2021 йил 14 апрель куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раиси Т.Нарбаева бошчилигидаги делегациянинг Россия Федерациясига расмий ташрифи доирасида Кремль деворидаги Номаълум аскар қабрига гул қўйиш маросими бўлиб ўтди.
Шундан сўнг Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раиси Танзила Нарбаева Россия Федерацияси Федерал Мажлиси Давлат Думаси Раиси Вячеслав Володин билан учрашди.

Парламентлараро алоқаларни ривожлантириш нуқтаи назаридан икки томонлама муносабатларнинг бугунги ҳолати ва истиқболлари тўғрисида фикр алмашилди. Ўзбекистон томони мамлакатимизда олиб борилаётган ислоҳотлар натижалари, икки томонлама ҳамкорликни ривожлантиришдаги муҳим масалалар ҳақида маълумот берди.
Суҳбат давомида Ўзбекистон парламенти юқори палатаси Раиси парламентлараро ҳамкорлик, минтақалар парламентлари, шунингдек, парламентлар қуйи ва юқори палаталарининг тегишли қўмиталари ўртасидаги алоқалар мустаҳкамланишини янада ривожлантиришга урғу берди. Шунингдек, Ўзбекистон ва Россия Президентлари ўртасида эришилган келишувлар ижросини таъминлашга, ишлаётган ва ўқиётган ватандошларимиз учун муносиб шарт-шароитлар яратишга қаратилган норматив-ҳуқуқий базани ишлаб чиқиш масалалари кўриб чиқилди.

В. Володин Ўзбекистонда олиб борилаётган ижтимоий-иқтисодий ва ижтимоий-сиёсий ислоҳотларни юқори баҳолаб, Ўзбекистон-Россия инвестиция лойиҳаларини муваффақиятли амалга оширишда Россиянинг кўмак беришга тайёрлигини таъкидлади.
Томонлар маданий-гуманитар ҳамкорликни янада чуқурлаштириш, таълим, тиббиёт соҳасидаги муносабатларни ривожлантириш, шунингдек ватандошларимиз парламентимиз юқори палатаси раҳбари билан бўлиб ўтган учрашувда кўтарган — бу ерда ишлаётган фуқароларимиз ва уларнинг фарзандлари ўз ота-оналари билан бирга яшашлари, таълим олишлари учун зарур шарт-шароитлар яратиш ва бошқа масалаларни муҳокама қилдилар.

Терроризм, наркотрафик ва ноқонуний миграцияга қарши курашиш, хавфсизликни мустаҳкамлаш ва рақамли суверенитетни таъминловчи қонунчиликни шакллантириш бўйича модель қонунлар тайёрлаш соҳасида ҳамкорлик қилиш масалалари ҳам кўриб чиқилди.
Томонлар парламент назоратини амалга ошириш бўйича тажриба алмашишдан, парламент дипломатиясини фаол тарғиб қилишдан манфаатдор эканликларини билдирдилар.



www.senat.uz