Наврўз – нафақат ўзбек халқи, балки Осиё халқлари томонидан беш минг йилдан ортиқ вақтдан бери кенг нишонланиб келинадиган йилнинг энг асосий байрамларидан биридир. Наврўз бу – баҳор, табиат ва инсониятнинг янгиланиш айёми, янги йил, янги кун элчисидир.
Баҳорнинг энг кутилган айёми арафасида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг озодликдан маҳрум этиш жазосини ўтаётган, қилмишига чин кўнгилдан пушаймон бўлган ва тузалиш йўлига қатъий ўтган 140 нафар шахсларни афв этиш тўғрисидаги яна бир Фармони имзоланди.
Афв этилганларнинг 79 нафари жазони ўташдан муддатидан илгари озод қилинган, 2 нафар маҳкумнинг озодликдан маҳрум этиш жазоси енгилроқ жазо билан алмаштирилган, 59 нафарининг қамоқ муддатлари қисқартирилган.
Фармонга кўра, афв этилганларнинг 13 нафари аёллар, 9 нафари 60 ёшдан ошган шахслар, 12 нафарини эса чет эл фуқаролари ташкил этади.
Сўнгги 2016-2020 йиллар давомида Президентимиз Шавкат Мирзиёев томонидан жазо муддатини ўтаётган, қилмишига чин кўнгилдан пушаймон бўлган ва тузалиш йўлига қатъий ўтган салкам 4,8 минг нафар шахсларни афв этиш тўғрисидаги 15 та Фармон имзоланган, агар 1991-2015 йиллар давомида ҳаммаси бўлиб 300 дан ортиқ маҳкумлар афв этилганлиги билан солиштирадиган бўлсак, бундай юксак инсонпарварлик актларининг моҳиятини англаб олиш мушкул эмас.
Президентимиз сиёсий йўлининг асосий тамойиллари ҳозирги замонавий сиёсатда шаклланиб бораётган янги ва амалий инсонпарварлик мафкурасининг устуни деб ишонч билан айтиш мумкин. Шавкат Мирзиёевнинг янги ғоялар асосида илгари сурилган инсонпарварлик сиёсати асосини халқимизнинг туб манфаатларни ҳимоя қилиш, ҳар бир шахснинг ҳар томонлама камол топишини таъминлаш, юксак маънавий-аҳлоқий инсонпарварлик тамойиллари ва адолат принциплари асосида жамиятни бошқаришнинг янги ҳуқуқий механизмларини шакллантириш ташкил этади.
Давлатимиз раҳбарининг парламентга йўллаган Мурожаатномалари, чиқишларида илгари сурилаётган ғояларнинг мазмун-моҳиятини чуқур таҳлил этар эканмиз, юртбошимизнинг жамиятда инсон энг асосий қадрият сифатида қадрланадиган, давлат органларининг барча ресурслари халқнинг манфаатлари учун хизмат қилишга бўлган қатъиятли интилишини кўрамиз.
Фармонга кўра, барча афв этилганларнинг оддий ҳаётга қайтиб, мослашиб кетишлари учун масъул вазирлик ва идораларга тегишли топшириқлар берилган.
Авваломбор, барчаларининг йиллар давомида меҳрга муҳтож бўлиб кўзлари тўрт бўлиб кутган фарзандлари ва оиласи бағрига қайтишини тасаввур қилиш қийин бўлмайди, бироқ бир томондан уларни нафақат оиласи, балки улар яшаб фаолият юритган жамиятига қайтариш, ҳунарида ва қонун доирасида ҳуқуқларида тиклаш талаб қилинса, иккинчидан барчамизнинг ўз ватандошларимиз бўлган бундай шахсларни тўлақонли ижтимоий мослашуви учун шарт-шароитлар яратилиши ҳақида сўз боради.
Президентимизнинг 2020 йил давомида қабул қилган афв тўғрисидаги Фармонлари ҳам глобал коронавирус пандемияси билан бир пайтга тўғри келсада, жазо муддатини ўтаётган, қилмишига чин кўнгилдан пушаймон бўлган ва тузалиш йўлига қатъий ўтган 616 нафар шахсларни уларнинг жамиятимизга тўлақонли ижтимоий мослашувини таъминлаш борасида барча чоралар кўрилди.
Давлатимиз раҳбарининг 2020 йил 7 декабрь куни Конституция куни муносабати билан Ўзбекистон халқини расман табриклар экан, “Ўзбекистон фуқаролари ҳамиша ўз давлати ва Конституцияси ҳимоясида бўлади ва биз бу тамойилни бундан буён ҳам қатъий амалга оширамиз”, – дея яна бир бор таъкидлаган эди.
Зеро, Президент парламентга бўлган ҳар бир Мурожаатномасида тараққиётимизнинг муҳим глобал вазифаларини баён этар экан, оддий фуқароларнинг хоҳиш-истаклари ва манфаатларини бир зум бўлса ҳам ёдидан чиқармайди. Мамлакат раҳбари илгари сурган барча ташаббуслар фақат ва фақат халқ фаровонлиги ҳақида қайғуриш, мамлакатимиз фуқароларининг хавфсиз ҳаёти асосларини таъминлаш, уларнинг қонуний ҳуқуқ ва манфаатларини тўлақонли амалга ошириш учун барча шарт-шароитларни яратиш руҳи билан ҳамоҳангдир.
Адхам ШОДМОНОВ,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати