Тараққиёт стратегиясининг “Йўл харитаси”да мамлакатимизни ривожлантиришнинг 7 та устувор йўналиши доирасида қарийб 100 та мақсадларга эришиш белгиланган.
Дастурнинг вазифа – инсон қадр-қимматини ошириш ва эркин фуқаролик жамиятини янада ривожлантириш орқали халқ давлатини барпо этиш, адолат ва қонун устуворлиги тамойиллари асосида мамлакатимизни ривожлантириш ҳисобланади.
Шунингдек, дастурда миллий иқтисодиётни ривожлантириш, унинг ўсиш суръатларини замон талаблари даражасида таъминлаш устувор йўналишлардан бири этиб белгиланган. Унга кўра, 15 та муҳим мақсадлар (21-36 мақсадлар) бўйича иқтисодиётнинг муҳим тармоқларида ислоҳотлар ўтказилиши белгиланган.
Мазкур устувор йўналиш доирасида аҳоли жон бошига тўғри келадиган ялпи ички маҳсулотни 60 фоизга, саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажмини 40 фоизга ошириш орқали барқарор иқтисодий ривожланишга эришиш мақсад қилинган.
Хусусан, миллий иқтисодиётни ривожлантириш, унинг ўсиш суръатларини замон талаблари даражасида таъминлаш йўналишида қатор мақсадларга эришишга қаратилган 133 та чора-тадбирлар белгиланмоқда.
Жумладан, аҳоли жон бошига тўғри келадиган ялпи ички маҳсулотни 1,6 баравар ҳамда саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажмини 1,4 баравар кўпайтириш, банк тизимида хусусий сектор улушини амалдаги 18 фоиздан 60 фоизгача ошириш ҳамда фонд бозори ҳажмини 7 миллиард долларга етказиш белгиланган.
Шунингдек, қўшилган қиймат солиғини амалдаги 15 фоиздан 12 фоизгача, телекоммуникация, банк ва молия каби соҳаларда фойда солиғини амалдаги 20 фоиздан 15 фоизгача тушириш, иқтисодиётнинг энергия самарадорлигини 20 фоизга ошириш ва ҳавога чиқариладиган зарарли газлар ҳажмини 10 фоизга қисқартириш, рақамли иқтисодиёт ҳажмини 2,5 баравар кўпайтириб, дастурий маҳсулотлар индустрияси ҳажмини 500 миллион долларга етказиш белгиланган.
Шу билан бирга, иқтисодиётга 120 миллиард, шу жумладан, 70 миллиард доллар миқдорида хорижий инвестицияларни жалб этиш, экспорт ҳажмини 30 миллиард долларга етказиш, деҳқон ва фермерлар даромадини камида 2 баравар ошириш, қишлоқ хўжалигининг йиллик ўсишини камида 5 фоизга етказиш, сув ресурсларини бошқариш тизимини тубдан ислоҳ қилиш ва сувни тежаш бўйича алоҳида давлат дастурини амалга ошириш, ҳар йили камида 7 миллиард метр куб сувни тежаш режалаштирилган.
Қолаверса, чорвачилик озуқа базасини кенгайтириш ва ишлаб чиқариш ҳажмини 1,5-2 баравар кўпайтириш, мева-сабзавотчиликни ривожлантириш, интенсив боғлар майдонини 3 баравар ва иссиқхоналарни 2 баравар кўпайтириб, экспорт салоҳиятини 1 миллиард долларга ошириш белгиланган.
Энг муҳими, шароити “оғир” бўлган 14 та туманларда тадбиркорликни ривожлантириш учун пасайтирилган солиқ ставкаларини ўрнатиш, “Ўзбекистон бўйлаб саёҳат қилинг” дастури доирасида маҳаллий сайёҳлар сонини 12 миллиондан ошириш ҳамда хорижий туристлар сонини 9 миллионга етказиш белгиланган.
– Эътиборли жиҳати мазкур устувор йўналишдаги вазифаларнинг муваффақиятли ижро этилиши кўп жиҳатдан парламент фаолияти билан боғлиқ, – дейди Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги Қонунчилик муаммолари ва парламент тадқиқотлари институти бош илмий ходими Рустамбек Сайидов, – Сабаби, миллий иқтисодиётни ривожлантириш, унинг ўсиш суръатларини замон талаблари даражасида таъминлаш мақсадида 9 та қонун ва 1 та Олий Мажлис палаталарнинг қарорини қабул қилиш назарда тутилмоқда.
Масалан, “Рақобат тўғрисида”ги ва “Табиий монополиялар тўғрисида”ги қонунларни бирлаштиришни назарда тутувчи қонунни қабул қилиш илгари сурилган. Ушбу ташаббусни ҳаётга татбиқ этиш орқали давлатнинг тадбиркорлик фаолиятида иштирок этиш ҳоллари ва унга нисбатан монополияга қарши талабларни белгилаш, табиий монополия ҳолатини аниқлаш бўйича ҳуқуқий инструментларни кенгайтириш, бозордаги устунлик мавқеини аниқлаш мезонларини такомиллаштириш, давлат кўмаги (имтиёз ва преференциялар) шакллари ва уларни тақдим этишга нисбатан монополияга қарши талабларни белгилаш, биржа савдоларида манипуляцияларнинг мезонларини ва жавобгарликни кучайтириш мумкин.
Тараққиёт стратегиясининг бошқа йўналишлари каби иқтисодий йўналишдаги ташаббусларнинг рўёбга чиқиши учун Олий Мажлиснинг ҳар икки палатаси тегишли вазирлик ва идоралар билан ҳамкорликда иш олиб бориши ҳамда ишлаб чиқилган “Йўл харитаси”га мувофиқ белгиланган вазифаларнинг ўз вақтида ва мақсадли амалга оширилиши устидан парламент назоратини ўрнатиш зарур.