Дастурлар, жамғармалар ва агентликлар фаолияти: Ўзбекистон ва БМТ ҳамкорлигига 30 йил… – Қонунчилик муаммолари институти
БМТ Ўқув маркази мақолалари Янгиликлар

Бирлашган миллатлар ташкилоти, бу – дунёда тинчлик ва барқарорликни таъминлаш мақсадида ташкил этилган, жаҳон мамлакатлари интеграциясида муҳим ўринга эга бўлган халқаро ташкилот.

Унга 1992 йил 2 мартда, яъни демократик ислоҳотларнинг илк босқичларидаёқ Ўзбекистоннинг аъзо бўлганлигини юксак ишонч ва халқаро ҳамкорликнинг янги тарихий саҳифаси дея талқин этсак, муболаға бўлмайди.

Дунё мамлакатларида ижобий хусусиятлар билан бирга салбий кўринишлар ҳам касб этаётган ҳозирги глобаллашув жараёнида БМТ ва Ўзбекистон ҳамкорлиги нафақат халқаро майдондаги дипломатик муносабатларда, балки содир бўлаётган ижтимоий-сиёсий жараёнларда ҳам акс этмоқда. 

Бугунги кунда юртимизда БМТнинг ўндан ортиқ дастурлари, жамғармалари ва агентликлари, жумладан, Тараққиёт дастури, Таълим, фан ва маданият масалалари бўйича ташкилоти (ЮНEСКО), Аҳоли қатламлари фонди (ЮНФПА), Халқаро Болалар ташкилоти (ЮНИСEФ), Жаҳон Соғлиқни Сақлаш Ташкилоти (ЖССТ), БМТ Гиёҳванд моддалар ва жиноятчилик бўйича бошқармаси (ЮНДОК), ОИВ/ОИТС бўйича қўшма дастури (ЮНАИДС), Ахборот ва ижтимоий алоқалар бўйича бўлими, Қочоқлар ишлари бўйича Олий Комиссар бошқармаси, Саноат Тараққиёти Ташкилоти (ЮНИДО), Кўнгиллилар дастури (ЮНВ) фаолият олиб бормоқда. 

Шунингдек, БМТнинг Европа иқтисодий комиссияси (БМТ ЕИК) билан ҳамкорлик алоқалари йўлга қўйилган. Ўз навбатида, Нью-Йорк ва Женева шаҳарларидаги БМТ қароргоҳларида Ўзбекистоннинг доимий ваколатхоналари фаолият юритиб келмоқда. 

Таъкидлаш керакки, БМТ – умумжаҳон тинчлиги ҳамда хавфсизлигини қўллаб-қувватлаш, барқарор ижтимоий-иқтисодий ривожланишни таъминлаш ва экологик муаммоларни ҳал этиш бўйича ягона универсал тузилма бўлиб қолмоқда. 

Мамлакатимиз тенг ҳуқуқли аъзо сифатида БМТнинг халқаро ҳуқуқ тамойиллари ва меъёрларига қатъий риоя қилади. Шу билан бирга, ўз овози ва мақомига эга суверен давлат сифатида анъанавий равишда ташкилот фаолиятига оид ниҳоятда долзарб ташаббусларни илгари сурмоқда. 

Чунончи, сўнгги йилларда Ўзбекистоннинг БМТ билан ҳамкорлиги бутунлай янги босқичга кўтарилди. Президентимиз Шавкат Мирзиёев ўз нутқларида жаҳон ҳамжамияти эътиборини дунё аҳолиси учун муҳим бўлган муаммоларга қаратиб, бу борада амалга оширилиши лозим бўлган қатор таклиф ва ташаббусларни илгари сурди. Биргина мисол, давлатимиз раҳбарининг БМТ Бош ассамблеяси 72-сессиясидаги нутқи глобаллашув шароитида жаҳон ҳамжамиятини ташвишга солиб келаётган миллий, минтақавий ва глобал даражадаги муаммоларга аҳамият қаратган ҳолда, уларнинг ечимлари билан боғлиқ прагматик ёндашувларни ўртага ташлаганлиги билан тарихий аҳамиятга эга бўлди.

Ушбу ташаббуслар асосида қатор халқаро ҳужжатлар қабул қилинмоқда. Масалан, 2018 йил 22 июнда БМТ Бош Ассамблеясининг «Марказий Осиё минтақасида тинчлик, барқарорлик ва изчил тараққиётни таъминлаш бўйича минтақавий ва халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш», 2018 йил 12 декабрда «Маърифат ва диний бағрикенглик» номли махсус резолюциялари шулар жумласидандир. 2020 йил сентябрь ойида БМТ Бош ассамблеясининг 75-сессиясида БМТ шафелигида дунёдаги ҳар бир инсоннинг асосий ҳуқуқ ва эркинликларини, саломатлиги ва фаровонлигини таъминлайдиган адолатли глобал тизимни биргаликда яратишга қаратилган пандемиялар даврида давлатларнинг ихтиёрий мажбуриятлари тўғрисидаги халқаро кодексни ишлаб чиқиш ҳақида билдирилган таклиф ҳам рўёбга чиқиш жараёнида. 

2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини «Илм, маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йили»да амалга оширишга оид давлат дастурининг 33-бандида белгиланган вазифалар ижроси доирасида БМТнинг ҳамда БМТ Тараққиёт дастурининг Ўзбекистондаги ваколатхоналари билан ҳамкорликда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги Қонунчилик муаммолари ва парламент тадқиқотлари институти тузилмасида парламентаризмни ривожлантириш бўйича БМТ ўқув маркази ташкил этилди. 2021 йил 29 март куни очилиш маросими бўлиб ўтди. 

БМТ ўқув марказининг Марказий Осиё мамлакатлари ичида биринчилардан бўлиб Ўзбекистонда ташкил топганлиги ҳам Ўзбекистон ва БМТ ҳамкорлиги ўзига хос ва муҳим хусусиятга эга эканини кўрсатади. 

Ўқув марказининг асосий мақсади хорижий мамлакатларнинг парламентлари ва бошқа манфаатдор давлат органлари билан биргаликда депутатлик корпуси ва сенаторлар ҳамда давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари мутахассисларининг кўникма, малака салоҳиятини оширишдир. Шунингдек, тегишли йўналишлар бўйича Ўзбекистон ҳудудида ва унинг ташқарисида масофавий ўқитиш учун «Электрон парламент» тизими билан интеграциялашган «онлайн» тизим яратиш ҳисобланади. 

Бу борада БМТ Тараққиёт дастурининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси доимий вакили Матилда Димовска марказнинг аҳамияти ҳақида фикр билдириб, демократик қадриятлар ва анъаналарни рўёбга чиқариш, давлат ва жамият бошқарувида қонун устуворлигини таъминлаш кучли парламент фаолиятига бевосита боғлиқ эканини, шу боис парламентаризмни ҳар жиҳатдан ривожлантириш, парламентарийларнинг бу соҳадаги билим ва кўникмаларини ошириш муҳим аҳамият касб этишини алоҳида қайд этди.

2022-2026-йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясини “Инсон қадрини улуғлаш ва фаол маҳалла йили»да амалга оширишга оид Давлат дастурида 22 маротаба БМТ ва унинг асосий ташкилотлари билан ҳамкорлик масалаларига алоҳида урғу берилган. 

Давлат дастурининг 96мақсади «Ўзбекистоннинг Бирлашган миллатлар ташкилоти органлари ва институтлари, глобал ва минтақавий иқтисодий, молиявий ва гуманитар ташкилотлардаги фаолиятини кучайтириш» деб номланганининг ўзи ҳам Ўзбекистоннинг БМТ билан келгусидаги амалий ҳамкорлиги нақадар муҳим эканини яққол тасдиқлайди. 

Хусусан, Давлат дастурининг 372, 373, 374, 375, 376-вазифаларида Ўзбекистонни БМТ тузилмалари орқали дунё ҳамжамиятига кенг танитиш, Ўзбекистон Раҳбариятининг БМТ доирасидаги ташаббусларини амалга оширишни таъминлаш, БМТ ва унинг муассасалари билан иқтисодий-молиявий ва консультатив ҳамда маданий-гуманитар ҳамкорликни ривожлантириш, бу борада ўтказиладиган сиёсий-дипломатик ва тарғибот тадбирлари миқёсини кенгайтириш масалалари назарда тутилди. 

Мухтасар айтганда, Президентимиз томонидан илгари сурилган глобал ташаббуслар ва белгилаб берилган юқоридаги муҳим вазифалар – Ўзбекистон жаҳон ҳамжамияти, айниқса, БМТ билан интеграциялашув жараёнига жадал кириб бораётганининг ҳамда халқаро муносабатлардаги позицияси қатъий ва собитқадам эканлигининг ёрқин ифодасидир. 

 

Ғолибжон МАҲАММАДЖОНОВ,

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси

ҳузуридаги Қонунчилик муаммолари

ва парламент тадқиқотлари институти

БМТ ўқув маркази раҳбари

Leave a comment

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan