2021 йил 7 апрель куни ШҲТ мамлакатлари раҳбар аёлларининг Тошкент форуми бўлиб ўтди.
Унда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзолари, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги мутасаддилари, Тошкент давлат шарқшунослик университети ходимлари, ШҲТга аъзо давлатларнинг олимлари ва экспертлари ҳамда “Олима” республика олима аёллари ассоциацияси вакиллари иштирок этди.
Иштирокчилар Барқарор ривожланиш мақсадларига эришишда хотин-қизларнинг ролини оширишнинг замонавий механизмларини муҳокама қилдилар.
Тошкент форумининг аҳамияти ва долзарблигига, демократик ислоҳотлар кечаётган ҳозирги замонда юксак ақл-заковатга эга раҳбар аёлларнинг иштирокига урғу берилди.
Таъкидланганидек, ШҲТ мамлакатлари гендер тенглик соҳасида сезиларли натижаларга эришди. Хусусан, ШҲТнинг барча аъзолари Хотин-қизларни камситишнинг барча шаклларига барҳам бериш тўғрисидаги конвенцияни ва инсон ҳуқуқларига оид бошқа ҳуқуқий ҳужжатларни, конвенцияларни ратификация қилди ҳамда улар амалиётга татбиқ этиб келинмоқда.

Раҳбар аёлларнинг Тошкент форуми доирасида бўлиб ўтган форумларнинг ғояларини давом эттириш ва ривожлантириш борасида қуйидаги масалалар кўриб чиқилди:
– хотин-қизларнинг жамиятдаги ижтимоий-сиёсий, социал-иқтисодий ислоҳотларнинг фаол иштирокчилари сифатидаги ўрни ва аҳамиятини кўриб чиқиш;
– миллий ва халқаро даражаларда Барқарор ривожланиш мақсадларини таъминлашда хотин-қизларнинг кўп қиррали фаолиятини амалга ошириш бўйича тажриба алмашиш;
– ШҲТ мамлакатларида хотин-қизлар томонидан олиб борилаётган ижтимоий сиёсат доирасида уларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва таъминлашнинг амалдаги ҳуқуқий асосларини ўрганиш;
– ШҲТ мамлакатларида маданият ва халқ дипломатиясида ҳамкорлик жараёнларида хотин-қизлар иштирокининг ўзига хос хусусиятларини таҳлил қилиш;
– кўтариладиган масалалар бўйича назарий ва амалий хулосалар ишлаб чиқиш.

Ушбу тадбирнинг ўтказилиши хотин-қизларнинг ижтимоий ҳаётдаги ролини рағбатлантиришга, ШҲТ мамлакатларининг ушбу йўналишдаги ҳамкорлигини янада чуқурлаштиришга хизмат қилади.

www.senat.uz