Хусусий мулкка тажовуз қилишга ҳеч ким ҳақли эмас – Қонунчилик муаммолари институти
Янгиликлар

Интернет нашрлари ҳамда ижтимоий тармоқларда “Оёқяланг судрашди. Қонунни оёқости қилишди” – урганчлик аёл Сенат Раиси ва Бош прокурордан кўмак кутмоқда” сарлавҳаси билан эълон қилинган  хабар жамоатчиликнинг кенг муҳокамасига сабаб бўлмоқда.

Таъкидланишича, 2021 йил 19 июнь куни Урганч туманида ИИБ ходимлари ва бошқа идораларнинг вакиллари ҳокимнинг топшириғига кўра фуқаронинг омборида сақланаётган 30 тонна буғдойни мажбуран тортиб олгани, фуқаронинг мулкига тажовуз қилишгани, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар фуқаронинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш ўрнига уни хўрлашгани, соатлаб асоссиз ушлаб туришгани ва босим ўтказишгани айтилган.

Бу борада Ўзбекистон Республикаси Урганч тумани прокуратураси томонидан терговга қадар текширув олиб борилаётгани маълум қилинган.

Бироқ орадан шунча вақт ўтган бўлса-да, амалда ҳеч қандай ўзгариш бўлмаётгани, бўлган босимлардан сўнг фуқаронинг турмуш ўртоғи
И.Р. инсульт бўлиб қолгани билдирилган.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Суд-ҳуқуқ масалалари ва коррупцияга қарши курашиш қўмитаси мазкур ҳолат бўйича прокуратура органлари томонидан ўрганиш натижалари бўйича маълумотларни кенг оммага эълон қилишни сўраган.

Шунингдек, фуқаронинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш юзасидан Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигига тегишли тартибда мурожаат қилинди.

Ўз навбатида, Қўмита қонун бузилиши ҳолатининг ҳар қандай кўринишига муросасиз эканлигини билдиради.

Ўзбекистон Республикаси
Олий Мажлиси Сенатининг
Ахборот хизмати

www.senat.uz

Leave a comment

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan