XI парламент тадқиқотлари халқаро семинари – Қонунчилик муаммолари институти
Янгиликлар

   Жорий йилнинг 17 май куни Корея Республикаси Миллий Ассамблеяси Тадқиқот хизмати ташаббуси билан XI парламент тадқиқотлари халқаро семинари ташкил этилди.

    Унда АҚШ, Польша, Таиланд, Вьетнам, Италия, Чехия, Япония, Малайзия, Нидерландия, Ўзбекистон, Эрон, Буюк Британия, Уганда, Корея, Монголия каби қатор давлатларнинг парламент тадқиқот хизматлари вакиллари иштирок этишди.

    Бундан ташқари, 100 га яқин давлатлар парламент ва парламент тадқиқот марказлари кузатувчи сифатида қатнашди.

    Тадбир 3 та сессияда олиб борилди.

  3-сессияда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги Қонунчилик муаммолари ва парламент тадқиқотлари институти директори Фозилжон Отахонов ва Институт бўлим бошлиғи Жасур Худоберганов онлайн иштирок этди.

   Ф.Отахонов “COVID-19 ва парламентнинг аҳолини ижтимоий ҳимоя қилишдаги роли” мавзусида маъруза қилди.

   Маърузада таъкидланганидек, аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш – мамлакат аҳолисининг, жумладан оғир ҳаётий вазиятга тушиб қолган фуқароларнинг ижтимоий ва моддий муҳофаза қилинишини таъминлайдиган ҳамда бу борада жамиятда қарор топган хуқуқий, иқтисодий ва ижтимоий чора-тадбирлар мажмуидир.

   Миллий парламентимизнинг пандемия шароитида аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш борасидаги фаолиятини қонун ижодкорлиги, парламент назорати, вакиллик функцияси ва халқаро ҳамкорлик шаклларида кўришимиз мумкин.

   Қонун ижодкорлиги фаолиятида:

  биринчи, юзага келган мураккаб вазиятда ҳам парламентнинг ҳар икки палатаси ўз ишини узлуксиз давом эттириб, пандемиянинг илк кунлариданоқ Олий Мажлис палаталари Регламентига зарур ўзгартишлар киритилди ва барча тадбирлар видеоконференция шаклига ўтказилди;

 иккинчи, Олий Мажлис томонидан Молия ва Иқтисодиёт вазирликлари билан биргаликда Давлат бюджетининг 2020 йилдаги параметрларини мақбуллаштириш чоралари кўрилди;

   учинчи, 2020 йил 13 апрелдаги онлайн йиғилишда палаталар Кенгашлари томонидан “Деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер участкаларидан фойдаланиш самарадорлигини янада оширишга доир чора-тадбирлар тўғрисида”ги Қўшма қарор қабул қилиниб, томорқалардан самарали фойдаланишда аҳолига ҳар томонлама кўмаклашиш мақсадида Қонунчилик палатаси депутатлари ва Сенат аъзоларидан иборат Ишчи гуруҳ тузилди;

 тўртинчи, Олий Мажлис Сенати Кенгашининг 2020 йил 25 августдаги қарори билан “Ўзбекистон Республикасининг ижтимоий-иқтисодий соҳага оид қонун ҳужжатларини такомиллаштириш бўйича чора-тадбирлар режаси” тасдиқланди ва қисқа муддатда маҳаллий бюджетларни шакллантириш механизмларини, хусусий бандлик агентликлари фаолиятини, аҳолига ижтимоий ёрдам бериш соҳасидаги давлат сиёсатини, пенсия таъминотига оид қонун ҳужжатларини такомиллаштириш, олий ўқув юртлари фаолиятига дуал таълим институтини жорий қилишга қаратилган қатор қонун ҳужжатлари ишлаб чиқилди. Умуман олганда, 2020-2021 йилларда 2018-2019 йиллардаги (142 та)дан салмоғи кам бўлмаган жами 143 қонун қабул қилинди;

  бешинчи, фуқаролар масъулиятини ошириш мақсадида қисқа фурсатда қонунчиликка тегишли ўзгартишлар киритилди. Масалан, карантинли ва инсон учун хавфли бўлган бошқа юқумли касалликлар тарқалиши ҳақида ҳақиқатга тўғри келмайдиган маълумотларни тарқатиш, шунингдек санитарияга оид қонун ҳужжатларини ёки эпидемияга қарши кураш қоидаларини бузиш ҳолатларига нисбатан чоралар белгиланди.

  олтинчи, депутатлар таклифи билан Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 26 мартда қабул қилинган Қарори ўз ҳаётини хавф остига қўйиб, кеча-ю кундуз одамлар саломатлиги учун курашаётган, аҳоли саломатлигини сақлашда жонбозлик кўрсатаётган тиббиёт ходимларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантиришда муҳим аҳамият касб этди;

   еттинчи, 2021 йил 2 августда қабул қилинган Қонун билан Меҳнат кодексига ўзгартиш киритилиб, ходим мажбурий тиббий кўрикдан ўтишдан бўйин товлаган ёки ўтказилган текширишлар натижалари бўйича тиббий комиссиялар томонидан берилган тавсияларни бажармаган, шунингдек карантинли ва одам учун хавфли бўлган бошқа юқумли касалликлар тарқалиши таҳдиди мавжуд бўлган тақдирда Ўзбекистон Республикаси Бош давлат санитария врачининг қарори асосида қонунчиликда белгиланган тартибда жорий этиладиган профилактик эмлашдан ўтишни рад этган тақдирда (соғлиғининг ҳолатига кўра қарши кўрсатма мавжуд бўлмаганда) иш берувчи уни ишга қўймасликка ҳақли экани белгиланди.

   Парламент назорати фаолиятида пандемия даврида:

  биринчи, аҳоли саломатлигини муҳофаза қилиш ва санитария-эпидемиологик осойишталикни таъминлаш чора-тадбирлари, шу жумладан аҳолини коронавирусга қарши эмлаш борасидаги ишлар устидан қатъий парламент назорати ўрнатилди. Бу борада давлат органлари ва ташкилотлари билан ҳамкорликдаги саъй-ҳаракатлар натижасида 2022 йил 5 май ҳолатига мамлакатимизда жами 52 млн. 96 минг 131 доза вакцинадан фойдаланилди;

   иккинчи, таълим тизимининг узлуксиз ишлашини таъминлаш учун ушбу соҳага қарашли барча муассасалар ўз фаолиятини масофадан, тўлиқ онлайн тизимда амалга ошириши назоратга олинди;

   учинчи, пандемия вақтида аҳолини озиқ-овқат, дори-дармон воситалари, тиббий буюмлар ва шу каби бошқа ҳаётий зарур маҳсулотлар билан узлуксиз таъминлаш ишлари устидан назорат кучайтирилди;

   тўртинчи, ногирон, имконияти чекланган шахслар ва аҳолининг кам таъминланган қатламларига манзилли ва беғараз ёрдам кўрсатиш мақсадида жорий этилган “Саховат ва кўмак” жамғармасининг фаолияти жойларда ташкил этилиши ҳамда мақсадли йўналтирилиши назоратга олинди;

   бешинчи, юқоридаги йўналишларда амалга оширилган ишлар юзасидан соғлиқни сақлаш, таълим ва бошқа мутасадди вазирлик ва идоралар масъул раҳбар ходимларининг ахборотлари мунтазам эшитиб борилди.

   Вакиллик функциясини бевосита амалга ошириш доирасида депутатлар ва сенаторлар томонидан бошқа давлат органлари, нодавлат ташкилотлар, фуқаролик жамияти институтлари ва кенг жамоатчилик билан ҳамкорликда қуйидаги тадбирларда фаоллик кўрсатилди, хусусан:

   – парламентарийлар ўз сайловчилари билан рақамли технологиялар имкониятларидан кенг фойдаланган ҳолда масофавий ишлашга ўтди;

    – коронавирус билан самарали курашиш учун барча вилоятларда махсус тиббиёт муассасалари ва карантин марказлари ташкил этилди; 

    – касаллик тарқалишининг ўз вақтида олдини олиш мақсадида аҳоли ўртасида кенг кўламда, шу жумладан, ижтимоий тармоқлар орқали электорат билан тушунтириш ишлари олиб борилди; 

    – фуқароларнинг кўплаб мурожаатлари асосида банк кредитлари бўйича фоизларни “музлатиб туриш” ва “солиқ танаффуслари” каби имкониятлар тақдим этилди. Импорт қилинадиган товарлар учун солиқ ва божхона тўловлари миқдори сезиларли даражада камайтирилди;

    – “Саховат ва кўмак” умумхалқ ҳаракати доирасида муҳтож оилаларнинг 540 мингтасига 307 млрд. сўмлик (30,7 млн. АҚШ доллари) кўмак берилди. Мисол учун, Сенат аъзоси томонидан Сирдарё вилоятининг Мирзаобод ва Ховос туманлари ҳокимликлари билан ҳамкорликда 2 мингта эҳтиёжманд оила аниқланиб, уларга озиқ-овқат маҳсулотлари етказиб туришда ташаббус кўрсатилди. Қонунчилик палатаси депутати томонидан Наманган шаҳрида 100 дан ортиқ кўмакка муҳтож оила ижтимоий ёрдам сифатида оталиққа олинди, Уйчи туманида яшовчи аҳолига эса томорқада парвариш қилинадиган кўчатлар етказиб берилди. Бундай мисоллар жуда кўп. Зеро, пандемия инсонларни ҳамжиҳатлик ғоялари остида янада бирлаштирди.

 Халқаро ҳамкорлик янада мустаҳкамланди. Қонунчилик палатасининг “Ўзбекистон–Франция” парламентлараро ҳамкорлик гуруҳи қайта ташкил қилиниб, истиқболли режалар ишлаб чиқилди.

 Қонунчилик палатасининг Ўзбекистон–Франция парламентлараро ҳамкорлик гуруҳи ва Франция Республикаси Миллий Ассамблеясининг Франция-Марказий Осиё парламентлараро дўстлик гуруҳининг онлайн шаклда ўтказилган биринчи қўшма мажлисида COVID-19 даврида аҳоли саломатлигини сақлаш борасида ўзаро ҳамкорлик масалалари муҳокама қилинди.

   Бундан ташқари, АҚШ, Германия, Жанубий Корея, Хитой, ва бошқа давлатлар парламентлари билан тузилган дўстлик гуруҳлари ўртасида пандемия билан боғлиқ асоратларни камайтириш, мавжуд вазиятдан келиб чиқиб соғлиқни сақлаш соҳасини такомиллаштириш ва шу каби масалаларда тизимлик равишда маслаҳат учрашувлари ташкил этилди.

  Пандемияга қарамай парламентнинг ўз ваколатларини амалга ошириш бўйича фаолияти бир зум бўлса-да тўхтамади, балки аксинча, аввалги йилларга нисбатан фаол суръатда давом этди.

   Эътироф этиш керакки, Ўзбекистон бу борада жаҳон ҳамжамиятига глобал ташаббус билан чиқди. Жумладан, муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёев томонидан 2020 йил 23 сентябрда БМТ Бош Ассамблеясининг 75-юбилей сессиясида пандемия даврида давлатларнинг ихтиёрий мажбуриятлари тўғрисидаги БМТ халқаро кодекси лойиҳасини ишлаб чиқиш ташаббуси илгари сурилди.

  Халқаро семинар якунига кўра, ўзаро ҳамкорликни янада ривожлантириш ва бу орқали парламент фаолиятини ахборот-таҳлилий жиҳатдан қўллаб-қувватлашни ҳамда бу борадаги ҳамкорликни кенгайтиришга келишиб олинди.

Leave a comment

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan