2020 йилда Ҳисоб палатаси томонидан бюджет тизими бюджетларининг ва белгиланган тартибда ташкил этилган бошқа жамғармаларнинг амалга оширилаётган харажатлари самарадорлиги ҳамда қонунийлигини аудитдан ўтказиш, бу харажатларни барча даражаларда қисқартириш имкониятларини аниқлаш юзасидан 41 та назорат тадбири ўтказилган.
Давлатимиз раҳбарининг 2020 йил 19 мартдаги тегишли фармонига асосан ташкил этилган Инқирозга қарши курашиш жамғармасидан ажратилган маблағлар мақсадли ва самарали фойдаланилиши юзасидан Молия вазирлиги билан ҳамкорликда доимий мониторинг ва текширишлар олиб борилган.
Унда коронавирусга қарши курашиш тадбирлари, тиббиёт, карантин муассасаларини қуриш учун жамғармадан йўналтирилган 4,9 трлн сўмлик маблағлар сарфининг қонунийлиги текширилган ва бу жараёнда махсус устама ва рағбат пулларини тўлаш, харидларни амалга ошириш, товар моддий бойликларнинг кирим-чиқими, улардан самарали фойдаланишгача бўлган барча босқичларда қонун бузилишларга йўл кўйилгани аниқланган.
Биргина харидларни амалга оширишда ташкилот ва муассасалар томонидан қиммат нархларда шартномалар тузилиши натижасида 34,6 млрд сўм маблағлар ортиқча сарфланган. Соғлиқни сақлаш тизими айрим муассасаларида коронавирус касаллигини даволаш тўхтатилган бўлса-да, молиялаштириш ишлари тўхтатилмасдан 31,7 млрд сўм жамғарма маблағлари бошқа мақсадларга йўналтирилган.
Бу ҳақда Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги ЎзЛиДеП фракциясининг навбатдаги йиғилишида алоҳида таъкидланди. Йиғилишда халқ вакиллари Ўзбекистон Республикаси Ҳисоб палатасининг 2020 йилдаги фаолияти тўғрисидаги ҳисоботини эшитди.
Таъкидланганидек, ўтган йили Ҳисоб палатаси томонидан ишчи гуруҳлар тузилиб “Саховат ва кўмак” умумхалқ ҳаракати доирасида Тошкент ва Қашқадарё вилоятларида жойларга чиққан ҳолда эҳтиёжманд оилаларнинг турмуш шароитлари ва уларга кўрсатилаётган ёрдамлар ҳолати ўрганилган. Масалан, Тошкент вилоятида 40 474 та (163,2 минг аҳоли), Қашқадарё вилоятида эса 52 246 та (229,7 минг аҳоли) эҳтиёжманд оилалар рўйхатини шакллантириш ва улар билан ишлашда айрим камчиликлар аниқланиб, уларни бартараф этиш чоралари кўрилган.
Айрим жойларда камбағалликдан чиқариш, ишсиз аҳолининг бандлигини таъминлаш бўйича тизимли ишлар ташкил этилмагани, хусусан, кўрсатилган ёрдамлар такрорий ёки ошириб кўрсатилиши натижасида 1 800 та кўмакларнинг 3,2 млрд сўми (6,5 фоизи) ўз тасдиғини топмагани, 389,7 млн сўмлик 317 та ёрдамлар бўйича маҳсулотлар аҳолига тўлиқ етказиб берилмагани маълум бўлган.
Эҳтиёжманд оилаларнинг бандлигини таъминлаш бўйича Тошкент вилоятида 2 878 нафар фуқаро доимий, 4 909 нафар фуқаро мавсумий, Қашқадарёда 956 нафар фуқаро доимий, 5 843 нафар фуқаро мавсумий иш билан таъминлангани кўрсатилган бўлсада, лекин ўрганишлар чоғида 442 нафар фуқаролар иш билан банд қилингани ўз тасдиғини топмаган.
Давлат қарзини самарали бошқариш ва жалб қилинаётган қарзлардан мақсадли фойдаланиш ҳолатини ўрганиш мақсадида Ҳисоб палатаси томонидан Ўзбекистон Республикаси давлат ташқи қарз маблағларини жалб қилган ҳолда 2010-2019 йилларда якунланган умумий қиймати 12,6 млрд долларлик 81 та лойиҳалар ҳолати вазирлик ва идораларни тақдим этган маълумотлар ҳамда статистик кўрсаткичлар асосида масофавий таҳлил қилинган.
Мазкур лойиҳалар бўйича амалда 11,5 млрд доллар (умумий қийматга нисбатан 91 фоиз) микдоридаги маблағлар ўзлаштирилган бўлиб, шундан 7,1 млрд доллар (92 фоиз) давлат ташқи қарз маблағлари жалб этилган. Ушбу лойиҳалар 18 та вазирлик, идора ва хўжалик бирлашмалари масъуллигида амалга оширилган ва 9 691 та янги иш ўринлари яратилган.
Йиғилишда фракция аъзолари таҳлилларда 3,1 млрд доллар миқдоридаги давлат ташқи қарз маблағларини жалб қилган ҳолда амалга оширилган 24 та лойиҳаларда муаммолар мавжудлигини айтиб, нега 16 та лойиҳада белгиланган муддатлардан кечикиш, 5 та лойиҳада ишларни якунига етказмаслик ҳамда 14 та лойиҳани тўлиқ қувватда ишламаслик ҳолатлари мавжудлиги билан қизиқдилар.
Қайд этилишича, айрим масъуллар томонидан лойиҳалар ҳолати ва самарадорлик кўрсаткичларига эришилиши бўйича мониторинглар олиб борилмаган. Муаммоли масалалар ва уларни ҳал этиш юзасидан етарли чоралар кўрилмаган. Жумладан, ташқи қарз маблағларини жалб қилган ҳолда амалга оширилган 16 та лойиҳалар бир неча йилгача кечиктириб фойдаланишга топширилган. Ушбу лойиҳалар бўйича 1 085,5 млн доллар миқдорида ташқи қарз маблағлари жалб қилиниши кўзда тутилган бўлса, амалда 855,8 млн доллар ёки 79 фоиз маблағлар ўзлаштирилган.
Фракция аъзолари мавжуд муаммоларни, бюджет интизомига риоя қилиш ҳолатини ҳар томонлама ўрганиш муҳимлигини айтиб, Ҳисоб палатасига назорат тадбирларини амалга ошириш чоғида Давлат бюджетининг ижроси соҳасидаги ҳуқуқни қўллаш амалиётини яхшилаш бўйича зарур чора-тадбирлар кўришга алоҳида эътибор қаратишни таклиф этдилар.
Муҳокамалар давомида билдирилган фикр-мулоҳазалар инобатга олиниб, ЎзЛиДеП фракцияси Ўзбекистон Республикаси Ҳисоб палатасининг 2020 йилги ҳисоботини маъқуллади.
Йиғилишда фракция ваколатларига кирувчи бошқа масалалар ҳам муҳокама этилиб, тегишли қарорлар қабул қилинди.