабулхоналари”га қилинган ҳеч бир мурожаат эътиборсиз қолмайдиган тизим яратишдан иборат”.

Янги сайланган Президент Шавкат Мирзиёев 2016 йил 7 декабрда бўлиб ўтган тантанали мажлисда “Қонун устуворлиги ва инсон манфаатларини таъминлаш – юрт тараққиёти ва халқ фаровонлигининг гарови” маърузасида аризаларнинг 59 фоизи ижобий ҳал бўлаётганлигини эълон қилди. Тушаётган аризаларнинг аксарияти ижобий ҳал бўлаётган экан, демак, бу ҳол жойларда айрим ташкилот ва идораларнинг раҳбарлари шу пайтга қадар ўз хизмат вазифаларини бажаришга совуққонлик билан қараб келганликларидан гувоҳлик беряпти. “Умуман олганда, бундан кейин вазирлик ва идоралар, хўжалик бирлашмалари раҳбарлари ва ҳокимларнинг фаолияти натижаси қуруқ иқтисодий рақамлар билан эмас, балки уларнинг одамлар билан қандай мулоқот олиб бораётгани ва ишни ташкил этгани, фуқароларнинг муаммоларини қай даражада ҳал қилаётганига қараб баҳоланади ва тегишли хулосалар чиқарилади”, – деди давлатимиз раҳбари.

АҲОЛИНИ УЙ-ЖОЙ БИЛАН ТАЪМИНЛАШНИ ЯХШИЛАШ БОРАСИДАГИ ТАДБИРЛАР – ИНҚИЛОБИЙ ҚАРОР БЎЛДИ

Ҳа, айнан шундай! 2016 йилгача бўлган даврда аҳолини уй-жой билан таъминлаш масаласи ўта оғир аҳволда эди. Шу боис Президентликка номзод Шавкат Мирзиёев бу масалага жуда катта эътибор берди. Тўғри, бу соҳада аввал ҳам муайян тадбирлар ўтказилган. Ёш оилалар, бир қатор вазирлик ва идоралар ходимлари учун имтиёзли шартлар билан банк кредитлари ажратилган. Натижада кўплаб ёшлар, ҳарбийлар, ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари уйли бўлишган. Лекин уйга муҳтожларнинг сони жуда кўплиги учун муаммо тўлалигича ечилмаётган эди. Минг-минглаб оилалар тор уйларда ноқулай ҳолатда яшаётган, вояга етган ўғилларини уйлантиришда қийинчиликларга дуч келаётган эди.

Бир пайтнинг ўзида ўша даврда мамлакатимиз пойтахтида уй-жой қуришнинг оддий халқ “банк уйлари” деб атайдиган усули кенг тарқалди. Бу уйларни айрим компания ёки банклар қуриб, катта-катта квартираларни ўзига тўқ оилалар ҳали турмуш қуриш ёшига етмаган, мактабда ўқиётган фарзандлари ва ҳатто боғчадаги невара-чеваралари учун сотиб ола бошлашган эди.

Оддий халқда эса нархи баланд бундай уйларни сотиб олиш имкони йўқ эди. Муаммони бутунлай ҳал этиш учун Шавкат Мирзиёев Президент вазифасини бажарувчи лавозимига сайланиши билан жуда катта ва мураккаб ишга бел боғлади. Яъни, пойтахтимизнинг Сергели тумани ҳудудида 500 та кўп қаватли ва арзон уй-жой қуриш ҳақида қарор қабул қилди.

Масаланинг ўта долзарб ва зудлик билан ҳал этиш ҳолатига бориб қолганлигини эътиборга олиб, тегишли вазирлик, ҳокимлик ва идораларга 500 та турар жой барпо этиш ишларини лойиҳалаштириш жараёнини бошлашга топшириқ берилди, зарур ер майдонлари ажратилди. Бу – уй-жой қуриш тарихида жаҳонда кам учрайдиган ҳодиса бўлди. Ўта қисқа фурсат, яъни 2017-2020 йиллар мобайнида аҳолининг кам таъминланган қатламлари учун давлат томонидан бундай катта миқёсда уй-жой қуришни тасаввур қилишнинг ўзи мураккаб.

Тасаввур қилинг, 500 та кўп қаватли уйда 30000 оила уйлик бўлиши режалаштирилди ва қурилди. Бу дегани ҳар бир оилада 4 тадан одам бўлганда ҳам гўё 120 минг киши яшайдиган янги бир шаҳар барпо бўлди!

Уй-жой билан таъминлаш масаласи наинки пойтахтда, балки қишлоқ аҳоли пунктларида ҳам долзарб муаммолигича қолмоқда эди. Шу боис Ўзбекистон Республикаси Президенти вазифасини бажарувчи Шавкат Мирзиёев 2016 йил 24 октябрда “2017-2021 йилларда қишлоқ жойларда янгиланган намунавий лойиҳалар бўйича арзон уй-жойлар қуриш дастури тўғрисида”ги қарорни имзолади.

