Кўп квартирали уй-жой фондини сақлаб туриш ва улардан фойдаланиш соҳасида жами 37 мингдан ортиқ кўп квартирали уйлардан фойдаланишнинг техник хавфсизлик қоидаларига риоя этилишини ўрганилган.
Натижада 61 мингдан ортиқ ҳолатда кўчмас мулк эгалари томонидан уй-жой фонди ва унга туташ ҳудудларда ўзбошимчалик билан қурилмалар барпо этилиши ҳолатлари аниқланган.
Бироқ ноқонуний қурилмаларни мажбурий тартибда бартараф этишга оид судларга аризалар тақдим этишда олдиндан давлат божи тўловини амалга ошириш белгиланганлиги туфайли ушбу мазмундаги материалларни судларга тақдим этишда бир қатор қийинчиликларни келтириб чиқарган.
Сенат ялпи мажлисида “Кўп квартирали уйларни бошқариш тизими такомиллаштирилаётганлиги муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун кўриб чиқилганда шу ҳақда гап борди.
Қонунчиликка мувофиқ уй-жой мулкдорлари ширкатлари кўп квартирали уйга туташ ер участкасини ободонлаштириш бўйича ҳамда аҳолига бошқа хизматлар кўрсатилган ва ишлар бажарилган тақдирда, хизматлар кўрсатиш учун тегишли солиқ тўловларидан озод этилган.
Бироқ бошқарув ташкилотлари фаолиятига нисбатан ушбу имтиёзлар татбиқ этилмаётганлиги турли келишмовчиликларни юзага келтирмоқда.
Ушбу бўшлиқни бартараф этиш мақсадида ишлаб чиқилган ушбу қонун билан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга, Солиқ кодексга, Давлат божи тўғрисидаги Қонунга ўзгартиш ва қўшимчалар киритилмоқда.
Сенат раиси Танзила Норбоева кўп қаватли уйларга хизмат кўрсатиш соҳаси анча йиллар эътибордан четда қолгани оқибатида назоратсизлик юз берганини қайд этди. Ҳозир бошқарув компаниялари оммалашмоқда. Лекин улар ҳам ҳали аҳолининг ишончини тўла оқлаётгани йўқ. Муаммолар етарлича. Булар асосан маблағ билан боғлиқ. Шунинг учун бошқарув компанияларига солиқ имтиёзлари берилиши уларнинг молиявий ҳолати яхшиланиши ва пировардида хизмат кўрсатиш сифати ошишига хизмат қилади.
– Киритилаётган ўзгартиришлар – берилаётган имкониятлар, имтиёзлар, ваколатлар, чекловлар замирида биринчи навбатда аҳоли манфаатлари ётибди, – деди Танзила Норбоева. – Кўп квартирали уйларда бир хонадондаги ўзгариш (деворларни бузиш, кенгайтириш, биринчи қаватдагилар қўшимча иморатлар солиши ва ҳ.к.) бошқа хонадонларга таъсир қилмай қолмайди. Бефарқлик, масъулиятсизлик сабабли мазкур масала кўп вақт эътибордан четда қолгани ҳам ҳақиқат. Энди аниқ жавобгарлик белгиланмоқда: мансабдорга ҳам, жисмоний шахсга ҳам.
Қонуннинг ҳаётга татбиқ этилиши натижасида коммунал хизмат кўрсатиш соҳасида, шу жумладан, кўп квартирали уйларни сақлаш ва ундан фойдаланишда қонун бузилиш ҳолатларининг олдини олишга ҳамда аҳолининг хавфсиз яшашига шароит яратиб берилишига эришилади.