ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ПРЕЗИДЕНТИ ШАВКАТ МИРЗИЁЕВНИНГ ОЛИЙ МАЖЛИСГА МУРОЖААТНОМАСИНИНГ МАЗМУН-МОҲИЯТИ – Қонунчилик муаммолари институти
Мақолалар Янгиликлар

Ф.Х. ОТАХОНОВ,
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги
Қонунчилик муаммолари ва парламент тадқиқотлари институти директори,
юридик фанлар доктори, профессор в.б.

 

Мурожаатнома тарихи, ҳуқуқий асоси ва моҳияти

         Дунё миқёсида олиб қаралганда, давлат раҳбари томонидан парламентга Мурожаатнома тақдим этилиши тарихи олис ХIII асрга бориб тақалади. Шу тариқа 800 йилдан ортиқ тарихга эга ушбу давлат-ҳуқуқ анъанасига Буюк Британия Қироли (Қироличаси)нинг парламент ҳузурида нутқ сўзлаши –тантанаси илк намуна вазифасини ўтаган. Ҳозирги кунда кўплаб давлатларда, шу жумладан АҚШ, Франция, Россия, Қозоғистон, Тожикистон ва бошқаларда давлат бошлиқлари ҳар йили парламентга Мурожаатнома тақдим қиладилар.

 

Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси

89-модда.
Ўзбекистон Республикасининг Президенти давлат бошлиғидир ва давлат ҳокимияти органларининг келишилган ҳолда фаолият юритишини ҳамда ҳамкорлигини таъминлайди.

 

 

Ўзбекистон Республикаси Президентининг Олий Мажлисга Мурожаатнома йўллаш институти Янги Ўзбекистоннинг янги тарихидаги ўзига хос бўлган ноёб институт ҳисобланади. Президентимиз Шавкат Мирзиёев томонидан Олий Мажлисга 4 маротаба Мурожаатнома тақдим этилди.

1-Мурожаатнома 2017 йил 22 декабрда,

2-Мурожаатнома 2018 йил 28 декабрда,

3-Мурожаатнома 2020 йил 24 январда,

4-Мурожаатнома 2020 йил 29 декабрда Олий Мажлисга тақдим этилди.

 

Мурожаатнома мамлакатнинг энг асосий ва долзарб сиёсий, ижтимоий-иқтисодий масалалари ва жамиятни демократик ривожлантиришга қаратилган бўлиб, у давлат бошқарувининг демократик усули сифатида бугун Ўзбекистонда олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, авваламбор, халқ билан мулоқот принципига ғоят уйғун ва ҳамоҳангдир.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг Олий Мажлисга Мурожаатнома тақдим этишининг ҳуқуқий асоси Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 93-моддаси 7-бандида ўз ифодасини топган бўлиб, Президентнинг Конституциявий ҳуқуқи ҳисобланади.

 Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси

93-модда.

Ўзбекистон Республикасининг Президенти:

7) Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисига мамлакат ички ва ташқи сиёсатини амалга оширишнинг энг муҳим масалалари юзасидан мурожаат қилиш ҳуқуқига эга;

(93-модда биринчи қисмининг 7-банди Ўзбекистон Республикасининг 2014 йил 16 апрелдаги ЎРҚ-366-сонли Қонуни таҳририда — ЎР ҚҲТ, 2014 й., 16-сон, 176-модда) 

 

Президент Мурожаатномасининг моҳияти қуйидагиларда номоён бўлади:

биринчидан, Мурожаатнома Президентининг Парламентга мамлакат ички ва ташқи сиёсатини амалга оширишнинг энг муҳим масалалари юзасидан мурожаат қилиш ҳуқуқини  амалга ошириш шакли ҳисобланади;

иккинчидан, Мурожаатномада мамлакатимиз тараққиётимизнинг янги босқичи бўлган 2017 йилдан бошлаб, ҳар йили амалга оширилган асосий ишлар якуни ва Ўзбекистон Республикасини кейинги йилда ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг энг устувор йўналишлари ўз ифодасини топади;

учинчидан, Мурожаатнома Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармони билан тасдиқланадиган 2017­-2021 йилларда Ўзбекистон Республика-сини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини ҳар йили амалга оширишга оид давлат дастурини ишлаб чиқиш ва тасдиқлаш учун асос ҳисобланади;

2017 йил 22 декабрдаги Мурожаатнома 2017­-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича ҳаракатлар стратегиясини «Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йили»да амалга оширишга оид давлат дастури (Ўзбекистон Респуликаси Президентининг 2018 йил 22 январдаги ПФ-5308-сон Фармони) га;

 

2018 йил 28 декабрдаги Мурожаатнома 2017­-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича ҳаракатлар стратегиясини «Фаол инвестициялар ва ижтимоий ривожланиш йили»да амалга оширишга оид давлат дастури (Ўзбекистон Респуликаси Президентининг 2019 йил 17 январдаги ПФ-5635-сон Фармони) га;

 

2020 йил 24 январдаги Мурожаатнома  ­- 2017­-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича ҳаракатлар стратегиясини «Илм, маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йили»да амалга оширишга оид давлат дастури (Ўзбекистон Респуликаси Президентининг 2020 йил 2 мартдаги ПФ-5953-сон Фармони) га;

 

2020 йил 29 декабрдаги Мурожаатнома ­- 2017­-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича ҳаракатлар стратегиясини «Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили»да амалга оширишга оид давлат дастури (Ўзбекистон Респуликаси Президентининг 2021 йил 3 февралдаги ПФ-6155-сон Фармони) га асос бўлган.

 

тўртинчидан, Мурожаатнома   Ўзбекистон Республикасининг Консти-туцияси муқаддимаси ва нормаларидаги инсон ҳуқуқларига ва давлат суверенитети ғояларига содиқлик, ҳозирги ва келажак авлодлар олдидаги юксак масъулият, ўзбек давлатчилиги ривожининг тарихий тажрибасига таяниш, демократия ва ижтимоий адолатга садоқатни намоён қилиш, халқаро ҳуқуқнинг умум эътироф этилган қоидалари устунлигини тан олиш, республика фуқароларининг муносиб ҳаёт кечиришларини таъминлашга интилиш, инсонпарвар демократик ҳуқуқий давлат барпо этиш, фуқаролар тинчлиги ва миллий тотувлигини таъминлаш мақсадларига қаратилган.

 

Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси

МУҚАДДИМА

Ўзбекистон халқи:

инсон ҳуқуқларига ва давлат суверенитети ғояларига содиқлигини тантанали равишда эълон қилиб,

ҳозирги ва келажак авлодлар олдидаги юксак масъулиятини англаган ҳолда,

ўзбек давлатчилиги ривожининг тарихий тажрибасига таяниб,

демократия ва ижтимоий адолатга садоқатини намоён қилиб,

халқаро ҳуқуқнинг умум эътироф этилган қоидалари устунлигини тан олган ҳолда,

республика фуқароларининг муносиб ҳаёт кечиришларини таъминлашга интилиб,

инсонпарвар демократик ҳуқуқий давлат барпо этишни кўзлаб,

фуқаролар тинчлиги ва миллий тотувлигини таъминлаш мақсадида,

ўзининг мухтор вакиллари сиймосида Ўзбекистон Республикасининг мазкур Конституциясини қабул қилади.

 

бешинчидан, Мурожаатнома Имом Бухорий, Имом Мотуридий, Абу Али ибн Сино, Алишер Навоий каби буюк бобокалонларимизнинг бир неча юз йиллар давомида ҳам ўз моҳиятини ва долзарблигини йўқотмаган доно фикр- мулоҳазаларига таяниш ва уларга амал қилишга даъват этишга йўналтирил-ганлиги билан ажралиб туради.

2018 йил 28 декабрдаги Мурожаатномадан

 

Буюк Имом Бухорий ҳазратларининг “Ал-Жомиъ ас-Саҳиҳ” асари “Барча эзгу амаллар ниятга боғлиқ, ҳар бир кишига фақат ният қилган нарсаси берилади” деган ҳадис билан бошланишида албатта жуда чуқур маъно бор.

 

2020 йил 29 декабрдаги Мурожаатномадан

 

Буюк аждодимиз Имом Мотуридий ҳазратларининг “Тириклик ҳикматини соғлиқда, деб билгин”, деган чуқур маъноли сўзлари нақадар тўғри эканини ҳаётнинг ўзи бугун қайта-қайта исботламоқда.

 

Буюк бобокалонимиз Абу Али ибн Сино, бундан минг йил олдин “Довюрак ва ботир инсонлар келажакда содир бўладиган қийинчиликлардан қўрқмайди”, деб бежиз айтмаган.

 

Буюк мутафаккир шоиримиз Мир Алишер Навоий ўз даврида ёшларга мурожаат қилиб, “Қуёшлиқ истасанг, касби камол эт”, деб ёзганлар. Чиндан ҳам, одамларга қуёшдек беминнат нур таратишни, яхшилик қилишни истайдиган инсон, камолотга интилиб, турли илм ва касб-ҳунарларни ўзлаштириши лозим.

 

олтинчидан, Президентимиз Шавкат Мирзиёев қалбининг тубидан отилиб чиқаётган, ҳикматлар хазинасига дахлдор, пурмаъно сўзлари ва ғоялари Мурожаатномада ўз ифодасини топаётганлиги ва улар халқимизни улкан бунёдкорлик сари илхомлантираётганлиги айни ҳақиқат.

 

2017 йил 22 декабрдаги Мурожаатномадан

“Халқ давлат идораларига эмас, балки давлат идоралари халқимизга хизмат қилиши керак”. 

“Қонуннинг бирдан-бир манбаи ва муаллифи том маънода халқ бўлиши шарт”. 

2018 йил 28 декабрдаги Мурожаатномадан


         “Нияти улуғ халқнинг – иши ҳам улуғ, ҳаёти ёруғ ва келажаги фаровон бўлади”.

“Биз демократик ислоҳотлар йўлидан ҳеч қачон ортга қайтмаймиз. Қанчалик қийин бўлмасин, фақат олдинга – янги, юксак марралар сари борамиз”.

 

2020 йил 24 январдаги Мурожаатномадан

 

“Жамият – ислоҳотлар ташаббускори”

“Менинг энг катта ниятим шуки, Ватанимиз ичра ҳар бир инсон ўзининг “кичик ватани”га – уй-жойига эга бўлса, биздан халқимиз ҳам, Яратган ҳам рози бўлади”.

 “Ўз болангизни, ўз уйингизни, ўз Ватанингизни кўз қорачиғидек асранг!”

“Миллий тикланишдан – миллий юксалиш сари”.

“Ҳалоллик вакцинаси”.

“Бир ҳақиқатни ҳеч қачон унутмайлик: биз буюк тарих, буюк давлат, буюк маданият яратган халқмиз. Биз – ҳеч қачон меҳнатдан қочмайдиган, қийинчи-ликдан қўрқмайдиган, адолатни қадрлайдиган, азму шижоатли, буюк халқмиз.

 

2020 йил 29 декабрдаги Мурожаатномадан

 

“Янги Ўзбекистонда эркин ва фаровон яшайлик!” 

“Янги Ўзбекистон – мактаб остонасидан, таълим-тарбия тизимидан бошланади”.

 

 

еттинчидан, Мурожаатнома ҳар томонлама Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг  2030 йилгача бўлган даврда БМТ Барқарор ривожланиш мақсадлари  ҳамда бу борадаги Миллий мақсадларимизга ҳамохангдир.

2030 йилгача бўлган даврда барқарор ривожланиш соҳасидаги
Миллий мақсад ва вазифалар 

1-мақсад. Барча жойларда аҳолининг кам таъминланганлик даражасини пасайтириш

2-мақсад. Озиқ-овқат хавфсизлигини мустаҳкамлаш, овқатланиш рационини яхшилаш ҳамда қишлоқ хўжалигининг барқарор ривожланишига кўмаклашиш.

3-мақсад. Соғлом турмуш тарзини таъминлаш ва барча ёшдаги кишиларнинг фаровонлигига кўмаклашиш

4-мақсад.Умумқамровли ва адолатли сифатли таълимни таъминлаш ҳамда барчага бутун умри давомида таълим олиш имкониятини рағбатлантириш.

5-мақсад. Гендер тенгликни таъминлаш ва барча хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва имкониятларини кенгайтириш.

6-мақсад. Барча учун сув ресурслари ва санитариянинг мавжудлиги ҳамда улардан оқилона фойдаланишни таъминлаш.

7-мақсад. Арзон, ишончли, барқарор ва замонавий энергия манбаларидан барча учун умумфойдаланиш имкониятини таъминлаш

8-мақсад. Самарали бандликни ошириш ҳамда эркаклар ва хотин-қизларни муносиб иш билан таъминлаш асосида барқарор ва умумқамровли иқтисодий ўсишга кўмаклашиш.

9-мақсад. Барқарор инфратузилмани яратиш, умумқамровли ва барқарор саноатлашув ва инновацияларга кўмаклашиш.

10-мақсад. Мамлакат ичида тенгсизликни унинг барча кўринишларида қисқартириш.

11-мақсад. Шаҳарлар ва аҳоли яшаш пунктларининг очиқлиги, хавфсизлиги ва экологик барқарорлигини таъминлаш.

12-мақсад. Истеъмол ва ишлаб чиқаришнинг оқилона моделларига ўтишни таъминлаш.

13-мақсад. Иқлим ўзгариши ва унинг оқибатларига қарши кураш бўйича тезкор чораларни қабул қилиш

15-мақсад. Қуруқлик экотизимларини ҳимоялаш ва тиклаш, улардан оқилона фойдаланишга кўмаклашиш, ўрмонлардан оқилона фойдаланиш, чўлланишга қарши курашиш, ерларнинг емирилишини тўхтатиш ва ортга қайтариш, биохилма-хилликнинг йўқолиб кетиши жараёнини тўхтатиш.

16-мақсад. Барқарор ривожланиш мақсадлари йўлида тинчликсевар ва очиқ жамиятлар барпо этилишига кўмаклашиш, барча учун одил судлов имкониятидан фойдаланишни таъминлаш ва барча даражаларда самарали, ҳисобдор ва кенг иштирокка асосланган муассасаларни ташкил этиш.

17-мақсад. Барқарор ривожланиш мақсадларида Глобал шериклик доирасида амалга ошириш воситаларини мустаҳкамлаш ва ишларни фаоллаштириш.

 

Ўзбекистон Республикаси Президентнинг 2020 йил 29 декабрдаги Мурожаатномасининг ўзига хос жиҳатлари:

биринчи, Мурожаатнома, ўтган йиллардан фарқли равишда, мураккаб бир даврга, яъни бутун инсоният коронавирус пандемияси деган глобал офатни бошидан ўтказаётган шароитга тўғри келди;

иккинчи, Мурожаатнома нафақат Олий Мажлисга, балки олийжаноб халқимизга қарата йўлланди;

учинчи, Мурожаатномада бутун дунёнинг 2020 йилдаги умумий қиёфаси гавдалантирилди, унинг мавжуд ҳолати қисқа ва лўнда очиб берилди;

тўртинчи, Мурожаатномада қамраб олинган масалалар юзасидан берилган таклифларни амалга оширишнинг аниқ механизмлари ҳам кўрсатиб берилди;

бешинчи, Мурожаатномада мамлакатимиз давлат ва жамият бошқаруви, суд-ҳуқуқ, иқтисодиёт, ижтимоий ҳаёт ва бошқа соҳаларда жорий этилиши лозим бўлган янги институтларнинг яратилиши учун сиёсий ва ғоявий замин яратилди.

 

Мурожаатнома тузилиши жиҳатидан икки асосий қисмдан иборат.

Биринчи қисмда ­- 2020 йилда амалга оширилган ислоҳотлар, эришилган натижалар мужассам этилган.

2020 йилда “Илм, маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш” Давлат дастурига мувофиқ янги Ўзбекистонни барпо этиш бўйича барча соҳаларда ислоҳотларни қатъий давом эттирилди.

Халқаро валюта жамғармаси ва халқаро рейтинг агентликлари таҳлилларига кўра Ўзбекистон дунёнинг саноқли давлатлари қаторида ижобий ўсиш суръатларини сақлаб қолди.

Европа Иттифоқи тузилмалари билан  яқин ҳамкорликда мамлакатимизга кенгайтирилган савдо преференциялари – “GSP+” тизимини татбиқ этиш бўйича, муҳим қадамлар ташланди.

Мамлакатимизнинг халқаро молия бозорларига чиқиш имкониятлари янада яхшиланди, илк бор миллий валютада 2 триллион сўмлик давлат еврооблигациялари паст фоизларда жойлаштирилди.

Республикамизда 197 та йирик, минглаб кичик ва ўрта корхоналар ҳамда инфратузилма объектлари барпо этилди.

Тошкент шаҳрида 2 та янги метро станцияси ва илк бор 18 километрлик ер усти метроси фойдаланишга топширилди.

Қишлоқ хўжалигидаги ислоҳотлар, ер майдонлари тўлиқ хусусий кластер ва кооперацияларга берилгани пахтачиликда ҳосилдорликни бир йилда ўртача 10 фоизга ошириш имконини яратди.

Мева-сабзавотчилик, ғаллачилик ва чорвачиликда ҳам 500 га яқин кластер ва кооперациялар фаолияти йўлга қўйилди. Бунинг натижасида, пандемиянинг салбий таъсирига қарамасдан, 1 миллиард долларлик мева-сабзавот экспорт қилинди.

Бу йил 91 минг гектар ер майдони қайтадан фойдаланишга киритилди. 133 минг гектар ёки ўтган йилга нисбатан 2 баробар кўп майдонда сувни тежайдиган технологиялар жорий этилди.

Тадбиркорликни кенг қўллаб-қувватлаш бўйича кўплаб имтиёз ва енгилликлар берилди. Тадбиркорлик субъектларига 100 триллион сўм ёки 2016 йилга нисбатан қарийб 4 баробар кўп кредитлар ажратилди.

2020 йил аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш борасида туб бурилиш йили бўлди.

Аввало, аҳолининг муайян қатлами ўртасида камбағаллик мавжудлигини биринчи марта тан олиб, уни қисқартириш бўйича кенг қамровли ишларни бошланди.

Барча туман ва шаҳарларда, ҳар бир маҳаллада эҳтиёжманд оилалар, аёллар ва ёшлар билан манзилли ишлаш бўйича мутлақо янги – “темир дафтар” тизими жорий этилди. Қисқа муддатда бу тизим орқали 527 минг фуқаронинг бандлиги таъминланди.

Ўзини ўзи банд қилган аҳоли учун солиқ имтиёзлари берилиши ҳамда кўпгина чекловларнинг бекор қилиниши туфайли 500 минг нафар фуқаро меҳнат фаолиятини қонуний тарзда йўлга қўйди.

Деҳқон хўжалиги ва томорқа ер эгаларига 300 миллиард сўм имтиёзли кредит ва субсидия ажратилгани ҳам қишлоқ аҳолисини ижтимоий қўллаб-қувватлашда янги йўналишга айланди.

Марказлашган ичимлик сув таъминотини яхшилаш учун 3 триллион сўм ёки 2016 йилга нисбатан 5 баробар кўп маблағ ажратилди. Натижада аҳолининг тоза ичимлик суви билан таъминланиш даражаси 73 фоизга етди.

Ижтимоий нафақа олувчилар қамрови 2 баробарга оширилиб, 1 миллион 200 минг нафарга етказилди. Ушбу мақсадларга бюджетдан 2016 йилга нисбатан 5 баробар кўп маблағ ажратилди.

Кичик ёшдаги болаларни мактабгача таълим билан қамраб олиш даражаси 4 йил давомида 2 баробар ортиб, 60 фоизга етди. Боғчалар сони эса 3 баробарга кўпайиб, 14 мингдан ошди.

Олий таълимга қабул параметрлари 2016 йилга нисбатан 2,5 баробарга ўсди, ёшларимизни олий таълим билан қамраб олиш даражаси 9 фоиздан 25 фоизга етди.

Эҳтиёжманд оилаларнинг мингга яқин қизлари илк бор олий ўқув юртларига алоҳида давлат грантлари асосида қабул қилинди.

Ўзбекистон “Очиқ маълумотларни кузатиш” халқаро индексида 125 поғонага кўтарилиб, 44-ўринни эгаллади. Бунда давлат ва жамият бошқаруви соҳасидаги 20 та йўналиш бўйича кўрсаткичларни ошкор қилиб бориш амалиёти жорий этилгани муҳим аҳамият касб этди.

“Иқтисодий эркинлик” рейтингида ҳам мамлакатимизнинг 26 поғона кўтарилгани ислоҳотларимизнинг халқаро майдондаги яна бир эътирофи бўлди.

Суд-ҳуқуқ соҳаси, жумладан, жиноий жазоларни либераллаштириш борасидаги ислоҳотларимиз ҳам изчил давом эттирилди. Натижада судланган шахсларнинг 74 фоизига нисбатан озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган жазолар тайинланди.

Жазо муддатини ўтаётган ва тузалиш йўлига қатъий кирган 616 нафар фуқаро афв этилди. Судлар мустақиллиги таъминланиши натижасида жорий йилнинг ўзида 719 нафар фуқарога нисбатан оқлов ҳукми чиқарилди.

Ўзбекистон фуқаролари қаерда бўлмасин, уларнинг конституциявий ҳуқуқлари ишончли ҳимоя қилинмоқда. “Меҳр-3” операцияси амалга оширилиб, Суриядан яна 98 нафар фуқаро, асосан аёллар ва болалар Ватанимизга олиб келингани бунинг яққол тасдиғидир.

Жаҳонда кечаётган мураккаб геосиёсий жараёнлар, коронавирус пандемияси ва глобал иқтисодий инқироз шароитида Ўзбекистон очиқ ва прагматик ташқи сиёсатни фаол олиб бормоқда. Халқаро майдондаги қатъий саъй-ҳаракатларимиз натижасида юртимизнинг нуфузи ва обрў-эътибори тобора юксалмоқда.

Мамлакатимиз тарихда биринчи марта Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашига аъзо этиб сайланди. 

АҚШ давлат департаменти томонидан Ўзбекистон диний эркинлик соҳасидаги “махсус кузатувдаги давлатлар” рўйхатидан чиқарилди.

Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг олий минбаридан илгари сурган глобал ва минтақавий ташаббусларимиз дунё ҳамжамияти томонидан катта қизиқиш билан қабул қилиниб, қўллаб-қувватланмоқда.

 Иккинчи қисмда 2021 йилнинг устувор йўналишлари ва  амалга оширилиши зарур бўлган вазифалар ва ташаббуслар ҳамда янги ғоялар ўз ифодасини топди.

2021 йилда Ўзбекистон Республикасининг давлат мустақиллигига 30 йил тўлади. Бу тарихий сана бутун халқимиз билан биргаликда “Янги Ўзбекистонда эркин ва фаровон яшайлик!” деган эзгу ғоя асосида кенг байрам қилинади.

Биз ўз олдимизга мамлакатимизда Учинчи Ренессанс пойдеворини барпо этишдек улуғ мақсадни қўйган эканмиз, бунинг учун янги Хоразмийлар, Берунийлар, Ибн Синолар, Улуғбеклар, Навоий ва Бобурларни тарбиялаб берадиган муҳит ва шароитларни яратишимиз керак. 

Шу мақсадда “Янги Ўзбекистон – мактаб остонасидан, таълим-тарбия тизимидан бошланади”, деган ғоя асосида кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилади.

Биринчидан, ёш авлодга боғча, мактаб ва олийгоҳда сифатли таълим-тарбия беришни йўлга қўямиз, улар жисмоний ва маънавий соғлом, ватанпарвар инсонлар бўлиб улғайиши учун барча куч ва имкониятлар сафарбар этилади.

Иккинчидан, ёшлар замонавий билим ва тажрибалар, миллий ва умумбашарий қадриятлар асосида мустақил ва мантиқий фикрлайдиган, эзгу фазилатлар эгаси бўлган инсонлар этиб вояга етказилади.

Учинчидан, ўғил-қизларимизни меҳнат бозорида талаб юқори бўлган замонавий касб-ҳунарларга ўргатиш, уларда тадбиркорлик кўникмалари ва меҳнатсеварлик фазилатларини шакллантириш ҳамда ташаббусларини рўёбга чиқариш, иш ва уй-жой билан таъминлашга устувор аҳамият қаратилади.

 

2021 йил, яъни  “Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили” номида белгиланган соҳаларни тубдан ислоҳ қилиш ва янада ривожлантириш бўйича қуйидаги кенг кўламли ишларни амалга ошириш лозимлиги қайд қилинди.

Биринчидан, бола дунёга келганидан бошлаб, унда айнан мактабгача бўлган ёшда ақлий фаоллик ошади, ахлоқий-эстетик ва жисмоний хислатлар шаклланади.

2021 йил якуни билан мактабгача таълим қамровини 65 фоизга, 2023 йил охирида эса 75 фоизга етказишимиз керак. Бу ишларга бюджетдан 600 миллиард сўм субсидия бериш ҳисобидан қўшимча равишда 2 мингта нодавлат боғча ташкил этилиб, хусусий сектор улуши 25 фоизга етказилади.

Иккинчидан, мактаб таълимини тубдан яхшилаш ва унинг сифатини ошириш, муаллимларга муносиб шароит яратиш борасидаги ислоҳотлар жадал давом эттирилади.

30 та янги мактаб қуриш, 320 та мактабни таъмирлаш ва моддий-техник базасини яхшилаш мақсадида бюджетдан 2 триллион сўм ажратилади.

Илғор хорижий тажриба асосида, болага ортиқча юклама бермайдиган “Миллий ўқув дастури жорий этилади.

Юртимизда 10 та Президент мактаби, кимё-биология, математика, ахборот технологияларига ихтисослашган 197 та мактаб ўз фаолиятини бошлайди.

Учинчидан, олий таълимнинг қамрови ва сифатини оширишга алоҳида эътибор қаратилади.

Олий таълимга ажратиладиган давлат грантлари сони камида 25 фоизга оширилади.

Олий ўқув юртларига қабул қилишда эҳтиёжманд оилалар қизлари учун грантлар сонини 2 баробарга кўпайтириб, 2 мингтага етказамиз. Аъло баҳоларга ўқиётган, ижтимоий ҳимояга муҳтож қизлар учун махсус стипендиялар жорий этилади.

Олийгоҳлар ва таълим тизимининг қуйи бўғинлари ўртасидаги узвийликни кучайтириш мақсадида 65 та академик лицей олий ўқув юртлари тасарруфига ўтказилади. Шунингдек, 187 та техникум ҳам ўз йўналиши бўйича турдош олийгоҳ ва тармоқ корхоналарига бириктирилади.

“Эл-юрт умиди” жамғармаси орқали етакчи хорижий олий ўқув юртларининг магистратура ва докторантурасида ўқишга юбориладиган ёшлар сони 5 баробарга оширилади. Бу дастур орқали илк бор бакалавр йўналишида чет элларга 100 нафар ўғил-қизларимизни юборамиз. Кейинги йиллардан уларнинг сони 2-3 баробарга кўпайтирилади.

Янги йилда юртимиздаги 30 та етакчи олийгоҳга ўқув дастурларини ишлаб чиқиш, қабул квотаси ва молиявий масалаларни мустақил ҳал қилиш ҳуқуқи берилади.

Тўртинчидан, мамлакат тараққиётининг замини, ҳеч шубҳасиз, илм-фан ва инновациялардир.

Илм-фан соҳасида олийгоҳлар ва илмий ташкилотлардаги докторантлар сони 4,5 мингтага етказилади ёки 2017 йилга нисбатан 3 баробарга оширилади.

Илғор халқаро амалиёт асосида доцент ва профессор илмий унвонлари, фалсафа ва фан доктори илмий даражаларини бериш ваколати ўз йўналиши бўйича нуфузли бўлган олийгоҳларнинг илмий кенгашларига ўтказилади.

Физика ва чет тилларини ўрганишни устувор йўналиш этиб белгиланди.

Бешинчидан, ёшлар ўртасида бандликни таъминлаш ва тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш масаласи эътиборимиз марказида бўлади.

Бунинг учун келгуси йилда профессионал таълим тизими меҳнат бозоридаги талаб ва халқаро андозаларга мос янгича ёндашувлар асосида ислоҳ қилинади. Бундан буён ишчи касблар бўйича талаб қўйишда малака асосий ўринга чиқади.

Олтинчидан, эҳтиёжманд оилаларнинг фарзандлари, чин етим, ногиронлиги бўлган ва даволанишга муҳтож болаларга алоҳида меҳр-мурувват кўрсатиш бўйича янги тизим жорий этилади.

Олий Мажлис палаталари Болаларни қўллаб-қувватлаш жамоат фонди фаолиятини қонун даражасида мустаҳкамлаб, бу борада фаоллик кўрсатган юртдошларимизни рағбатлантиришни ҳам назарда тутилади. Шунингдек, Болалар Омбудсмани тўғрисидаги қонунни қабул қилиш чоралари кўрилади.

2021 йил учун яна бир муҳим йўналиш сифатида белгиланган тиббиёт соҳасида қуйидаги устувор вазифаларга алоҳида эътибор қаратилади.

Биринчидан, келгуси йилда ҳам коронавирус пандемиясига қарши курашни тизимли равишда давом эттириш – энг муҳим вазифаларимиздан бири бўлади.

Бу ишлар учун 2021 йил давлат бюджетида 3 триллион сўм захира шакллантирилди. Ушбу маблағлар ҳисобидан, албатта, аҳолини коронавирусга қарши эмлаш тадбирлари ҳам амалга оширилади.

Иккинчидан, она ва бола соғлиғига эътибор – жамиятга, келажакка эътибордир.

Шу мақсадда кейинги йилдан бошлаб 15 ёшгача бўлган болалар ва ҳомиладор аёлларга 7 турдаги витаминлар, болалар учун паразитар касалликларга қарши дори воситалари бепул тарқатилади. Бу жараён билан 2021 йилда – 11 миллион нафар, 2022 йилда – 17 миллион нафар аҳоли қамраб олинади ва бу ишларга 100 миллиард сўм маблағ йўналтирилади.

Учинчидан, тиббиётнинг бирламчи бўғинини кучайтириш, айниқса, қишлоқ ва маҳаллаларда тиббий хизматни сифат жиҳатидан янги босқичга кўтарилади.

Тўртинчидан, ҳозирги кунда 12 мингдан зиёд фуқароларимиз оқ қон ва оғир ирсий гематологик касалликдан азият чекмоқда. Шу сабабли келгуси йилда онко-гематология соҳаси ҳамда даволаш қийин бўлган касалликлар бўйича мураккаб диагностика ва тиббий амалиётлар учун бюджетдан 250 миллиард сўм ажратилади.

Бешинчидан, жисмоний тарбия ва спортни янада оммалаштириш – аҳоли саломатлигини таъминлашда муҳим омилдир.

70 та жисмоний тарбия ва спорт муассасаси, 16 мингта боғча ва мактабларни спорт жиҳозлари билан таъминлашга 100 миллиард сўм ажратилади. Шунингдек, барча туман марказлари ва шаҳарларда махсус пиёдалар ва велосипед йўлаклари барпо этилади.

Олтинчидан, халқимизнинг маданий-маърифий ҳаётини юксалтириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилади.

Бунда маданият ва санъат муассасалари фаолиятини жонлантириш, уларнинг моддий-техник базасини мустаҳкамлашга бюджетдан 420 миллиард сўм йўналтирилади. Жумладан, ҳудудларда 22 та театр ва маданият объекти қурилади ва реконструкция қилинади.

Тошкент шаҳрининг марказида Миллий академик драма театри, машҳур япон архитектори Тадао Андо лойиҳаси асосида янги санъат музейи, замонавий кутубхона ҳамда Алишер Навоий номидаги халқаро ижод мактабидан иборат маданият ва маърифат мажмуасини барпо этиш бўйича амалий ишлар бошланади. Мустақиллигимизнинг 30 йиллигига бағишлаб пойтахтимиз марказида “Истиқлол” мажмуаси қад ростлайди.

Илгари кўп йиллар давомида ўтказиб келинган Тошкент халқаро кинофестивали “Ипак йўли дурдонаси” – Тошкент халқаро кинофестивали номи билан қайта ташкил этилади.

 2021 йилда иқтисодий ислоҳотларнинг пировард мақсади камбағалликни қисқартириш ва аҳоли фаровонлигини оширишдан иборат бўлади. 

Биринчидан, камбағалликни қисқартириш борасида комплекс ёндашув ва ностандарт усулларни жорий этамиз.

Бир ҳақиқатни аниқ тушуниб олишимиз керак – камбағаллик масаласи кредит, ижтимоий нафақа ёки уй бериш билан ўз-ўзидан ҳал бўлиб қолмайди. Бунинг учун таълим, соғлиқни сақлаш, касб-ҳунарга ўқитиш, ичимлик сув, энергия ва йўл инфратузилмаси билан боғлиқ комплекс муаммоларни ҳал этиб бориш керак.

Иккинчидан, иқтисодиётда таркибий ўзгаришларни амалга оширишда давлат компанияларини трансформация қилишни жадаллаштириш керак.

Умуман олганда, давлат улуши бўлган корхоналар сони, 2021-2022  йилда камида 3 баробар қисқартирилади.

Учинчидан, товар ва молия бозорларида эркин рақобат муҳитини шакллантириш ҳамда тадбиркорларга хомашё сотиб олиш учун тенг имкониятлар яратилади.

2021 йилда 24 та йирик давлат корхонасига давлат хариди бўйича очиқ-ошкора талаблар жорий этилади. Натижада маҳаллий тадбиркорларимиз ҳар йили камида 10 триллион сўмлик маҳсулотларини ушбу корхоналарга сотиш имкониятига эга бўлади.

Бундан буён барча давлат харидлари жамоатчилик ва Парламент назоратида бўлади.

Тўртинчидан, иқтисодий ўсишга, аввало, рақобатдош саноат занжирларини яратиш ҳамда бундай лойиҳаларга инвестицияларни кўпайтириш орқали эришилади.

Бешинчидан, макроиқтисодий барқарорлик – иқтисодий ислоҳотларнинг мустаҳкам пойдеворидир.

Шунинг учун келгуси йилда инфляциявий таргетлаш доирасида нарх-наво ўсишини 10 фоиздан оширмаслик Марказий банк ва Ҳукуматнинг асосий вазифаси бўлади. 

Бу борада глобал пандемия озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашга жиддий эътибор қаратиш зарурлигини яна бир бор тасдиқлади. Шу боисдан ҳам асосий озиқ-овқат маҳсулотлари нархининг кескин ошиб кетишига йўл қўймаслик мақсадида импорт соҳасидаги бож тўловлари бўйича берилган имтиёзлар яна бир йилга узайтирилади.

Олтинчидан, тадбиркорлик ва кичик бизнесни ривожлантириш бўйича янада қулай шароитлар яратилади.

Еттинчидан, камбағалликни қисқартириш ва қишлоқ аҳолиси даромадларини кўпайтиришда энг тез натижа берадиган омил бу – қишлоқ хўжалигида ҳосилдорлик ва самарадорликни кескин ошириш чоралари кўрилади.

Саккизинчидан, барча вилоят, туман ва шаҳар ҳокимлари биринчи марта 2020 йил бошида ўз зиммасига олган мажбурият ва режалари ижроси ҳақида маҳаллий кенгашлар олдида ҳисобот берди.

Тўққизинчидан,  аҳолининг ижтимоий ҳимояси янада кучайтирилади.

Ногиронликни белгилашнинг жаҳон андозаларига мос “ижтимоий модели”га босқичма-босқич ўтилади.

Ўнинчидан, янги экспорт бозорларига чиқиш Ҳукуматнинг энг асосий вазифаларидан бири бўлиб қолади.

 

Давлат бошқарувидаги самарадорликка эришиш мақсадида қуйидаги вазифаларни амалга ошириш лозим.

Биринчидан, давлат бошқаруви идоралари фаолиятини тубдан такомиллаштириш талаб қилинади.

Бошқарувда бир-бирини такрорлайдиган идоралар, функциялар ва бюрократик тўсиқларни қисқартириш бўйича ҳужжатлар лойиҳаларини тайёрланади ва давлат бошқаруви ходимлари сонини ўртача 15 фоизгача оптималлаштиришни назарда тутилади.

2021 йил охирига қадар электрон давлат хизматларини 60 тага кўпайтириб, уларни 300 тага, масофавий хизматлар улушини эса камида 60 фоизга етказиш зарур.

Иккинчидан, бошқарув идораларининг ҳудудий масалаларни ҳал қилишдаги масъулият ва жавобгарлиги кучайтирилади.

Ҳар бир вазирлик ўз ишини туман, шаҳар, қишлоқ ва маҳалла кесимида режалаштиради ва ташкил этади. Вазирлар ва уларнинг ўринбосарлари фаолиятига жойларда амалда қандай ўзгариш бўлганига қараб баҳо берилади.

Учинчидан, маҳаллий ижро органлари, вакиллик идоралари ҳамда маҳалланинг институционал асослари янада такомиллаштирилади.

Бундан буён маҳалладаги ишларнинг аҳволи вазирлик, идоралар ва ҳокимликлар ишини баҳолашда бош мезон бўлади.

Маҳалла раиси ва унинг ўринбосарлари ваколатларини кенгайтириб, уларга аҳоли муаммоларини бевосита ҳал қилиш имконини яратишимиз керак. Бунда маҳалла раисига маҳаллий кенгаш мажлисида кўрилиши мажбурий бўлган масалаларни киритиш ҳуқуқини бериш лозим. Бу орқали муаммоларни тезкор ҳал қилишга эришиш имконияти яратилади.

Маҳаллада ишлаётган малакали ва ташаббускор кадрларни давлат идоралари раҳбарлик лавозимларига тавсия этиш тизими йўлга қўйилади.

Тўртинчидан, коррупциянинг ҳар қандай кўринишига муросасиз бўлиш кундалик ҳаёт тарзимизга айланиши шарт.

Бу иллатга қарши курашишга барча давлат органлари, сиёсий партиялар, жамоат ташкилотлари, оммавий ахборот воситалари, умуман, ҳар бир фуқаро сафарбар этилиши зарур.

Бешинчидан, ислоҳотларимиз самарасини ҳар бир инсон ўз ҳаётида ҳис этиши учун қабул қилинаётган ҳужжатлар ижросини ўз вақтида ва самарали таъминлаш лозим.

Сўнгги 4 йилда барча соҳаларда кенг кўламли ўзгаришларни амалга ошириш бўйича 150 та қонун, 2 мингга яқин фармон ва қарорлар қабул қилинди. Лекин жойларда барча раҳбарлар ҳам ушбу ҳужжатлар мазмун-моҳиятини тушуниб, берилган имкониятлардан фойдаланмоқда, аҳоли ва тадбиркорларга зарур шарт-шароит яратмоқда, деб айта олмаймиз.

Олтинчидан, давлат ва жамият бошқарувида аёлларнинг ўрни ва мавқеини янада мустаҳкамлаш –ислоҳотларимизнинг энг устувор йўналишларидан биридир.

Еттинчидан, эркин фуқаролик жамиятини ривожлантиришда нодавлат нотижорат ташкилотлари ва оммавий ахборот воситаларини қўллаб-қувватлашни давом эттирамиз.

Шу билан бирга, Қонунчилик палатасида нодавлат нотижорат ташкилотларининг доимий вакили институтини жорий этишни таклиф қиламан. Ушбу вакил қуйи палата йиғилишларида иштирок этиш, қабул қилинаётган қонунларга таъсирчан жамоатчилик назорати ва ижтимоий шериклик масалаларини киритиш бўйича таклифлар бериш ваколатига эга бўлиши зарур, деб ҳисоблайман.

Оммавий ахборот воситалари мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ўзгаришларни холис ёритиш билан бирга, жойлардаги мавжуд долзарб муаммоларга давлат идоралари ва жамоатчилик эътиборини қаратиб, уларни бартараф этишга барча даражадаги раҳбарларни даъват этиб, ундаб келаётганини алоҳида таъкидлаб ўтмоқчиман. Улар том маънода “тўртинчи ҳокимият”га айланиб бормоқда.

Аччиқ ва танқидий материаллар жойлардаги кўплаб амалдорларга ёқмаслиги, уларнинг тинчини ва ҳаловатини бузаётгани ҳам бор гап. Лекин ошкоралик ва сўз эркинлиги бу – давр талаби, бу – Ўзбекистондаги ислоҳотларнинг талаби.

Биз ўтган тўрт йил давомида жамиятимизда ошкоралик ва очиқлик, сўз эркинлиги муҳитида яшаш ва ишлашга аста-секин ўрганиб боряпмиз.

 Инсон ҳуқуқ ва эркинликларини кафолатли ҳимоя қилиш, қонун устуворлигини таъминлашга қаратилган ислоҳотлар янги йилда ҳам изчил давом эттирилади.

Адолат бу – давлатчиликнинг мустаҳкам пойдеворидир. Адолат ва қонун устуворлигини таъминлашда эса суд ҳокимияти ҳал қилувчи ўринни эгаллайди.

Бу борада қуйидаги ишлар амалга оширилади.

Биринчидан,  “бир суд – бир инстанция” тамойили суд қарорларининг адолатли, қонуний ва барқарорлигини таъминлашда бош мезон бўлади.

Суд тизимида рақамлаштириш янада кенгайтирилиб, фуқароларимизга суд биносига келиб юрмасдан, “онлайн” тартибда мурожаат қилиш имконияти яратилади. Шунингдек, фуқаролар ўз аризаларини кўриб чиқиш жараёнини масофадан туриб кузатиб бориши мумкин бўлади.

Иккинчидан, жазони ижро этиш тизимида инсонпарварлик тамойилини кенг қўллаш борасидаги ишлар давом эттирилади. Жумладан, халқаро стандартлардан келиб чиқиб, 25 та манзил-колониялар босқичма-босқич қисқартирилади.

Учинчидан, тезкор-қидирув, тергов ва жазони ижро этиш соҳасида қийноқларнинг олдини олиш тизимини тубдан такомиллаштирилади.

Олий Мажлис палаталари ҳар йили Омбудсманнинг қийноқларнинг олдини олиш бўйича маърузасини эшитиб, бу иллатга бутунлай барҳам бериш бўйича зарур чора-тадбирларни белгилаши лозим.

Тўртинчидан, ўтган йили 1995  йилгача юртимизга кўчиб келганларга Ўзбекистон фуқаролигини тўғридан-тўғри бериш тартиби белгиланди. Бу билан 50 минг нафардан ортиқ шахсларга фуқаролик олиш имконияти яратилди.

Бундан буён юртимизда 15 йил давомида муқим яшаган фуқаролиги бўлмаган шахсларга тўғридан-тўғри Ўзбекистон фуқаролигини беришнинг доимий тартиби жорий қилинади.

2021 йилда мамлакатимизнинг ташқи сиёсатини амалга оширишда қуйидаги вазифаларга устувор аҳамият берилади.

Биринчидан, давлатимиз олиб бораётган очиқ, прагматик ва амалий ташқи сиёсатни инобатга олиб ҳамда узоқ муддатли стратегик мақсадларимиздан келиб чиққан ҳолда, Ўзбекистон Республикасининг Ташқи сиёсий фаолият концепцияси такомиллаштирилади.

Иккинчидан, ташқи сиёсатимизнинг устувор йўналиши бўлган Марказий Осиё давлатлари билан кўп асрлик дўстлик ва яхши қўшничилик, стратегик шериклик ва ўзаро ишонч руҳидаги алоқаларимизни янада мустаҳкамлашга алоҳида эътибор қаратамиз.

Учинчидан, асосий хорижий шерикларимиз ҳисобланган Россия, Хитой, Америка Қўшма Штатлари, Туркия, Германия, Франция, Буюк Британия, Жанубий Корея, Япония, Ҳиндистон, Покистон, Бирлашган Араб Амирликлари ва бошқа давлатлар билан кўп қиррали ва ўзаро манфаатли алоқаларни янада кенгайтирамиз.

Тўртинчидан, биз қўшни Афғонистон заминида тинчлик ўрнатилишига қатъий ишонамиз ва бу эзгу йўлда амалий ёрдамни бундан кейин ҳам аямаймиз.

Бешинчидан, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти, бошқа нуфузли халқаро ва минтақавий тузилмалар билан яқин ҳамкорликни ривожлантириш масалалари доимо эътиборимиз марказида бўлади.

Олтинчидан, инсон ҳуқуқларини таъминлаш, сўз ва диний эътиқод эркинлиги бўйича эришаётган ютуқларимизни тегишли халқаро ташкилотлар билан ҳамкорликда изчил мустаҳкамлаб борамиз.

Келгуси йилда Бирлашган Миллатлар Ташкилоти шафелигида “Инсон ҳуқуқлари бўйича таълим” глобал форуми, ёшлар ҳуқуқларига бағишланган Бутунжаҳон ёшлар анжумани, диний эркинлик масалалари бўйича минтақавий конференцияларни ўтказилади.

Еттинчидан, дунёнинг кўплаб мамлакатларидаги ватандошлари-мизни қўллаб-қувватлаш ва улар билан алоқаларимизни янада мустаҳкамлаш мақсадида “Ватандошлар” жамғармасини тузишни таклиф этилди.

Саккизинчидан, жамиятда миллатлараро тотувлик ва бағрикенглик муҳитини мустаҳкамлашга қаратилган ишларимизни сифат жиҳатдан янги босқичга олиб чиқилади.

Тўққизинчидан, минтақамизда, бутун дунёда экологик вазиятнинг тобора ёмонлашиб бораётгани бизни жиддий ташвишга солади.

Қўшни давлатлар ва жаҳон жамоатчилиги билан биргаликда Орол денгизи ҳалокати оқибатида юзага келган экологик фожиалар таъсирини юмшатишга қаратилган ҳаракатлар қатъий давом эттирилади.

 2021 йилда давлатимиз ва халқимиз ҳаётида катта сиёсий воқеа – Президентлик сайлови бўлиб ўтади.

Марказий сайлов комиссияси бўлажак сайлов миллий қонунчилигимиз ва умумэътироф этилган халқаро демократик тамойиллар асосида, юксак савияда ташкил этилишига алоҳида эътибор қаратиши лозим.

Биринчи навбатда, сайлов комиссиялари аъзоларининг сайлов қонунчилиги ва халқаро стандартлар бўйича билимларини тизимли асосда шакллантириш керак.

Ўтган сайловларда халқаро кузатувчилар томонидан берилган мақбул тавсияларни миллий қонунчилик ва амалиётга татбиқ этиш ишларини давом эттирамиз.

Бу муҳим сиёсий кампания янги Ўзбекистон шароитида сайловчиларимиз, барча фуқароларимизнинг сиёсий ва ҳуқуқий маданияти, дунёқараши, гражданлик позицияси юксалиб бораётганини яна бир бор намоён этади, деб ишонаман.

Президентимиз Шавкат Мирзиёев таъкидлаганидек, ­- “Ҳеч шубҳасиз, ўз кучимиз ва имкониятларимизга бўлган ишонч бизни Учинчи Ренессанс пойдеворини яратишдек эзгу мақсад йўлида бирлаштириб, янада кучли ва мустаҳкам қилмоқда. Бу интилишлар улкан амалий ишларга айланиб, буюк халқ ҳаракати тобора кенгайиб бормоқда. Бундай қудратли сафда бўлишнинг ўзи катта бахт, катта шарафдир.

Барчамизга ана шу улуғ сафда бошқаларга ибрат ва намуна бўлиш, жонажон Ватанимиз, азиз халқимизга фарзандлик меҳри ва садоқати билан хизмат қилиш насиб этсин!

 Юклаб олиш

Leave a comment

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan