Жорий йил 2 апрель куни Олий Мажлис Сенати Суд-ҳуқуқ масалалари ва коррупцияга қарши курашиш қўмитасининг Ишчи гуруҳи йиғилиши бўлиб ўтди. Унда Сенатнинг навбатдаги ялпи мажлисига Қўмита томонидан киритилиши режалаштирилган “Ўзбекистон Республикасида чет эл фуқароларининг ва фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг ҳуқуқий ҳолати тўғрисида”ги Қонуни кўриб чиқилди.
Қайд этилганидек, Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг хориждаги, чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг республикадаги меҳнат фаолиятини тўғри йўлга қўйиш мақсадида мамлакатдан чиқиш ва унга киришни ташкил этиш тизими ва механизмларини тартибга солиш, шунингдек, меҳнат органларининг фаолиятини ривожлантириш бўйича муайян ишлар амалга оширилмоқда.
Шу билан бирга, хорижий мигрантларнинг кириб келишига танловга оид ёндашувга асосланган дифференциялаштирилган иммиграция сиёсатига қаратилган зарур чоралар кўрилмоқда.
Ушбу Қонун Ўзбекистон Республикаси ҳудудида хорижий фуқаролар ва фуқаролиги бўлмаган шахслар, шунингдек, хорижий давлатларнинг малакали мутахассислари томонидан меҳнат фаолиятини амалга ошириш учун қулай шарт-шароитлар яратиш мақсадида ишлаб чиқилган.
Ҳужжатда Ўзбекистон Республикасида чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг асосий ҳуқуқлари, эркинликлари ва мажбуриятлари, уларга сиёсий бошпана бериш, уларнинг Ўзбекистон Республикасида киришлари ва чиқишлари, давлатимиз ҳудуди орқали транзит ўтишлари ва қоидаларини бузган ҳолда жавобгарлиги, республикамизда бўлиш тартиби ва муддатини қисқартириш, шунингдек, ҳаракатланиши ва вақтинча яшаш жойи (доимий яшаш жойи)нинг танлаши, меҳнат фаолияти ва бошқа ҳуқуқлари батафсил белгиланган.
Қонуннинг қабул қилиниши республикада чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг ҳуқуқий мақомини тартибга солишнинг яхлит тизимини ўрнатишга, 1990-2000 йилларда қабул қилинган турли (асосан қонуности) қонун ҳужжатлари билан шакллантирилган ҳуқуқий асосларни унификациялаш ва чет эл фуқаролари ёки фуқаролиги бўлмаган шахслар билан муносабатларнинг давр талабига мослаштиришга хизмат қилади.
Бундан ташқари, ҳужжат билан меҳнат муносабатлари соҳасида давлат органлари ва бошқа ташкилотлар билан ўзаро ҳамкорлик қилишнинг шаффоф ва очиқ тартиби яратилади, чет эл фуқароларининг давлат хизматларидан кенг фойдаланиш имкониятини берилади.
Қонун юзасидан Қўмита аъзолари, экспертлар ва мутахассислар томонидан бир қатор таклиф ва тавсиялар берилди.