Юридик фанни ривожлантириш ва қонун ижокорлигини такомиллаштиришнинг долзарб масалалари – Қонунчилик муаммолари институти
Янгиликлар

 

Ҳар қандай давлатнинг тараққий этиши замонавий илм-фан ютуқлари ҳамда қонун ижодкорлиги фаолияти сифатига бевосита боғлиқдир. Зеро, ушбу жараёнларнинг самарадорлигини таъминлаш, шубҳасиз, халқ фаровонлигини оширишга хизмат қилади. Шу боис, бугунги кунда мамлакатимизда юридик фан ҳамда қонун ижодкорлиги жараёнининг узвийлигини таъминлаш долзарб аҳамият касб этмоқда. Уни амалга оширишнинг ҳуқуқий асослари муттасил такомиллаштириб борилмоқда.

Жорий йилнинг 21 апрель куни Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академиясида Олий Мажлис Сенати ва Қонунчилик палатаси, Олий Мажлис ҳузуридаги Қонунчилик муаммолари ва парламент тадқиқотлари институти, Тошкент давлат юридик университети ҳамда Конрад Аденауэр номидаги жамғарманинг Марказий Осиё бўйича ваколатхонаси билан ҳамкорликда ташкил этилган «Ўзбекистонда юридик фанни ривожлантириш ва қонун ижодкорлигини такомиллаш-тиришнинг долзарб масалалари» мавзусидаги халқаро илмий-амалий конференцияда ушбу масалалар атрофлича муҳокама қилинди.

Унда Олий Мажлис Сенати аъзолари ва Қонунчилик палатаси депутатлари, Олий Мажлис ҳузуридаги Қонунчилик муаммолари
ва парламент тадқиқотлари институти, мутасадди вазирлик ва идоралар вакиллари, олимлар ва илмий ходимлар, миллий ҳамда хорижий экспертлар иштирок этди. Конференцияда Германия, Россия, Қозоғистон, Япония мамлакатлари экспертлари ўз маърузалари билан қатнашдилар.

Тадбир очилишида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати раисининг биринчи ўринбосари Содиқ Сафоев, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикерининг биринчи ўринбосари Акмал Саидов, Конрад Аденауэр номидаги жамғарманинг Марказий Осиёдаги ваколатхонаси раҳбари Ронни Хайне ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академияси ректори Адхам Бекмуродов кириш сўзи билан қатнашдилар.

Шубҳасиз инсоният ривожланиш тарихининг асосини илм-фан ташкил этади. Бежизга илмни “инсон йўлини ёритгувчи маёқ”қа қиёс этишмайди. Илмсиз тараққиётни ва ривожланишни тасаввур этиб бўлмайди.

Тадбирда қайд этилганидек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 29 апрелдаги “Ўзбекистон Республикасида юридик таълим ва фанни тубдан такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги
ПФ–5987-сонли Фармони мамлакатимизда юридик таълим ва фан тизимини тубдан такомиллаштириш, уларнинг халқаро таълим майдонидаги рақобатбардошлигини таъминлаш, юридик кадрлар тайёрлаш сифатини оширишнинг янги даврини бошлаб берди.

Олий Мажлис ҳузуридаги Қонунчилик муаммолари ва парламент тадқиқотлари институти директори, юридик фанлар доктори, профессор Фозилжон Отахонов маърузачи ҳамда модератор сифатида иштирок этди. У «Қонун ижодкорлиги фаолиятини илмий ва ахборот-таҳлилий жиҳатдан таъминлашнинг долзарб масалалари» мавзусидаги маърузасида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан кенг кўламли, илм аҳлини, хусусан, юридик фан вакилларини ҳақли равишда қувонишига сабаб бўладиган салмоқли ишларнинг таҳлилига тўхталиб ўтди. Биргина мисол: ўтган тўрт йилда илм-фан соҳасини молиялаштириш 4 карра кўпайди. Илмий ходимларни моддий рағбатлантириш мақсадида уларнинг иш ҳақлари 3 баробарга оширилди.

Конференцияда таъкидланганидек, айни пайтда, миллий парламент қонун ижодкорлиги фаолиятида “қонуннинг бирдан-бир манбаи ва муаллифи том маънода халқ бўлиши шарт” деган устувор тамойилни белгилаб олди. Бунинг ёрқин мисоли сифатида парламент аъзоларининг муҳим ижтимоий, социал-иқтисодий аҳамиятга эга бўлган қонун лойиҳаларини кўриб чиқишнинг барча босқичида уларни жойларда фуқаролар билан кенг муҳокама қилиш, аҳолининг фикр-мулоҳазаларини бевосита жойига чиқиб ўрганиш ва кўриб чиқилаётган қонун лойиҳаларини шу асосда такомиллаштириш амалиёти тизимли йўлга қўйилганлигини кўрсатиш мумкин.

Тадбир давомида Қонунчилик палатаси Коррупцияга қарши курашиш
ва суд-хуқуқ масалалари қўмитаси раиси Дж. Ширинов, Сенат Суд-хуқуқ масалалари ва коррупцияга қарши курашиш қўмитаси раисининг ўринбосари Ш.Чўллиев, Тошкент давлат юридик университети ректори Р. Хакимов, Нагоя Университети Олий ҳуқуқ мактаби профессори О. Минори, М.С. Нарикбаев номли КАЗГЮУ университети бошқарув раиси Т. Нарикбаев, Германия халқаро ҳамкорлик жамияти (GIZ) ваколатхонаси раҳбари Й. Пуделька, Москва давлат халқаро муносабатлар институти факультет декани ўринбосари Н. Молчаков, Қорақалпоқ давлат университети юридик факультети декани Е. Кутыбаева ва бошқалар юридик илм-фан ва таълим, қонунчилик фаолияти юзасидан илғор хорижий тажриба ҳақида сўз олиб боришди ҳамда ушбу йўналишларда мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларни ривожлантириш юзасидан ўз таклифларини билдиришди.

Қизғин баҳс-мунозаралар майдонига айланган халқаро конференцияда иштирокчилар мамлакатимизда юридик фанни ривожлантириш истиқболлари ҳамда миллий қонунчилик тизимининг такомиллаштириш тенденциялари ҳақида фойдали маълумотларга эга бўлдилар.

Тадбир якунида норма ижодкорлиги жараёнини янада яхшилаш, юриспруденция йўналишидаги илмий тадқиқотлар сифатини ошириш
ва кўламини кенгайтириш юзасидан тегишли таклиф ва тавсиялар берилди.

Leave a comment

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan