Томорқа хўжалигини тартибга солувчи яхлит ҳуқуқий механизм ишга тушди – Қонунчилик муаммолари институти
Мақолалар Янгиликлар

Мамлакатимизда қишлоқ хўжалигида маҳсулот етиштиришнинг инновацион усуллари жорий этилмоқда.

Хусусан, замонавий иссиқхоналар, мева-сабзавотларни сақлаш учун совитиш тизимига эга омборлар қуриш, интенсив боғлар яратиш борасида илғор технологиялар ҳаётга тадбиқ қилинаётгани бунга мисол бўла олади.

Айниқса коронавирус пандемияси шароити ва ундан кейинги даврда, аҳолини сифатли озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлаш, қишлоқ хўжалиги экинлари етиштиришда томорқа ер участкаларидан фойдаланиш самарадорлигини янада ошириш бугунги куннинг энг муҳим шартларидан бирига айланди.

Томорқа хўжалигининг амалдаги ҳолати – кечиктириб бўлмас ислоҳотлар ўтказишни талаб этаётганди

Аммо бугунги кунда мамлакатимиз аҳолисини озиқ-овқат маҳсулотлари билан тўлиқ таъминлаш борасида жуда катта экспорт салоҳиятига эга бўлган томорқа хўжалиги имкониятларидан етарлича фойдаланилмаётганлиги ҳам айни ҳақиқат.

Дарҳақиқат, давлатимиз раҳбари раислигида 2019 йил 22 февралда ўтказилган видеоселектор йиғилишида ҳам айни шу масала танқидий кўриб чиқилди. Жумладан, баъзи жойларда томорқага экин экмаслик ва қаровсиз ташлаб қўйиш ҳолатлари мавжудлиги ҳамда Ўзбекистон бўйича 328 мингта хонадондаги 20 минг гектар томорқадан самарали фойдаланилмаётганлиги алоҳида таъкидланган эди.

Ваҳоланки, томорқа – ризқ-рўз, қўшимча даромад манбаи, бандликни, арзончиликни таъминлашнинг самарали усули ҳисобланади. Одамларнинг ўзида ҳам экин экиш, даромад олиш истаги бор. Лекин нима экишни, уруғ, кўчатни қаердан олишни билмайди. Келгусида “маҳсулотни сота оламанми”, деган хавотир ҳам йўқ эмас.

Юқоридаги каби муаммолардан ташқари, томорқадан фойдаланишнинг алоҳида ҳуқуқий асоси мавжуд эмаслиги ҳам соҳа ривожига жиддий тўсиқ бўлаётганди. Хусусан, гарчи ҳар хил маъно англатса ҳам, шу вақтгача қонун ҳужжатларида қўлланилган “деҳқон хўжалиги” ҳамда “шахсий томорқа ер эгалари” тушунчалари маънолари бир хил, томорқа ер участкаларида қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириш билан шуғулланувчи субъектлар сифатида мустаҳкамланган.

“Томорқа хўжалиги тўғрисида”ги Қонун соҳанинг янги даврини бошлаб беради

Мамлакатимиз озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш ва қишлоқ хўжалигидаги ислоҳотларни мантиқий давом эттириш ҳамда ҳуқуқий жиҳатдан қўллаб қувватлаш мақсадида томорқа хўжалиги учун яхлит ва мустақил қонун ҳужжатини зарур эди.

Бошқача айтганда, амалга оширилган ислоҳотлар натижасида томорқа хўжалиги яхлит соҳа сифатида ўзининг янги ривожланиш босқичига ўтганлиги туфайли мазкур соҳанинг қонунчилик асосларини яратиш, шунингдек, томорқа хўжалигини юритишда ер участкаларидан фойдаланувчиларнинг ҳуқуқлари ва мажбуриятларини қонун билан мустаҳкамлаш талаб этади.

Шуни ҳисобга олган ҳолда жорий йилнинг 1 апрелида Ўзбекистон Республикасининг “Томорқа хўжалиги тўғрисида”ги Қонуни қабул қилинди.

Тузилишига кўра 19 моддадан иборат мазкур қонун томорқа хўжаликларини юритишни ташкил этиш ва уларни ривожлантириш соҳасидаги муносабатларни тартибга солади.

Томорқа хўжалигининг янги қонуний асослари ер эгаларининг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилади

Мазкур қонунда томорқа ер эгалари учун бир қатор енгилликлар ҳуқуқий жиҳатдан мустаҳкамланган. Хусусан, мазкур қонунга мувофиқ, томорқа хўжалигини юритиш қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини ҳам эркин савдо учун, ҳам оила эҳтиёжлари учун етиштириш имконини беради. Шунингдек, томорқа хўжалиги тадбиркорлик фаолияти ҳисобланмайди ва уни рўйхатдан ўтказиш ҳам талаб этилмайди.

Қонун билан ўрнатилган яна бир муҳим қоида шундан иборатки томорқа хўжалигида қишлоқ хўжалиги маҳсулотини етиштириш (қайта ишлаш) бўйича шахсий меҳнати билан иштирок этишга асосланган фаолиятни мустақил равишда амалга оширувчи шахс аҳоли бандлиги тўғрисидаги қонунчиликда белгиланган тартибда ўзини ўзи банд қилган шахс мақомини олиши мумкин.

Шу билан бирга, Қонунда шахсий томорқа ер участкаларидан томорқа хўжалигини юритиш учун фойдаланувчи шахсларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари белгиланган.

Хусусан, шахсий томорқа ер участкаларидан томорқа хўжалигини юритиш учун фойдаланувчи шахслар:

томорқа хўжаликларини эркин ва мустақил равишда бошқариш, шу жумладан етиштирилган ҳамда мустақил тарзда қайта ишланган қишлоқ хўжалиги маҳсулотини эркин реализация қилиш, мустақил равишда нарх белгилаш ва олинган даромадларни тасарруф этиш;

ўзи етиштирган ёки қайта ишлаган қишлоқ хўжалиги маҳсулотини бозорларда, савдо нуқталарида мустақил равишда ёки ўз вакиллари орқали монеликсиз ва эркин реализация қилиш;

мева-сабзавотчилик кластерлари билан ҳамкорлик қилиш, шунингдек мева-сабзавотчилик кооперативларига ихтиёрий равишда аъзо бўлиш;

қонунчиликда назарда тутилган имтиёзлардан, шу жумладан имтиёзли кредитлардан, субсидиялардан ва бошқа преференциялардан фойдаланиш;

Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгашига ихтиёрий равишда аъзо бўлиш;

шахсий томорқа ер участкаларида давлат органларининг, шу жумладан архитектура-қурилиш, экология, санитария-гигиена органларининг ҳамда ёнғин хавфсизлигини таъминловчи органларнинг рухсатномасини олиш заруратисиз енгил конструкциялардан иссиқхоналар қуриш;

сув ресурсларидан фойдаланиш ва бошқа шу каби ҳуқуқларга эга.

Қолаверса, қонун шахсий томорқа ер участкаларидан томорқа хўжалигини юритиш учун фойдаланувчи шахслар ер участкаларидан мақсадли ва оқилона фойдаланилишини таъминлаши, тупроқ унумдорлигини сақлаш ва ошириш чораларини кўриши, сув ресурсларидан оқилона ва тежаб фойдаланиши, уй-жой қуриш ҳуқуқисиз ажратилган ер участкаларида бинолар ва иншоотлар қурмаслиги, қишлоқ хўжалиги маҳсулотини етиштиришда экология ҳамда санитария талаблари ва нормаларига риоя этиши шартлиги каби мажбуриятларни ҳам белгилайди.

Амалдаги қоидалардан фарқли ўлароқ, энди томорқа хўжалигидаги фаолият томорқа хўжалиги эгасининг ва оила аъзоларининг шахсий меҳнатига асосланади.

Бундан ташқари, Қонунда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг, маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг шахсий томорқа ер участкаларида томорқа хўжаликларини юритишни ташкил этиш соҳасидаги ваколатлари, Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгашининг, Фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органларининг соҳада иштирокига оид масалалар акс эттирилган.

Шунингдек, томорқа хўжаликларининг ҳисоби фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари томонидан юритилиши белгиланган.

Хулоса қилиб айтганда, Томорқа хўжалиги тўғрисида”ги Қонуннинг қабул қилиниши орқали томорқа хўжалигидан самарали фойдаланиш йўлга қўйилади ҳамда шахсий томорқа ер эгалари ва уларнинг оила аъзоларининг ижтимоий-иқтисодий ҳолати яхшиланади, ерга оид ташкилотларнинг ҳамда хизмат кўрсатувчи бошқа ташкилотларнинг қишлоқ хўжалиги маҳсулотини етиштириш ва реализация қилишга доир сифатли хизматларидан фойдаланиш имконияти яратилади.

 

 

Бахадир Тажиев,
Олий Мажлис Сенатининг Аграр, сув хўжалиги
масалалари ва экология қўмитаси раиси
Рустамбек Сайидов,

Олий Мажлис ҳузуридаги Қонунчилик муаммолари
ва парламент тадқиқотлари институти бош илмий ходими.

www.senat.uz   www.uza.uz

Leave a comment

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan