Сиёсий ўқувларнинг навбатдаги босқичи бошланди: Ўзбекистон Республикаси Президенти Мурожаатномасининг мазмун-моҳияти тингловчиларга етказилди – Қонунчилик муаммолари институти
Янгиликлар

Сўнгги йилларда Муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёев бошчилигида Янги Ўзбекистоннинг мустаҳкам пойдеворини қуриш, жонажон юртимизнинг халқаро майдондаги обрў-эътиборини дунё бўйлаб кенг тараннум эттириш борасида тарихий, салмоқли ишлар амалга оширилмоқда.

Давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан Ўзбекистон Республикасида янги сиёсий жараён – Ўзбекистон Республикаси Президентининг Олий Мажлисга Мурожаатнома йўллаш амалиёти жорий этилди. Янги Ўзбекистон тарихидаги мазкур муҳим, сиёсий воқеликнинг мазмун-моҳиятини кенг жамоатчиликка етказиш муҳим аҳамият касб этади.

Шу сабабли, жорий йилнинг 12 апрель куни Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академиясида маҳаллий Кенгашларнинг депутатлари, сиёсий партия фаоллари ва оммавий ахборот воситалари вакиллари учун ташкил этилган сиёсий ўқувларнинг навбатдаги босқичи ўз ишини бошлади.

Унда республика миқёсида жами 1 100 нафар тингловчининг таҳсил олиши белгиланган бўлиб, шундан 1 050 нафари маҳаллий депутатлар, 40 нафари сиёсий партияларнинг масъул ходимлари ва 20 нафари журналист ва блогерлардир.

Сиёсий ўқувларнинг дастлабки кунида тингловчиларга Ўзбекистон Республикаси Президенти Мурожаатномасининг мазмун-моҳияти; Ўзбекистон Республикасини янада ривожлантириш бўйича Ҳаракатлар стратегияси асосида мамлакатда амалга оширилган ислоҳотларнинг мазмун-моҳияти; “Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили” Давлат дастурининг асосий йўналишлари каби мавзуларда дарс машғулотлари ўтказилди.

Тошкент шаҳар ва Тошкент вилояти тингловчилари учун Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академиясида ташкил этилган ўқув курсларининг очилиш маросимида Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академиясининг биринчи проректори Х.Азизов, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги Қонунчилик муаммолари ва парламент тадқиқотлари институти директори Ф.Отахонов, Давлат ва ҳуқуқ институти директори М.Турғуновлар иштирок этди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Мурожаатномасининг мазмун-моҳияти мавзуси бўйича Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги Қонунчилик муаммолари ва парламент тадқиқотлари институти директори Ф.Отахонов тингловчиларга қизиқарли тақдимот асосида зарур тушунтиришларни бериб ўтди. Хусусан, Ф.Отахонов томонидан:

Ўзбекистон Республикаси Президенти Мурожаатномасининг ҳукуқий табиати ва ўзига хос жиҳатлари;

Ўзбекистон Республикаси Президенти Мурожаатномасининг тарихи, хорижий давлатлар тажрибаси таҳлили;

2017, 2018, 2019 ва 2020 йиллардаги Ўзбекистон Республикаси Президенти Мурожаатномасининг фарқли томонлари (амалий мисоллар асосида);

Ўзбекистон Республикаси Президенти Мурожаатномасида белгиланган устувор вазифаларнинг амалга оширилиш ҳолати ва ислоҳотларнинг мамлакат ва миллат тарихидаги тутган ўрни ҳақида батафсил тушунтиришлар берилди.

Дарс машғулоти якунида тингловчилар ўзларини қизиқтирган саволларга атрофлича жавобларни олишди.

Эслатиб ўтамиз, сиёсий ўқувларнинг мазкур босқичи жорий йилнинг 17 апрель кунига қадар давом этади. Сиёсий ўқувлар доирасида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги Қонунчилик муаммолари ва парламент тадқиқотлари институти тузилмасидаги
БМТ Ўқув маркази томонидан халқаро сайлов стандартлари бўйича махсус ўқув курсларини ташкил этиш этиш ҳам режалаштирилган.

Leave a comment

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan