Халқимизда “Бир кун уруш бўлган жойдан қирқ кун барака кетади”, деган нақл бор. Боиси, қут-барака ариган ерда хотиржамлик, эртанги кунга умид ҳам сўнади. Айрим ғаламислар эса асл муддаоларига етиб, ўз оға-инисига мушт туширган миллат устидан кулиб кетаверади.
Юртимиз кўп миллатли мамлакат. Бир юз ўттиздан ортиқ миллат ва элатлар истиқомат қиладиган ватанимиздаги халқларнинг дўстона ҳаёти, биродарчилик тутимлар асосидаги турмуш тарзи ҳавас қиларлидир.
Қўни-қўшни бўлиб яшаётган, миллий байрамларида бир-бирини қутлаётган юртдошларимизни кўриб, ҳаётдаги энг катта бойлик тинчлик эканлигини чуқур ҳис этасиз.
Бироқ сўнгги икки кунда Қорақалпоғистонда рўй бераётган воқеалар ҳаммамизни саросимага солиб қўйди. Президентимиз 2-3 июль кунлари Нукус шаҳрига ташриф буюриб, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси депутатлари ва жамоатчилик вакиллари билан учрашди.
Қорақалпоғистоннинг ўзига хос этник, маданий хусусиятлари, миллий урф-одат ва қадриятлари, алоҳида ҳуқуқий мақомини эътиборга олиб, лойиҳадаги Қорақалпоғистон Республикасининг ҳуқуқий мақомига оид нормаларни ўзгартиришсиз қолдириш зарурлигини таъкидлади. Бу эса Конституциянинг 70, 71, 72, 74, 75-моддалари ўзгаришсиз қолдирилади, дегани.
Шу нуқтаи назардан, ўзбек ва қорақалпоқ халқлари ўртасидаги қардошлик, ўзаро ҳурмат ва меҳр-оқибат, оғизбирчилигимизни асраб-авайлаш, юртимизда ҳукм сураётган тинчлик ва барқарорлик муҳитини сақлаш барчамизнинг бурчимиздир. Зотан, Янги Ўзбекистон, Янги Қорақалпоғистонни ҳаммамиз биргаликда қурамиз.
Сардор ҒИЁСОВ,
Олий Мажлис Қонунчилик
палатаси депутати
www.parliament.gov.uz