Қарорнинг номидан ҳам кўриниб турибдики, қурилиши кўзда тутилаётган янги уй-жойлар олдинги лойиҳалардан тубдан фарқ қилади, яъни нархи анча арзон бўлади. Маълумки, 2009-2016 йиллар мобайнида қишлоқ жойларда 69557 та уй-жой қурилди. Лекин энди Президент Шавкат Мирзиёев томонидан аҳолининг реал эҳтиёжлари ва молиявий имкониятлари, миллий менталитетимиз ва қишлоқда яшаш шароитларининг хусусиятлари тўлиқ ҳисобга олиниб, қурилиш самарадорлигини оширишга йўналтирилган, принципиал жиҳатдан янги лойиҳалар асосида уйлар қуриш ғояси олдинга сурилди. Бунда дастлабки бадал миқдори кескин камайтирилиб, 2 ва 3 хонали уйлар учун олдингидан 2 баравар кам, яъни 15 фоиз ва кўп хонали уйлар учун 25 фоиз даражасида белгиланди, уй қурувчиларга 3 йиллик имтиёзли давр ва биринчи 5 йил мобайнида йиллик 7 фоиз миқдорида ипотека кредитлари берила бошланди.

Қишлоқларда намунали уй-жойлар қуришнинг 2016 йилга қадар бўлган 8 йиллик тарихида ҳаммаси бўлиб 70 мингга яқин, яъни йилига ўртача 8750 тадан оилага уй қурилганди. Энди 2017 йилда бирданига 15 мингта арзон ва шинам уй қуриш режалаштирилди! Уйлар нархини арзонлаштиришга, сифатини оширишга алоҳида аҳамият берилди. Бу қурилиш-пудрат ташкилотлари харажатларини оптималлаштириш, қурувчиларни солиқ, бож ва бошқа тўловлардан озод этиш ҳисобига амалга оширилди.

Бундан ташқари, 2017-2020 йилларда шаҳар жойларда 945 та кўп қаватли уйлар қуриш дастури лойиҳаси ишлаб чиқилди ва амалга оширилди. Дастурга кўра, Тошкент шаҳри, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар марказлари ва йирик шаҳарларда 50 мингга яқин уй-жойга муҳтож оилалар учун кўп қаватли арзон уйлар қурилди.

МЕТРО

Пойтахт Тошкент шаҳрининг оғриқли нуқталаридан бири сони тобора ошиб бораётган аҳолини жамоат транспорти билан таъминлаш ҳисобланади. Аҳоли ва транспорт сонининг кўпайиб бораётганлиги туфайли эрталаб ва кечки пайтларда пойтахтимизнинг асосий кўчаларида тирбандликлар пайдо бўлиб, шаҳарнинг бир четидан бошқасига бориб келишга жуда кўп вақт кетаётган эди.

Мана шу ҳолатларни эътиборга олган ҳолда, Президент 2017-2020 йиллар мобайнида Тошкент шаҳри метрополитенини янада кенгайтириш ҳақида қарор қабул қилди.

Кези келганда шуни айтиш мумкинки, шаҳримизда метрополитен қуриш ғояси 1960-йилларда туғилиб, бевосита уни барпо этиш 1972 йилда бошланган. 1977 йил 6 ноябрда Тошкент метрополитенининг 9 та станциядан иборат Чилонзор линияси ишга туширилган. Умуман олганда, 1972 йилдан 2001 йилгача пойтахтимизда 29 та метро станцияси қурилди. 2001 йилдан эса шаҳримизда метро қуриш жараёни тўхтаб қолган эди…

Президентимиз ўта қисқа фурсатда Тошкент метросини кескин равишда кенгайтириш ва яна 30 та янги станция қуришни таклиф этди. Шу жумладан, дарҳол “Юнусобод” линиясида 2 та ер ости метро бекати қурилиши бошлаб юборилди ва 2020 йилда қуриб битказилди. 2017 йили ер усти метроси қуриш бўйича улкан лойиҳа бошланди. Унинг 7 станциядан иборат 11 километрлик дастлабки қисми 2020 йилнинг 29 августида ишга туширилди. Ушбу йўналиш кунига 46 минг йўловчига хизмат кўрсатиш имкониятига эга. Бу йирик лойиҳанинг умумий қиймати 422 миллион долларга тенг, узунлиги 55 километр, бекатлар сони эса 35 та бўлади.

Давоми бор.

Абдулҳошим МУТАЛОВ,
Мустақил Ўзбекистоннинг биринчи Бош вазири

www.uza.uz

Leave a comment

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan