Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Кенгашининг мажлиси тўғрисида АХБОРОТ – Қонунчилик муаммолари институти
Янгиликлар

2021 йил 22 апрель куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Кенгашининг мажлиси бўлиб ўтди. Мажлисни Олий Мажлис Сенати Раиси Танзила Нарбаева олиб борди.

Сенат аъзолари, тегишли вазирлик ва идоралар раҳбарлари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этган мазкур мажлисда бир қатор масалалар муҳокама қилинди. Хусусан, Сенатнинг ўн тўртинчи ялпи мажлисини ўтказиш бўйича масала кўриб чиқилди.

Сенат Кенгашининг Қарори билан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг ўн тўртинчи ялпи мажлиси кун тартиби лойиҳасига қўшимча равишда айрим масалалар киритилди.

Қарор билан Сенатнинг ўн тўртинчи ялпи мажлиси кун тартиби лойиҳасидан 2 та масала чиқарилди.

Мажлисда маҳаллий бюджет маблағлари сарфланишида жамоатчилик иштирокини таъминлаш тўғрисидаги масала ҳам кўриб чиқилди.

Таъкидланганидек, жойлардаги долзарб муаммоларни ҳал этишда жамоатчилик иштирокини кенгайтириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 13 апрель куни “Бюджет жараёнида фуқароларнинг фаол иштирокини таъминлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.

Мазкур қарор билан 2022 йил 1 январдан барча туман (шаҳар)лар бюджетларининг тасдиқланган умумий харажатларининг 5 фоизини жамоатчилик фикри асосида шакллантирилган тадбирларни молиялаштиришга йўналтириш бўйича янги тартибни босқичма-босқич жорий этиш белгиланди.

Қолаверса, шу йил 1 июлдан бошлаб жамоатчилик фикри асосида шакллантирилган тадбирларни молиялаштиришга ажратиладиган туман (шаҳар)лар бюджетлари қўшимча маблағларининг энг кам миқдори 10 фоиздан 30 фоизга оширилди.

Бундан ташқари, жорий йил май ойидан бошлаб танлаб олинган туман (шаҳар)лар бюджетларига жамоатчилик фикри асосида шакллантирилган тадбирларни молиялаштиришга йўналтириш мақсадида қўшимча равишда республика бюджети маблағлари ҳисобидан 92,7 млрд. сўм маблағ ажратилди.

Жамоатчилик фикри асосида шакллантирилган тадбирларни молиялаштиришга йўналтириладиган маблағлар туман (шаҳар) ҳокимликларида ташкил этиладиган “Фуқаролар ташаббуси жамғармаси” шахсий ғазна ҳисобварағида жамланади.

Маҳаллий бюджет маблағларини жамоатчилик фикри асосида шакллантирилган тадбирларни молиялаштиришга йўналтирилиши устидан парламент назоратини таъминлаш мақсадида Сенат Кенгашининг “Маҳаллий бюджет маблағлари сарфланишида жамоатчилик иштирокини таъминлаш тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.

Қарор билан туман (шаҳар)лар бюджетлари маблағларини жамоатчилик фикри асосида шакллантирилган тадбирларга йўналтириш тартиби тўғрисидаги намунавий низом тасдиқланди.

Шунингдек, мажлисда Манзура Алимовна Салимовани Фан, таълим ва соғлиқни сақлаш масалалари қўмитасида доимий асосда ишловчи сенатор этиб тасдиқлаш;

Ўзбекистон Республикасининг Озарбайжон Республикасидаги Фавқулодда ва Мухтор Элчиси Бахром Боходирович Ашрафханов ўриндошлик асосида Ўзбекистон Республикасининг Грузиядаги Фавқулодда ва Мухтор Элчиси лавозимига тайинлаш;

Гайрат Ганиевич Фазилов Ўзбекистон Республикасининг Япониядаги Фавқулодда ва Мухтор Элчиси лавозимидан озод этиш тўғрисидаги масалалар кўриб чиқилди.

www.senat.uz

Leave a comment

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan