Сўнгги беш йилда мамлакат иқтисодиёти 24 фоизга ошди – Қонунчилик муаммолари институти
Янгиликлар

Мамлакатимизда олиб борилаётган барча соҳалардаги кенг қамровли ислоҳотлар замиридаги асосий мақсад юқори иқтисодий ўсиш суръатларига эришиш ва бунинг натижасида аҳолининг фаровонлигини оширишдир. Шубҳасиз, жаҳон ҳамжамияти билан савдо алоқаларини ривожлантириш, тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни жалб қилиш орқали инфратузилма ҳамда йирик қўшимча қиймат яратишга ихтисослашган лойиҳаларни амалга ошириш орқали янги иш ўринлари яратиш иқтисодий ўсишни таъминлашнинг муҳим омили ҳисобланади.  
  
Таъкидлаш жоиз, 2017-2021 йилларда мамлакатни ривожлантиришнинг 5 та устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси доирасида тизимли ишлар амалга оширилиши натижасида сўнгги беш йилда мамлакат иқтисодиёти 24 фоизга, жалб этилган хорижий инвестициялар миқдори 3 баробарга, экспорт ҳажми 1,6 баробар, аҳоли реал даромадларини эса 2,2 баробар оширишга эришилди.   

Бундай ижобий натижалар, энг аввало, яқин қўшни давлатлар билан очиқлик ва ўзаро ишончга асосланган ҳамкорлик ришталари қайта тиклангани, божхона ва солиқ маъмурчилигининг соддалаштирилиши каби ислоҳотлар самарасидир.

Шу билан бирга, валюта бозорининг эркинлаштирилиши, инвестиция муҳити яхшилангани, хусусий мулкнинг ҳуқуқий ҳимоя қилиниш, давлатнинг иқтисодиётдаги улушини камайтириш ҳамда ерни бозор активига айлантириш бўйича олиб борилган ислоҳотлар юқори натижаларга замин бўлди.  

Давлатимиз томонидан олиб борилаётган очиқ, прагматик ва ўзаро манфаатга асосланган ташқи сиёсат ҳамда тадбиркорлик учун қулай инвестицион муҳит яратилганлиги боис Ўзбекистон дунё бозорининг  муносиб иштирокчисига айланиб бормоқда. 2021 йил якуни билан товарлар ва хизматлар экспорти 12 миллиард 130 миллион долларни ташкил этиб, 2020 йилга нисбатан 132 фоизга ёки 2,9 миллиард долларга ўсиши таъминланди. Йил якуни бўйича 1 минг 950 та янги корхона экспорт фаолиятига жалб этилиб, уларнинг сони 6 минг 500 тага етди. 

Маиший техникалар ва уларнинг эҳтиёт қисмлари, комплекс минерал ўғит, глютен, карбонат аммоний, желатин каби 138 турдаги янги маҳсулотлар экспорти ўзлаштирилиб, экспорт номенклатураси 2 минг 500 тага етказилди.Нидерландия, Бельгия, Дания, Люксембург каби Европа Иттифоқи давлатларига мева-сабзавот, Швейцария, Германия, Португалия давлатларига тикув-трикотаж маҳсулотлари, жами 41 та давлат бозорига илк маротаба экспортга чиқарилиши натижасида товарлар экспорти географияси 109 тага етказилди. 

Экспортёр корхонларни доимий равишда молиявий қўллаб-қувватлаш мақсадида Экспортни рағбатлантириш агентлиги томонидан корхоналарнинг транспорт харажатлари, халқаро кўргазма ва ярмаркаларда иштирок этиш, хорижда реклама кампанияларини ўтказиш ва суғурта полисларини олиш каби харажатларини қоплаб бериш учун 2021 йилда жами 330,5 млрд сўмлик молиявий ёрдам кўрсатилди. 

Айтиш мумкинки, ўзаро ҳамкорлик йўлидаги изчил ва амалий мулоқотлар ўз самарасини бермоқда. Мисол учун 2021 йилнинг 10 апрелидан Ўзбекистон ЕИнинг барқарор ривожланиш ва самарали бошқарув бўйича махсус преференциялар тизими (“GSP+”) доирасида бенефициар мамлакат сифатида қабул қилинди. Бунинг натижасида Ўзбекистон ЕИга қатор маҳсулотларни имтиёзли шартларда етказиб бериш имкониятига эга бўлди.  

Ушбу тизим республикамизда ишлаб чиқариладиган 6 мингдан зиёд турдаги маҳсулотларни Европа бозорига бож тўламасдан олиб кириш ва экспорт салоҳиятини оширишимизга имкон яратади. Биргина тўқимачилик маҳсулотларининг ЕИга йиллик экспортини 300 миллион долларга етказилиш имконияти мавжуд. Шу билан бирга, (“GSP+”) мақомига эга бўлиш мамлакатимизда  замонавий стандарт ва технологияларни татбиқ этилиши, зарур билим ва кўникмаларга эга бўлиш, ҳар бир соҳада сифат кўрсаткичларининг юқори даражада бўлишига замин яратади.   

2021 йилнинг 1 ноябрида Ўзбекистоннинг Буюк Британиянинг Кенгайтирилган GSP тизими аъзолигига биринчилардан бўлиб расман қабул қилинишини ҳам тарихий воқеа бўлди, десак муболаға бўлмайди. Тизим доирасида Буюк Британияга Ўзбекистондан 7800 дан ортиқ товарлар бож тўловисиз экспорт қилиниши мумкин. 

Сўзсиз Жаҳон савдо ташкилотига қўшилиш масаласи

Ўзбекистон учун устувор аҳамиятга эга. Ҳозирда ЖСТга аъзо бўлиш бўйича ишчи гуруҳининг бўлажак 5-йиғилишига қизғин тайёргарлик кўрилмоқда. ЖСТ котибияти ҳамда ЕИ томонидан ҳам Ўзбекистонни ЖСТга қўллаб-қувватлаш бўйича техник ёрдам кўрсатилиш кўлами кенгайтирилмоқда. ЖСТга аъзо бўлиш мамлакатимизда савдони либераллаштириш, ўзаро товар айирбошлаш, инвестицияларни кўпайтириш ва энг муҳими, дунё бозорида ўзининг ўрнини мустаҳкамлаш ва нуфузини оширишга хизмат қилади. 

2021-2026 йилларга мўлжалланган Тараққиёт стратегиясида ҳам иқтисодиётни юқори суръатларда ўсишини таъминлаш, хусусан, яқин беш йилда иқтисодиётга 120 млрд доллар, шу жумладан, 70 млрд доллар хорижий инвестициялар жалб этиш, экспорт ҳажмини йилига 30 млрд доллардан ошириш каби улкан мақсадлар белгилаб олинган. 

Белгиланган мақсадларга эришиш учун эса янгича ёндашув асосида тинимсиз меҳнат, ватанпарварлик, давлат, жамият ва фуқароларнинг муштарак бўлиши талаб этилади. 

Нодир ТИЛАВОЛДИЕВ, 
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси  
Меҳнат ва ижтимоий масалалар қўмитаси ўринбосари

www.parliament.gov.uz

Leave a comment

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan