Сенатор “Tashkent Law Spring” II Ҳалқаро ҳуқуқий форумининг Тартибга солиш таъсирини баҳолаш ва коррупцияга қарши экспертиза сессиясида қатнашди – Қонунчилик муаммолари институти
Янгиликлар

Жорий йилнинг 22-23 апрель кунлари пойтахтимизда анъанавий “Tashkent Law Spring” II Ҳалқаро ҳуқуқий форум бўлиб ўтди. “Ҳуқуқ 4.0 – ҳуқуқ тўртинчи саноат инқилоби даврида” бош мавзусидаги форумда мингдан зиёд иштирокчилар қатнашди. Хусусан, 25 дан ортиқ мамлакат ва 20 та ҳалқаро ташкилот вакиллари ҳуқуқни ривожлантиришнинг замонавий тенденциялари, рақамли муносабатларни ҳуқуқий тартибга солиш ва қонунчиликни рақамлаштириш, шунингдек “ақлли тартибга солиш”нинг аҳамияти ва зарурати ҳақидаги маърузалар билан чиқишлар қилди.

“Тартибга солиш сифати (Regulatory Quality)” форумнинг асосий мавзуларидан бири бўлди. Унда қонунчилик ҳужжатларининг тартибга солиш таъсирини баҳолаш, коррупцияга қарши ва гендер экспертизасини ўтказиш, мазкур жараёнда жамоатчиликнинг кенг иштирокини таъминлаш, замонавий экспертиза турларини жорий этиш норма ижодкорлигининг ажралмас қисмига айланиб бораётганлиги эътироф этилди.

Форумнинг иккинчи кунидаги “Тартибга солиш таъсирини баҳолаш ва коррупцияга қарши экспертиза”га оид махсус сессияда маҳаллий ва хорижий  етакчи экспертлар, жумладан, Иқтисодий ҳамкорлик ва тараққиёт ташкилоти, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Тараққиёт Дастури, Беларусь Республикаси Бош прокуратураси, “Jacobs, Cordova & Associates” ҳалқаро консалтинг ташкилоти, Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги, Коррупцияга қарши курашиш агентлиги ва Монополияга қарши курашиш қўмитаси экспертлари маърузалар билан иштирок этди. Қолаверса, Сенатнинг Хотин-қизлар ва гендер тенглик масалалари қўмитаси раиси М.Кадирханова қатнашди.

Маърузачилар Европа иттифоқидаги “сифатли тартибга солиш” амалиёти, Иқтисодий ҳамкорлик ва тараққиёт ташкилоти мамлакатларида тартибга солиш таъсирини баҳолаш ва ривожланаётган мамлакатлар учун юзага келиши мумкин бўлган мураккабликлар, бюрократик бошқарувдан смарт бошқарувга ўтишнинг афзалликлари, Ўзбекистоннинг янги тартибга солиш таъсирини баҳолаш тизимининг стратегик роли, ютуқлари ва мураккабликлари ҳамда бошқа долзарб масалаларга бағишланган мавзуларда чиқишлар қилди.

Форумда таъкидланганидек, Ўзбекистонда тартибга солиш таъсирини баҳолаш тизимини такомиллаштиришдан асосий мақсад қонунчилик ҳужжатларининг тадбиркорлик субъектлари, истеъмолчилар, давлат ва умуман жамиятга таъсирини олдиндан таҳлил қилиш орқали барча учун манфаатли бўлган қонунчилик ҳужжатларини қабул қилишга эришиш ва қонунчилик сифати ва самарадорлигини ошириш ҳисобланади.

www.senat.uz

Leave a comment

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan