“Ташаббусли бюджет” орқали фуқаролар томонидан илгари сурилган лойиҳалар учун жами 1,1 трлн сўм маблағ йўналтирилади – Қонунчилик муаммолари институти
Янгиликлар

Маълумки, Сенат томонидан халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари фаолиятини самарали ташкил этиш ва уларни методик қўллаб-қувватлаш, депутатларнинг амалий кўникмаларини ва малакасини ошириб бориш мақсадида доимий равишда ўқув-семинарлар ташкил этиб бориш анъанага айланди.

Жорий йилнинг 19 апрель куни парламентнинг юқори палатасида онлайн тарзда навбатдаги ўқув-семинар бўлиб ўтди. Унда халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларининг тегишли доимий комиссиялари раислари, котибият мутахассислари, маҳаллий ҳокимликлар юридик хизмат вакиллари иштирок этди. Семинар бир қатор долзарб масалаларга бағишланди.

Жумладан, дастлаб маҳаллий вакиллик ва ижро ҳокимияти органлари норма ижодкорлиги фаолиятида қонунийликни таъминлаш ҳамда ҳуқуқни қўллаш борасидаги масала кўриб чиқилди. Бу борада Адлия вазирлиги вакили ўз маърузаси билан иштирок этиб, мавзу доирасида атрофлича ахборот бериб ўтди. Бу орқали иштирокчилар маҳаллий давлат ҳокимияти органларида норма ижодкорлиги фаолияти бўйича қонун ҳужжатларидаги янгиликлар билан яқиндан таништирилди.

Маҳаллий вакиллик ва ижро ҳокимияти органлари томонидан ҳуқуқни қўллаш борасида йўл қўйилаётган камчиликлар ҳамда келгусида бундай камчиликларнинг олдини олиш масалалари бўйича тегишли тавсиялар берилди.

Шунингдек, 2021 йил 1 июлдан жорий этилган маҳаллий давлат ҳокимияти органлари томонидан қабул қилинадиган қарорларни ишлаб чиқиш, келишиш ва рўйхатдан ўтказишнинг ягона электрон тизими – “Е-qaror” электрон тизими, унинг имкониятлари ва қулайликлари ҳақида атрофлича ахборот берилди.

“E-qaror” электрон тизимининг жорий этилиши бугунги кунда қарорларнинг қонунчилик асосида қабул қилинишига, уларни ишлаб чиқишда инсон омили ва аралашуви камайишига, шунингдек қарорлар билан аҳолининг доимий равишда танишиш имконияти яратилишига ҳамда шаффофлик таъминланишига хизмат қилмоқда.

Бундан ташқари, семинарда 2022 йилнинг биринчи чорагида ўтказилган ташаббусли бюджет жараёни натижалари, ғолиб лойиҳаларни амалга ошириш учун молиялаштириш масалалари бўйича Молия вазирлиги вакилининг ахбороти тингланди.

Маълумки, 2021 йилда Молия вазирлиги томонидан “Очиқ бюджет” (openbudget.uz) платформаси ишга туширилган бўлиб, ушбу платформада “Ташаббусли бюджет” фаолияти ҳам йўлга қўйилган.

“Ташаббусли бюджет” орқали бугунги кунда кенг жамоатчилик ўзлари яшаб турган ҳудуддаги муаммоларни бартараф этиш бўйича лойиҳаларни таклиф этиб, маҳаллий бюджетнинг тақсимланишида бевосита иштирок этиб келмоқда.

Семинарда қайд этилишича, 2022 йилнинг биринчи чорагида ўтказилган ташаббусли бюджетлаштириш жараёни натижалари бўйича фуқаролар томонидан илгари сурилган 2 215 та лойиҳа ғолиб деб топилиб, ушбу лойиҳаларни амалга ошириш учун жами 1,1 трлн сўм маблағ йўналтирилиши кўзда тутилган. Бундан ташқари, жараёнларда ғолиб деб топилмаган, ҳар бири 2 мингдан ортиқ овоз тўплаган яна 139 та лойиҳани амалга ошириш учун қўшимча равишда 85,4 млрд сўм маблағ ажратилиши белгиланди.

Жамоатчилик фикри асосида шакллантирилган ушбу тадбирларнинг ўз вақтида молиялаштирилиши, ижроси таъминланиши, ўз навбатида, депутатлик назоратини олиб боришни тақозо этади. Шу боис халқ вакили сифатида маҳаллий Кенгаш депутатларининг назорат тадбирларини олиб бориш бўйича зарур тавсиялар берилди.

“Ташаббусли бюджет” тизими фуқароларни бюджет жараёнига жалб қилиш орқали жойларда аҳолини қийнаб келаётган турли даражадаги ва йўналишдаги муаммоларнинг ечимини топишга бевосита хизмат қилиб қилмоқда.

Ўқув-семинарда маҳаллий Кенгаш депутатлари, котибият вакиллари ҳам сўз олиб, кун тартибидаги масалалар юзасидан ўз таклиф ва фикр-мулоҳазаларини билдирдилар.

www.senat.uz

Leave a comment

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan