Сенат Раиси Т.Нарбаева: Ўзбекистон-Россия парламентлараро алоқалар самарали ривожланмоқда – Қонунчилик муаммолари институти
Янгиликлар

Ўзбекистон Республикаси делегациясининг Россия Федерациясига расмий ташрифи доирасида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раиси Т. Нарбаева Россия Федерацияси Федерал Мажлиси Федерация Кенгаши Раиси В. Матвиенко билан учрашди. Учрашув давомида парламентлараро алоқалар масалалари кўриб чиқилди.

— Ўзбекистоннинг ижтимоий-сиёсий ва иқтисодий ҳаётида парламентнинг ўрни ва аҳамиятини кучайтириш вазифаси мамлакатимизнинг энг муҳим устувор йўналишларидан бири ҳисобланади. Ўзбекистон-Россия парламентлараро алоқалари самарали ривожланаётганини мамнуният билан қайд этмоқчиман, — деди Сенат Раиси Т.Нарбаева. – Икки давлат раҳбарлари даражасида эришилган келишувларни ҳамда Ўзбекистон ва Россия ўртасида имзоланган битимларини самарали амалга оширишга, савдо-иқтисодий ва маданий-гуманитар алоқаларни ривожлантириш бўйича ҳудудлараро ҳамкорликни ривожлантиришга кўмаклашиш учун икки мамлакат парламентлари ўртасида мунтазам мулоқот олиб борилмоқда.

Давлатларимиз ҳаётида парламентларнинг роли ошиб бораётганлиги икки томонлама муносабатларда қулай муҳит яратиш, ўзаро ишончни кучайтириш, ҳамкорликнинг ҳуқуқий асосларини шакллантиришда “халқ дипломатияси”ни фаоллаштиришни тақозо қилмоқда.

Бу жараёнда икки мамлакат парламентларининг юқори палаталарида ташкил этилган Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати ва Россия Федерацияси Федерал Мажлиси Федерация Кенгаши парламентлараро ҳамкорлик комиссияси муҳим ўрин тутади.

Россия Федерацияси Федерал Мажлиси Федерация Кенгаши Раиси икки мамлакат қонун чиқарувчи органлари ўртасидаги яқин ҳамкорлик пандемия шароитида ҳам давом эттирилганини таъкидлади. Меҳнат миграцияси масалалари бўйича ҳамкорлик тўғрисида меморандум тайёрланиши ва тасдиқланиши биргаликдаги ишларнинг амалий натижаси бўлди. Ҳудудлараро алоқаларни ривожлантириш икки томонлама ҳамкорликнинг муҳим йўналишига айланди.

Томонлар Москвада II Ҳудудлараро ҳамкорлик форумини ўтказиш истиқболларини муҳокама қилдилар ва ўзаро ҳамкорликни ҳудудий парламентлар даражасида фаоллаштиришни таклиф қилдилар.

www.senat.uz

Leave a comment

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan