Чирчиқ шаҳри инновациялар ва инвестиция шаҳрига айланади – Қонунчилик муаммолари институти
Янгиликлар

Юртимиз ҳаётидаги туб ўзгаришлар Янги Ўзбекистон сари илдамликнинг муҳим мезонидир. Давлатимиз раҳбарининг Тошкент вилоятига ташрифи кутилмаган рақамлар ва улкан марраларга бой бўлди. Президентимиз вилоятдаги 5 та ҳудуд — Чиноз, Қуйи Чирчиқ, Чирчиқ, Юқори Чирчиқ туманлари ва Нурафшон шаҳрининг истиқболига, одамларнинг турмуш тарзи ва яшаш шароитига алоҳида эътибор қаратди. Муҳими, ташриф чуқур ўйланган ва амалий натижалар, галдаги марралар қамраб олинган тартибда бўлди.

Президентимиз Қуйи Чирчиқ туманининг “Сергели” маҳалласидаги “TCT rise” МЧЖ шоличилик кластерининг шолини қайта ишлаш ва сақлаш бўйича фаолиятига ҳам алоҳида эътибор қаратди. Давлатимиз раҳбари ташриф давомида вилоятнинг 7 та шаҳарини ривожлантириш бўйича бош режалари тақдимотига ҳам алоҳида эътибор қаратди.

Юртбошимиз Тошкент вилоятини ривожлантириш учун рекорд даражадаги 119 триллион сўм ажратилишини айтди. Ташриф давомида барчани лол қилган рақам, яъни, 119 триллион сўм миқдоридаги маблағнинг Тошкент вилоятига ажратилиши бу ҳудудни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича марра олинишида мутлақо ўзига хос бўлди.

– Бугун келишимдан мақсад – Тошкент вилоятида ҳам замонга муносиб шароит яратиш. Вилоятда салкам 3 миллион аҳоли бор. 150 минг нафари ишсиз. Шунинг учун ҳар бир маҳалладаги «ўсиш нуқталари»ни топиб, шунга жавобгарларни белгилаб, керакли маблағларни бериб, одамларни иш билан таъминлашимиз керак. Ичимлик суви, электр энергияси, йўл, таълим ва бошқа шароитларни яхшилаш зарур. Бу мақсадлар учун, йирик ва ўрта лойиҳалар учун вилоятга 119 триллион сўм йўналтирилади. Ҳали ҳеч бир вилоятда бундай марра олинмаган, – деди Президент.

Ташрифдаги яна бир муҳим масала. У ҳам бўлса давлатимиз раҳбари томонидан Чирчиқ шаҳрини инновациялар ва инвестиция шаҳрига айлантириш вазифасининг қўйилишидир. Шаҳар ва Тошкент ўртасидаги алоқани яхшилаш учун электричка ёки метро ҳаракати йўлга қўйилиши мумкин. Ҳеч бир вилоят ҳали бундай маблағни ўзлаштирмаган ва бундай ҳажмдаги мақсадларни белгиламаган.

Тошкент вилоятида саноат, қишлоқ хўжалиги, савдо, хизмат кўрсатиш бўйича улкан салоҳият бор. Шунинг учун вилоятга жуда катта марра қўйилди.

Бир сўз билан айтганда, давлатимиз раҳбари томонидан белгилаб берилган вазифалар ижросини таъминлашда бир ёқадан бош чиқариб меҳнат қилсак, кўзланган марраларга, албатта эришамиз.

Носиржон АМИНОВ,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати

www.parliament.gov.uz

Leave a comment

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan