Юртимизда шарқона янги йил шукуҳи ҳукм сурмоқда – Қонунчилик муаммолари институти
Янгиликлар

Мана уч минг йилдан ошибдики, ўзига хоз тарихга эга бўлган Наврўзи олам – шарқона янги йил ўзининг янгиланиш, баҳор нафасини бошлаб келиши, халқимизнинг табиати, онгу тафаккури, қалбига чуқур сингиб кетгани, ҳар қайси оила, ҳар қайси хонадонга шоду хуррамлик олиб кириши билан халқимиз учун энг қадрли, азиз ва суюкли миллий байрам бўлиб келмоқда.

Жумладан, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти томонидан 21 март – Халқаро Наврўз куни деб эълон қилинган. Наврўз ЮНЕСКОнинг Инсоният номоддий маданий мероси рўйхатига киритилган. Ушбу сананинг жаҳон миқёсида кенг нишонланиши унинг халқаро нуфузи ва аҳамияти тобора юксалиб бораётганидан далолат беради.

Тарихий маълумотларга кўра, Наврўз байрами Ўрта Осиёда ислом дини қабул қилинмасдан анча илгарироқ мавжуд бўлган. Жумладан, Наврўз байрами ҳақида Абу Райҳон Берунийнинг «Китоб ат тақвим» ва «Қадимги халқлардан қолган ёдгорликлар» асарларида маълумотлар берилган. Маҳмуд Қошғарийнинг «Девони луғотит турк» асарида баҳорга ва Наврўз байрамига бағишланган халқ лирик қўшиқларидан намуналар учрайди. Умар Хайёмнинг «Наврўзнома» китобида Наврўз байрами ҳақида қимматли маълумотлар мавжуд.

Шу сабабдан ҳам айни кунларда юртимизнинг ҳар бир гўшасида Наврўз тантаналари сабаб, баҳорий таомлару, турли миллий ўйинларга алоҳида урғу берилган. Хусусан, миллий таомларимиздан сумалак, ҳалим, кўк сомса, кўк чучвара кабилар байрам дастурхонининг кўркига айланган.

Наврўз байрами жамиятга ўзининг кечиримлилик ҳамда низо ва адоватлар, гина-аразларни унутишга ундайдиган эзгу фазилатлари билан ҳам алоҳида қадрлидир. Бунга мисол тариқасида ҳар йили давлатимиз раҳбари томонидан билиб-билмай жиноят кўчасига кириб қолган, ўз қилмишидан чин кўнгилдан пушаймон бўлган, тузалиш йўлига қатъий ўтган фуқароларимизнинг афв этилишини мисол қилиб келтиришимиз мумкин.

Жорий йилда ҳам Президентимизнинг “Жазо муддатини ўтаётган, қилмишига чин кўнгилдан пушаймон бўлган ва тузалиш йўлига қатъий ўтган бир гуруҳ шахсларни афв этиш тўғрисида”ги Фармони билан яна 140 нафар фуқаро афв этилди.

Мазкур Фармон билан афв этилган шахсларнинг 4 нафари асосий жазодан тўлиқ озод этилди, 69 нафари жазони ўташдан муддатидан илгари шартли озод қилинди, 8 нафарининг озодликдан маҳрум этиш жазоси енгилроқ жазо билан алмаштирилди. Шунингдек, 59 нафар шахсга тайинланган озодликдан маҳрум этиш жазосининг муддатлари қисқартирилди.

Эндиликда ушбу фуқароларимизга ўз хатоларидан тегишли хулоса чиқариб, тўғри ҳаётга қайтиши, ўз ҳалол меҳнати билан юртимиз тараққиётига ҳисса қўшишлари учун барча имкониятлар яратиб берилади. 

Мавлуда АДХАМЖОНОВА,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати
“Адолат” СДП фракцияси аъзоси

www.parliament.gov.uz

Leave a comment

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan