Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 7 февралдаги 4947-сон Фармони билан тасдиқланган 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Харакатлар стратегиясинининг “Ҳалқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили”да амалга оширишга оид давлат дастурининг 3.3-банди қишлоқ хўжалигини модернизация қилиш ва жадал ривожлантиришга бағишланган бўлиб, бир қатор мухим вазифалар белгиланди.
2017 йилдан бошлаб, ер ресурларини бошқаришдаги асосий эътибор пахта ва буғдой етиштиришдан, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларни диверсификациялаш ва уларни ихтисослаштиришга ҳамда деҳқон хўжаликлар ролини оширишга қаратилди.
2017 йил мамлакатимизда деҳқон хўжаликлари суғориладиган ерларнинг атиги 13 фоизини эгаллашига қарамай, уларнинг республика қишлоқ хўжалигида етиштириладиган маҳсулотлар ҳажмидаги умумий улуши 70 фоизни ташкил қилган. Хусусан, гўшт ва сут маҳсулотларининг 90-95 фоизи, картошканинг 84 фоизи ва меваларнинг 60 фоизи деҳқон (шахсий ёрдамчи) хўжаликларида етиштирилган. Ўзбекистонда деҳқон хўжаликларининг умумий сони 4,7 миллиондан ошган ва йилдан йилга ўсиб бормоқда.
Ўзбекистон Республикасида 2020 йилнинг январь-декабрь ойларида етиштирилган деҳқончилик маҳсулотларининг ҳажми 123,6 трлн. сўмни ёки
2019 йилнинг мос даврига нисбатан 103,4%ни ташкил этди. Етиштирилган қишлоқ ҳўжалиги маҳсулотларининг улуши 49,5%ни ташкил қилди. Хўжалик тоифалари бўйича таҳлиллар, қишлоқ хўжалик маҳсулотларининг умумий хажмининг 68% – деҳқон ( шахсий ёрдамчи) хўжаликларига, 27% фермер хўжаликларига, 42% қишлоқ хўжалиги фаолиятини амалга оширувчи ташкилотларга тўғри келмоқда.
Юқорида келтириб ўтилган кўрсаткичлар қишлоқ хўжалигида амалга оширилаётган ислоҳатларнинг ёрқин самараси бўлиб, фикримизча, ушбу соҳани имкониятларидан тўлиқ ва кенг қамровли фойдаланилмоқда деб бўлмайди, албатта. Сабаби, деҳқон хўжалиги фаолиятини ташкилий ва ҳуқуқий жиҳатдан такомиллаштириш бугунги кун талаби ҳисобланади.
Шунингдек, 2021 йилнинг 12-март куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг ўн учинчи 13-ялпи мажлисида Сенатнинг Аграр, сув хўжалиги масалалари ва экология қўмитаси раиси ўринбосари Р.Сиддиқов амалдаги қонунчиликка мувофиқ, деҳқон хўжалигини юритиш учун ер участкалари фуқароларга мерос қилиб қолдириладиган умрбод эгалик қилиш ҳуқуқи асосида берилиши назарда тутилганлиги ва деҳқон хўжаликлари ерларида аҳоли томонидан ўзбошимчалик билан уй-жойлар ва бошқа иморатлар қурилиб, турар жой сифатида фойдаланиб келинаётганлиги ҳамда ерларни асраш, унумдорлигини ошириш ва шу каби мажбуриятларни бажаришга лозим даражада эътибор берилмаётганлигини таъкидлаб ўтди. Ҳамда ўрганишлар жараёнида деҳқон хўжаликлари фаолияти етарли даражада тартибга солинмаганлигини таъкидлади.
Жорий йилнинг 1 апрелида Ўзбекистон Республикасининг “Деҳқон хўжалиги тўғрисида”ги янги таҳрирдаги Қонун қабул қилинди. Хўш, ушбу қонун олдинги таҳрирдаги “Деҳқон хўжалиги тўғрисида” Қонундан қайси жиҳатлари билан фарқ қилади, деган савол туғилиши табиийдир албатта. Улар қуйдагилардан иборат:
Янги таҳрирдаги “Деҳқон хўжалиги тўғрисида”ги Қонуни қуйдаги муносабатларни тартибга солувчи нормалар билан тўлдирилди. Хусусан, деҳқон хўжалиги фаолияти боғдорчилик, узумчиликка ёки сабзовот ва полиз экинларини ёхуд бошқа қишлоқ хўжалиги экинларини етиштиришга ихтисослашиш асосида амалга ошириши белгиланди.
Шунингдек, деҳқон хўжалиги бошлиғи ўн саккиз ёшга тўлган, муомала лаёқатига эга бўлган, ўзига деҳқон хўжалигини юритиш учун ер участкаси мерос қилиб қолдириладиган умрбод эгалик қилиш ёки ижара (иккиламчи ижара) ҳуқуқи асосида берилган Ўзбекистон Республикаси фуқароси ёки Ўзбекистон Республикаси ҳудудида доимий яшовчи фуқаролиги бўлмаган шахс деҳқон хўжалиги бошлиғи бўлиши мумкинлиги ва деҳқон хўжалиги раҳбари ҳарбий хизматга чақирилганда ёки кундузги ўқув шаклида таълим олиши учун олий таълим ташкилотига ўқишга кириш, сайлаб қўйиладиган лавозимларга сайланган тақдирда, ўз мажбуриятларини бажариш ваколатини ушбу хўжаликнинг аъзоларидан бирига бериши ҳамда деҳқон хўжалиги бошлиғи пенсия ёшига тўлганда ёки меҳнат қобилиятини тўлиқ йўқотганда, деҳқон хўжалиги бошлиғининг таклифи ҳамда деҳқон хўжалиги аъзолари ўртасидаги ўзаро келишув бўйича деҳқон хўжалигининг янги бошлиғи белгиланиши мумкинлиги тўғрисидаги норма киритилди.
Янги таҳрирдаги Қонуннинг 5-моддасида деҳқон хўжалигининг аъзолар доираси кенгайтирилиб, унда, оила бошлиғи, бобоси, бувиси ва набиралари ва набираларнинг эри (хотини), туғишган ҳамда ўгай ака-ука ва опа-сингиллари, уларнинг эри (хотини)) деҳқон хўжалигининг аъзолари ташкил этиши белгиланди.
Қонуннинг 6-моддасида юридик шахс ташкил этмаган ҳолдаги деҳқон хўжалиги бошлиғида ер участкасига бўлган ҳуқуқ юзага келганидан ва деҳқон хўжалиги ҳисобга қўйилганидан кейин, юридик шахс ташкил этган ҳолдаги деҳқон хўжалиги эса деҳқон хўжалиги бошлиғида ер участкасига бўлган ҳуқуқ юзага келганида ва деҳқон хўжалиги белгиланган тартибда давлат рўйхатида ўтказилгандан кейин ташкил этилган деб ҳисобланиши тўғрисидаги норма киритилди.
Қонуннинг 12-моддаси “Деҳқон хўжалигининг ишлаб чиқариш фаолияти”га бағишланган бўлиб, унда, деҳқон хўжалиги қишлоқ хўжалиги экинларини етиштириш ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини ишлаб чиқариш учун зарур бўлган уруғлик минерал ўғитлар ҳамда ёқилғи-мойлаш материалларни сотиб олишда, шунингдек бошқа моддий ресурслар ҳамда хизматлардан фойдаланишда бошқа қишлоқ хўжалиги товар ишлаб чиқарувчилари билан тенг ҳуқуқларга эгалиги ҳамда шу мақсадда деҳқон хўжалиги бошлиғи тегишли ташкилотлар билан белгиланган тартибда тўғридан-тўғри шартномалар тузиши, биржа савдоларида иштирок этиши мумкинлиги тўғрисидаги норма акс этган.
Шунингдек, янги таҳрирдаги Қонуннинг 19-моддасида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг деҳқон хўжаликлари фаолиятини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш соҳасидаги ваколатларида давлат ва хўжалик бошқаруви органларининг деҳқон хўжаликларини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш соҳасидаги ишларни мувофиқлаштириши ҳамда қишлоқ соҳасида деҳқон хўжалиги маҳсулотларини ишлаб чиқариш ва реализация қилиш соҳасида деҳқон хўжаликларига имтиёзлар, субсидиялар ҳамда бошқа преференциялар жорий этиши белгиланди.
Қонуннинг 21-моддасида маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг деҳқон хўжаликларини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш соҳасида ваколатларида деҳқон хўжаликларининг ер участкаларидан самарали фойдаланишини ташкил этишга кўмаклашиши ва деҳқон хўжаликлари билан ҳамкорлик қилиш учун экспорт қилувчиларни жалб этиши, уларга қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини экспорт қилишда ҳар томонлама кўмаклашишига оид норма жорий этилди.
Юқоридагиларга асосан, шуни таъкидлаб ўтиш жоизки, ушбу қонунга киритилган ўзгартиш ва қўшимчалар деҳқон хўжаликлари фаолиятининг самарадорлигини ошишига ва уларнинг давлат томонидан қўллаб –қувватланишига ҳамда қонуний ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилинишга хизмат қилади.
С. Ишанходжаев,
Қонунчилик муаммолари ва парламент тадқиқотлари институти
Иқтисодиёт ва тадбиркорлик бўлими
бош илмий ходими