Ўзбекистон Республикаси парламент делегацияси МДҲ ПАнинг 52-ялпи мажлисида иштирок этди – Қонунчилик муаммолари институти
Янгиликлар

2021 йил 16 апрель куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раиси Танзила Нарбаева бошчилигидаги Ўзбекистон парламенти делегацияси Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлигига аъзо давлатлар Парламентлараро Ассамблеясининг 52-ялпи мажлиси ишида қатнашди.

Ялпи мажлисда, шунингдек, иштирокчи давлатлар парламентлари раҳбарлари, халқаро ташкилотлар раҳбарлари иштирок этди.

Пандемия даврида миграция жараёнларини қонунчилик билан тартибга солиш ва унда МДҲга аъзо давлатлар парламентларининг роли  мажлисда муҳокама қилинган асосий масалалардан бири бўлди.

Россия Федерацияси Федерал Мажлиси Федерация Кенгаши Раиси Валентина Матвиенко таъкидлаганидек, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раиси Т. Нарбаеванинг Россия Федерациясига расмий ташрифи давомида Ўзбекистон томонининг ташаббуси билан имзоланган икки мамлакат парламентлари юқори палаталари ўртасида меҳнат миграцияси соҳасида ҳамкорлик тўғрисидаги Меморандум МДҲ ПАнинг бошқа иштирокчи давлатлари учун ҳам яхши намуна ҳисобланади. “Ушбу ҳужжат намунали ҳужжатдир ва мен бошқа мамлакатларни ҳам шунга чорлайман”, деди у.

Ялпи мажлисда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раиси Т.Нарбаева ҳам сўзга чиқди.

 

— Учрашувимиз барча учун эпидемиологик вазият оғир бўлган шароитда ўтмоқда, — деди Сенат Раиси Т.Нарбаева. — Шунга қарамай, биз учун муҳим ва долзарб масалалар мажлис кун тартибидан жой олган, улар давлатларимизнинг қонунчилик базасини ривожлантириш ва фуқароларимизнинг фаровонлигини таъминлашга қаратилган.

Парламент аъзолари Ассамблея томонидан тайёрланган МДҲ иштирокчи давлатлари учун Миграция кодекси лойиҳасини муҳокама қилдилар.

Ўзбекистон парламенти юқори палатаси раҳбари Т.Нарбаева ўз нутқида МДҲ ПАга аъзо давлатларни Пандемия даврида халқаро ихтиёрий мажбуриятлар кодекси ва БМТнинг Барқарор ривожланиш мақсадларига эришиш ва инсон ҳуқуқларини таъминлашда парламентларнинг ролини ошириш тўғрисидаги резолюциясини кўриб чиқиш бўйича ишларда фаол иштирок этишга чақирди. Иштирокчиларни Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти билан биргаликда тайёрланаётган Пандемия даврида давлатларнинг ихтиёрий мажбуриятлари бўйича юқори даражадаги халқаро конференцияга ва “БРМга эришишда парламентлараро глобал ҳамкорлик” халқаро конференциясига таклиф қилди.

Шунингдек, Ўзбекистон ёшларни ривожлантиришга катта аҳамият беришини инобатга олиб, МДҲ Ёшлар Парламентлараро Ассамблеяси мажлисларидан бирини 2022 йилда бўлиб ўтадиган Кенгаш мажлиси ва ПА ялпи мажлиси доирасида Ўзбекистон Республикасида ўтказишни таклиф қилди.

— Ишончим комил, бугун қабул қилинган қўшма қарорлар Ассамблея доирасидаги ҳамкорликни янада ривожлантириш ва унинг самарадорлигини оширишда муҳим қадам бўлади, — деб таъкидлади Сенат Раиси Т. Нарбаева. — Бундан ташқари, Евроосиё аёллар форумига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказишда фаол иштирок этишга тайёрлигимизни билдирамиз. Бу форум минтақамиздаги хотин-қизларга барча соҳаларда тенг ҳуқуқ ва имкониятлар тақдим этишнинг устувор йўналишлари ва стратегияларини ишлаб чиқишда муҳим майдон ҳисобланади.

Россия Федерацияси ички ишлар вазирининг биринчи ўринбосари Александр Горовой пандемия даврида ўз фуқароларини ўз Ватанига қайтаришда, шу жумладан махсус авиарейслар ва поездлар билан қайтаришда самарали иш олиб борилгани учун Ўзбекистон раҳбариятига алоҳида миннатдорлик билдирди.

52-ялпи мажлис якунлари бўйича модель хусусиятга эга 6 та ҳужжат қабул қилинди. Миграция кодекси, “Болаларнинг соғлиқни сақлашга бўлган ҳуқуқларини таъминлаш тўғрисида”ги, “Психиатрия ёрдами ва уни кўрсатишда фуқароларнинг ҳуқуқлари кафолатлари тўғрисида”ги, “Тиббий ёрдам кўрсатишда клиник тавсиялар тўғрисида”ги, “Фуқароларнинг ҳуқуқий ҳолати тўғрисида ахборот олиш ҳақида”ги, “Минтақавий инвестиция лойиҳалари тўғрисида” модель қонунлар шулар жумласидандир.

Ялпи мажлисдан кейин ўтказилган матбуот анжуманида Сенат Раиси  Т. Нарбаева Ўзбекистоннинг 2020 йилда МДҲга раислигининг асосий якунлари тўғрисидаги саволларга жавоб берди.

www.senat.uz

Leave a comment

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan