“Ўзбекистонда юридик фанни ривожлантириш ва қонун ижодкорлигини такомиллаштиришнинг долзарб масалалари” мавзусида халқаро илмий-амалий анжуман ўтказилди – Қонунчилик муаммолари институти
Янгиликлар

2021 йил 21 апрель куни Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академиясида Олий Мажлис Сенати, Қонунчилик палатаси, Давлат бошқарув академияси, Олий Мажлис ҳузуридаги Қонунчилик муаммолари ва парламент тадқиқотлари институти, Тошкент давлат юридик университети ҳамда К.Аденауэр жамғармаси билан хамкорликда “Ўзбекистонда ҳуқуқ фанини ривожлантириш ва қонун ижодкорлигини такомиллаштириш” мавзусида илмий-амалий халқаро анжуман ўтказилди.

Унда Олий Мажлис Сенати аъзолари ва Қонунчилик палатаси депутатлари, мутасадди вазирлик ва идоралар вакиллари, олимлар ва илмий ходимлар, миллий ҳамда хорижий экспертлар иштирок этди.

Тадбир очилишида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати раисининг биринчи ўринбосари Содиқ Сафоев кириш сўзи билан қатнашди.

Анжуманнинг мақсади – парламент томонидан ҳуқуқ фанини ривожлантириш, қонун ижодкорлигини такомиллаштириш, халқаро ҳуқуқ нормаларига мос тўғридан-тўғри амал қилувчи қонунларни қабул қилиш методологик асосларини кучайтириш, шунингдек, мамлакатимизда амалга оширилаётган сиёсий, иқтисодий ва ижтимоий ислоҳотларда қонунларнинг ўрнини юксалтириш юзасидан амалий чоралар кўришдан иборат.

Тадбирда миллий экспертлар ҳамда Нагоя Университети, Қазоғистон гуманитар-юридик университети, Москва давлат халқаро муносабатлар институти, Германия халқаро ҳамкорлик жамияти (GIZ)нинг Ўзбекистондаги ваколатхонасининг етук мутахассислари ўз маърузалари билан фаол қатнашдилар.

Қолаверса, анжуманда парламент, қонун ижодкорлиги субъектлари, миллий ва хорижий юридик илмий-тадқиқот ва олий  таълим муассасалари ҳамда ҳуқуқни қўллаш амалиёти вакилларининг юридик фанни ривожлантириш, амалиётда юридик терминларимизни тартибга солиш (унификациялаш ва стандартлаштириш), қонун ижодкорлиги фаолиятида тўғридан-тўғри ишлайдиган қонунлар методологиясини яратишга оид фикр ва мулоҳазаларини эшитиш орқали юриспруденция йўналишида илмий тадқиқотлар, қонун ижодкорлиги фаолиятини такомиллаштиришга қаратилган илмий-назарий, амалий таклиф ва тавсиялар берилди.

Жумладан, тўғридан–тўғри ишлайдиган қонунлар методологиясини ишлаб чиқиш, мамлакатда амалга оширилаётган ислоҳотларда қонунлар мослигини баҳолаш ҳамда қонунчиликка оид атамалар изоҳли луғатини ишлаб чиқиш бўйича давлат грантларини ажратиш бўйича Хукуматга тавсия киритиш белгиланди.

Шунингдек, Ўзбекистонда юридик фанни ривожлантириш ва қонун ижодкорлигини такомиллаштириш бўйича кўзланган стратегик мақсадлар, принциплар, тенденциялар ва вазифалар, асосий йўналишларни белгилаб берувчи Ўзбекистон Республикасида юридик фан ва қонун ижодкорлигини 2021-2026 йилларда ривожлантириш Концепциясини ва уни амалга ошириш бўйича “Йўл харитаси”ни ишлаб чиқиш бўйича таклиф берилди.

Ушбу тавсияларнинг амалиётга жорий этилиши мавжуд камчиликларнинг ечими, жумладан, аҳолининг ҳуқуқий атамаларга бўлган эҳтиёжи, қонунлар ва норматив-ҳуқуқий ҳужжатларда ҳамда ОАВда келтирилган юридик атамаларни аҳолига тушунарли, содда тилда етказиш, шунингдек, юридик атамаларга мўлжалланган илмий ва оммабоп адабиётлар ишлаб чиқиш ва дастурлар яратиш имкониятини беради.

Анжуман якуни бўйича тегишли тавсиялар қабул қилинди.

www.senat.uz

Leave a comment

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan