Ўзбекистон – Сингапур: давлат бошқаруви соҳасида ҳамкорликнинг янги тенденцияси – Қонунчилик муаммолари институти
Мақолалар Мақолалар

Дунё мамлакатлари тажрибасидан маълумки, муайян давлатда демократиянинг ўрнатилиши ва мустаҳкамланиши ўзига хос қонуниятлар асосида амалга оширилади. Бугун модернизация ҳамда трансформация жараёнлари глобаллашувнинг таъсири негизида дунёнинг барча мамлакатларидаги сиёсий жараёнларга аввалгидан шиддатли таъсир кўрсатмоқда. Ҳар бир жамиятда замонавийлашув ҳамда демократлашув жараёнининг йўналишларини белгилаш ва жамиятда эркин фуқаролик жамиятини барпо этиш масаласи бугунги кунда ҳар бир давлатда, хусусан Ўзбекистонда ҳам давлат олдидаги энг муҳим сиёсий йўналишлардан бири, десак хато қилмаган бўламиз.

Жамиятда сиёсий ўзгаришларни амалга ошириш ва ислоҳотларнинг ҳуқуқий мақомини белгилашда парламентнинг роли беқиёс Зеро, унинг асосий сиёсий мавқеи, аввало, аҳолининг танлови (яъни сайловлар орқали) ҳамда ишончи билан шаклланишида намоён бўлади.  

Сингапур парламенти дунёдаги энг кучли парламентлар қаторидан қандай ўрин олган?

Сингапур парламентининг шаклланиши 1819 йил билан боғлиқ бўлиб, у Буюк Британия мустамлакачилик тизимидаги биринчи ўзининг парламентига эга бўлган мамлакат сифатида мустақилллик учун илк қадамни қўйган.

Кейинги йилларда айнан парламент фаолиятида фуқароларнинг иштироки ҳамда сиёсий партияларнинг консолидацияси натижасида 1965 йилда Сингапур ўз мустақиллигига эришди ва шу йилдаёқ Сингапур давлат парламенти( яъни, мустаыил, миллий парламент сифатида) номини олди. Сиёсий адабиётларда сиёсий институтларнинг орасида айнан парламентнинг ўрни ва роли давлат ва жамият ҳаётида муҳим ҳисобланади, бунинг асосий сабаби бевосита сиёсий тизимни мустаҳкамлашда фуқароларнинг қарашларини билвосита ва бевосита таъминлашнинг асосий механизми эканлиги билан боғланади.

Кучли парламент – узоқ йиллик эволюция ҳамда унинг асосий фаолият субъектлари ва объектлари ўртасидаги муносабатлари натижаси ҳисобланади.

Шу нуқтаи назардан Сингапур парламентининг фаолияти ва сиёсий тизимни мустаҳкамлашдаги сайи-ҳаракатлари туфайли ушбу давлат кейинги 30 йил давомида Осиёда қудратли давлатлар сирасига киришида аллоҳида ўрин эгаллади. Knight Frank and Citi Private Wealth” ташкилоти томонидан ўтказилган тадқиқот натижаларида, Сингапур аҳоли жон бошига даромади юқори бўлган мамлакатлар ичида биринчи ўринни эгаллашини ва бу жараён 2050 йилгача давом этиши кўрсатилиб, бу жамиятда ўрнатилган сиёсий барқарорлик ва унга дахлдор бўлган сиёсий институтларнинг фаолияти билан боғлиқдир (Сиёсий барқарорлик бўйича 10 баллик тизимда Сингапур 9,5 баллга эгалик қилади).

Сингапур парламентининг ўзига хос хусусиятлари

Ҳар бир парламент ўзи мансуб мамлакатнинг тарихий ривожланиш қонун-қоидалари, шароити ҳамда фуқароларнинг сиёсий маданияти каби хусусиятларни ўзида мужассам этади.  

Аммо асосий ғоя сифатида умуминсоний демократик тамойиллар асосий ўринни эгаллайди. Шу ўринда Сингапур парламентининг қуйидаги асосий жиҳатларини кўрсатиб ўтиш мақсадга мувофиқ:

  1. Парламентнинг асосий вазифаси сифатида қонунчилик нормаларини шакллантириш, давлат молиявий фаолияти устидан назорат ва ҳамда турли вазирликларнинг парламент олдида ҳисобдорлигини ошириш;
  2. Парламентнинг фаолияти ташкил топгандан бери, сайланган депутатларнинг ваколати муддати 5 йилни ташкил этади, бу эса унинг фаолиятини бир маромда кечишини ҳамда унинг иш унумдорлигини оширади;
  3. Сингапур парламенти бир палатали ҳисобланади;
  4. Сингапур Конституциясининг 59-моддасига кўра, мамлакатда қонун чиқарувчи ҳокимиятга парламент бошчилик қилади ва бу фуқароларнинг танлови асосида амалга оширилади;
  5. Сингапур Конституциясининг 44-моддасига кўра, фуқаролар актив ва пассив сайлов ҳуқуқидан фойдаланишлари мумкин ҳамда парламентга 21 ёшдан ўз номзодларини қўйиш имконияти тасдиқланган, бунда давлат бошқаруви, аввало, ёш, креатив фикрли инсонлар билан таъминланишига алоҳида урғу берилади;
  6. Парламентга номзодларнинг ҳар бири мамлакатдаги расмий тиллар – инглиз, малай, хитой ва тамилла тилларидан бирини билиши шарт;
  7. Миллатидан қатъи назар, Сингапур давлатининг фуқароси бўлиши лозим;
  8. Бир палатали бўлишига қарамасдан унинг таркиби мамлакат Конституциясининг 39-моддасига кўра, 3 хил тартибда шаклланиши унинг фаолияти қанчалик демократик тамойилларга мослигини кўрсатиб беради:

а) сайлов округларидан сайланган депутатлар орқали;

б) мухолифат партияларидан сайланган депутатлар орқали (Non-constituency Member of Parliament);

в) мамлакат президенти тавсиясига кўра тайинланган депутатлар таркиби орқали (ҳозирги кунда 9 та депутат ушбу усулда парламент депутатлигига тавсия этилган).

  1. Сингапур парламенти 101 аъзодан иборат.
  2. Мамлакат қонунчилигида ўзгаришлар, янгиликлар, ҳатто Мамлакат асосий қонунига ўзгартириш киритиш тартиби қатъий белгиланган.

Кучли парламент, аввало, демократик сайловлар орқали мустаҳкамланади

Дунёда демократияни мустаҳкамлашнинг асосий шартларидан бири муайян давлат ва жамият ҳаётида сайлов  институтининг фаолият тартиби, йўналиши ҳамда мезонлари билан белгиланади. Сайловларнинг муҳим сиёсий хусусияти давлат тизими ва унинг бошқарувини шакллантириш ҳамда унинг легитимлигини кўрсатиб берувчи асосий ва ягона индикатор ҳисобланади. Бу жиҳатдан Сингапур ўзига хос замонавий демократик хусусиятларни мужассам этган ўз миллий тажрибасига эга давлат сифатида бутун дунёда етакчи ўрнига эга.

Ҳатто, АҚШлик сиёсатшунос С.Хантингтон томонидан Осиё ва Лотин Америкаси, Африка мамлакатлари мустақиллигига эришиши давридаги ижтимоий-сиёсий ҳолатига баҳо берилиб, “учинчи дунё” деб аталган давлатларнинг аксарияти айнан сиёсий институтларининг (аввало парламент ва сиёсий партияларнинг) трансформациялашуви ва демократик мезонларини қўллай олиши асосида Сингапур мисолида “биринчи дунё” мамлакатларидан кам бўлмаган сиёсий тизим ва бошқарувига эришди, десак хато қилмаган бўламиз. Чунки Сингапур энг шаффоф сайлов тизимига ва сиёсий технологияга эга бўлган мамлакатлардан бири ҳисобланади.

Қуйида бу жиҳатларни кўрсатиб ўтишга ҳаракат қиламиз:

– мамлакатдаги барча турдаги сайловлар бир хил пайтда (08:00) бошланиб, 12 соат давом этади ва барча сайлов участкаларидаги вазият тўғридан-тўғри жонли эфирда трансляция этилади;

– мамлакатда ўтказиладиган сайловда 21 ёшга тўлган барча фуқаролар иштирок этади (уларнинг сони 2,65 млн.дан ортиқ);

– фуқароларга сайловлар давлат ва жамият тараққиёти учун заруриятини кўрсатиш мақсадида учун мажбурий ҳисобланди ва бу куни фуқароларга бир қанча енгилликлар берилади;

– сайловга келмаганлар ва рўйхатга (сабабсиз) кирмаган  фуқаролар уни қайта тиклаш учун 50 сингапур доллари тўлашларига тўғри келади (37,88 АҚШ доллари);

– барча сайлов участкаларида онлайн ва оффлайн тарзда сайловчилар рўйхатига кириш имконияти тўла таъминлаган;

– мамлакатда 12 тадан ортиқ мухолифат партиялари фаолияти йўлга қўйилган бўлиб, бу сайловларнинг ҳар бир жиҳати демократик тарзда очиқ, шаффоф, мунозаралар асосида бўлишини таъминлаб беради;

Таъкидлаш жоизки, сўнгги йилларда Ўзбекистонда айнан сиёсий институтлар ҳамда давлат бошқарувини янада такомиллаштириш борасида амалий тадбирлар самарадорлигини оширишда Сингапур давлатининг илғор тажрибаларидан унумли фойдаланиш муҳим аҳамият касб этмоқда. Бу жараёнда парламент фаолиятини янада ривожлантириш ва демократик механизмларни қўллаш, электорат билан алоқаларни янада мустаҳкамлаш борасидаги ишлар алоҳида ўрин эгаллайди. Бунда уларнинг тарихий ривожланишга хос бўлган ўхшаш хусусиятлари ҳам алоҳида аҳамият касб этади.

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Сингапур Республикасига ташрифи ушбу мамлакат билан кўплаб соҳада ўзаро ҳамкорлик ракурсини шакллантириш имконияти сифатида алоҳида аҳамиятга молик. Ўзбекистон Республикаси Президенти шарафига Сингапурнинг миллий рамзи бўлган орхидея гулининг янги навига ном бериш маросими юртимиз ушбу мамлакатнинг ҳар соҳадаги ҳамкори эканлигининг алоҳида намунаси ҳисобланди. Бундай тадбирлар анъанавий равишда ушбу мамлакатнинг олий мартабали меҳмонларига ва таниқли арбобларга юксак ҳурмат ва эҳтиром белгиси сифатида ўтказилади.

Сингапур – Осиё-Тинч океани минтақасининг ҳар томонлама ривожланган, иқтисодий ва сиёсий бошқарув тажрибасига эга мамлакат ҳисобланади. Шуларни ҳисобга олиб, Президент Шавкат Мирзиёев томонидан Сингапурга ташриф давомида ушбу мамлакат билан яқин истиқболдаги ҳамкорликнинг олтита асосий йўналиши илгари сурилди ва улар қуйидагилардан иборат:  

  1. Инсон капиталини ривожлантириш ва давлат бошқаруви учун юқори малакали кадрлар тайёрлаш (Ли Куан Ю номидаги Давлат сиёсати мактаби иштирокида бошқарув, шаҳарсозлик, инфратузилмани ривожлантириш, рақамли трансформация, инновациялар, таълим ва соғлиқни сақлаш соҳаларида биргаликда давлат хизматчиларини тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш дастурини амалга оширишга келишиб олинди);
  2. Сингапурни Ўзбекистондаги хусусийлаштириш жараёнларига жалб қилиш. Шу маънода музокараларда Сингапурнинг етакчи компанияларининг илғор тажрибаси, замонавий технологиялари ва бошқарув усулларидан фойдаланган ҳолда Ўзбекистоннинг йирик корхоналарини хусусийлаштириш доирасидаги лойиҳаларни амалга ошириш истиқболларини муҳокама қилиш;
  3. Илғор “яшил” технологиялар ва рақамли ечимларни жалб қилиш;
  4. Шаҳар инфратузилмаси ва коммуникацияларини такомиллаштириш;
  5. Инвестициялар ва ўзаро савдони кенгайтириш, Сингапурнинг етакчи компаниялари билан қўшма лойиҳаларни илгари суриш;
  6. Жамоат хавфсизлигини таъминлаш, миллатлараро тотувликни асраш ва радикализмга қарши курашиш борасида тажриба алмашиш.

Хулоса ўрнида айтиш мумкинки, муайян мамлакатда сиёсий барқарорликни таъминлаш бугунги кунда давлатлар олдида турган энг асосий муаммолардан бири ҳисобланади. Бу борада асосий сиёсий  институтлар, айниқса, парламентнинг ўрни ва ролини ошириш ҳамда унинг ишлаш механизмлари ва технологияларини илғор хорижий тажрибалардан фойдаланган ҳолда қўллаш муҳим саналади. Бу эса давлатда демократия янада мустаҳкамланишига ва натижада аҳоли фаровонлиги янада яхшиланишига, инсон омилини ҳимоя қилувчи бошқарув тизими шаклланишига хизмат қилади. Зеро кучли давлатлар кучли демократик институтлар ва фуқароларнинг юқори сиёсий фаоллиги асосида бунёд бўлади.

Ғолибжон Маҳаммаджанов,

Олий Мажлиси ҳузуридаги

Қонунчилик муаммолари ва парламент

тадқиқотлари институти

БМТ ўқув маркази бошлиғи

www.parliament.gov.uz

Leave a comment

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan