2021 йилнинг 9 июль куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги Қонунчилик муаммолари ва парламент тадқиқотлари институтининг 2021 йил биринчи ярим йиллигидаги фаолияти ҳисоботи муҳокамаси ва “Қонунчилик муаммолари ахборотномаси” журналининг тақдимотига бағишланган матбуот анжумани ўтказилди.
Унда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатлари, Олий Мажлис Сенати аъзолари, Германия Халқаро Ҳамкорлик Жамияти (GIZ)нинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси ходимлари, оммавий ахборот воситалари вакиллари, Ёшлар парламентлари аъзолари, Қонунчилик муаммолари ва парламент тадқиқотлари институти ходимлари ҳамда Институт ҳузурида ташкил этилган Илмий-эксперт кенгаши ва Ёш қонуншунослар клуби аъзолари иштирок этди.

Тадбирда сенаторлар томонидан Олий Мажлис палаталари, хусусан, Сенат фаолияти самарадорлигини ошириш борасида салмоқли ишлар амалга оширилганлиги, айниқса, МДҲ Парламентлараро Ассамблеясининг 20 га яқин модел қонунлари лойиҳаларини ўрганишда ва амалдаги қонунларнинг таъсирини баҳолашда Институт томонидан ўтказиладиган тадқиқотлар Сенат фаолиятининг узлуксизлигини таъминлашда муҳим аҳамият касб этганлигини таъкидлади.

Қонунчилик муаммолари ва парламент тадқиқотлари институти директори Ф.Отахонов Институт томонидан 2021 йилнинг январь-июнь ойлари давомида амалдаги қонунлар ва қонун лойиҳалари юзасидан 48 та илмий хулосалар тайёрланганлиги, 7 та Олий Мажлис палаталарининг қарорлари лойиҳалари, 85 та ахборот-таҳлилий маълумот тайёрланганлигини билдирди.

Шунингдек, матбуот анжуманида Институт бўлим бошлиғи А.Тешабоев Институт муассислигидаги “Қонунчилик муаммолари ахборотномаси” даврий нашрининг биринчи ва иккинчи сонлари ҳақида тақдимот қилиб ўтди.
