Қўмита аъзолари томонидан 37 та депутат сўрови юборилди – Қонунчилик муаммолари институти
Янгиликлар

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Фуқароларнинг соғлиғини сақлаш масалалари қўмитаси “Тиббиёт соҳасидаги ислоҳотлар: кеча ва бугун” мавзусида матбуот анжумани ўтказди.

Унда қўмитанинг 2021 йилдаги фаолияти юзасидан журналистларга ахборот берилди.

Таъкидланганидек, кейинги йилларда мамлакатимизда Президентимиз раҳбарлигида соғлиқни сақлаш тизимининг барча даражасида тиббий хизмат кўрсатиш кўламини кенгайтириш ва сифатини оширишга қаратилган изчил ислоҳотлар амалга оширилди. Хусусан, тизимни тубдан яхшилаш бўйича давлатимиз раҳбарининг қатор фармон ва қарорлари қабул қилиниб, аҳоли соғлиғини муҳофаза қилишга давлат сиёсатининг энг муҳим йўналиши сифатида эътибор қаратиб келинмоқда.

Президентимиз Олий Мажлисга Мурожаатномасида аҳоли саломатлигини асраш ва мустаҳкамлаш борасидаги туб ислоҳотларни янги босқичга кўтариш, бунда аҳоли, айниқса, ёшларимиз ўртасида соғлом турмуш тарзини кенг тарғиб этиш – энг устувор йўналишлардан бири бўлиши лозимлигини таъкидлаган эди.

Шу боис, қўмита ўз фаолиятини Мурожаатномасида ҳамда “Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили”да амалга оширишга оид Давлат дастурида белгиланган вазифалардан келиб чиқиб, Қонунчилик палатасининг ва қўмитанинг 2021 йилга мўлжалланган иш режалари асосида амалга оширди.

Ҳисобот даврида қўмита 5 та қонун лойиҳасига масъул бўлиб, шундан 4 таси Вазирлар Маҳкамаси томонидан киритилган бўлса, 1 таси қўмита аъзолари томонидан қонунчилик ташабус билан киритилган.

Ўтган даврда қўмита 10 та назорат-таҳлил тартибидаги тадбирлар ташкил этган бўлиб, шундан 5 таси қонун ҳужжатларининг ижро этилиши ҳолатини ўрганишга, яна шунчаси давлат органлари раҳбарларининг ахборотини эшитишга тааллуқлидир.

Қўмита аъзолари назорат-таҳлил тадбирлари доирасида “Фуқароларнинг репродуктив саломатлигини сақлаш тўғрисида”ги қонуннинг 8, 10 ва 15 моддалари ижросини назорат-таҳлил тарзида Тошкент шаҳри ва Тошкент вилояти мисолида ўрганди.

Шунингдек, жойларда сайловчилар томонидан кўтарилган муаммолар ва унинг ечими юзасидан “Парламент назорати тўғрисида”ги қонунга мувофиқ, қўмитада тайёрланган жавоблар ҳамда улар юзасидан тегишли давлат органлари, хўжалик бошқаруви органларига 2021 йилда 37 та депутат сўрови юборилди.

Ҳисобот даврида қўмита Давлат дастурида белгиланган вазифаларни ўз вақтида бажарилишига алоҳида эътибор қаратган ҳолда, ташкилий-амалий тадбирлар доирасида 151, шундан 77 та давра суҳбати ва 74 та семинар ўтказди.

Аҳамиятлиси, шу даврда халқ билан очиқ ва самарали мулоқот олиб бориш, жойларда аҳолини қийнаётган муаммоларни ҳал қилиш депутатлар фаолиятининг асосий мезонига айланди. Қўмита фаолиятида фуқаролар мурожаатларини ўз вақтида ва тўлиқ ўрганиш, улар юзасидан қонуний чоралар кўришга катта аҳамият берилди. 

Анжуман якунида Фуқароларнинг соғлиғини сақлаш масалалари қўмитасининг ўтган даврдаги фаолиятига бағишланган ахбороти маълумот учун қабул қилинди.

www.parliament.gov.uz

Leave a comment

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan