Маҳаллий кенгашларнинг депутатлари ва оммавий ахборот воситалари вакиллари жамиятдаги энг фаол қатламлардан бири ҳисобланади. Шу сабабли ҳам уларнинг сиёсий-ҳуқуқий саводхонлигини мунтазам равишда ошириб бориш муҳим аҳамият касб этади.
Жорий йилнинг 26 апрель куни Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академиясида маҳаллий Кенгашларнинг депутатлари, сиёсий партия фаоллари ва оммавий ахборот воситалари вакиллари учун ташкил этилган сиёсий ўқувларнинг навбатдаги босқичи ўз ишини бошлади.
Унда республика миқёсида жами 805 нафар тингловчининг таҳсил олиши белгиланган бўлиб, шундан 750 нафари маҳаллий Кенгашларнинг депутатлари, 20 нафари сиёсий партияларнинг масъул ходимлари ва 35 нафари журналист ва блогерлардир.
Сиёсий ўқувларнинг дастлабки кунида тингловчиларга Ўзбекистон Республикаси Президенти Мурожаатномасининг мазмун-моҳияти; Ўзбекистон Республикасини янада ривожлантириш бўйича Ҳаракатлар стратегияси асосида мамлакатда амалга оширилган ислоҳотларнинг мазмун-моҳияти; “Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили” Давлат дастурининг асосий йўналишлари каби мавзуларда дарс машғулотлари ўтказилди.
Тошкент шаҳар ва Тошкент вилояти тингловчилари учун Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академиясида ташкил этилган ўқув курсларида Ўзбекистон Республикаси Президенти Мурожаатномасининг мазмун-моҳияти мавзуси бўйича Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги Қонунчилик муаммолари ва парламент тадқиқотлари институти директори Ф.Отахонов тингловчиларга қизиқарли тақдимот асосида зарур тушунтиришларни бериб ўтди. Хусусан, Ф.Отахонов томонидан:
Ўзбекистон Республикаси Президенти Мурожаатномасининг ҳукуқий табиати ва ўзига хос жиҳатлари;
2017, 2018, 2019 ва 2020 йиллардаги Ўзбекистон Республикаси Президенти Мурожаатномасининг фарқли томонлари (амалий мисоллар асосида);
Мурожаатноманинг БМТ Барқарор ривожланиш мақсадлари ҳамда бу борадаги Миллий мақсадларимизга ҳамоханг эканлиги;
Мурожаатномада мамлакатимиз давлат ва жамият бошқаруви, суд-ҳуқуқ, иқтисодиёт, ижтимоий ҳаёт ва бошқа соҳаларда жорий этилиши лозим бўлган янги институтларнинг яратилиши учун сиёсий ва ғоявий замин яратилганлиги;
Мурожаатномада қамраб олинган масалалар юзасидан берилган таклифларни амалга оширишнинг аниқ механизмлари ҳам кўрсатиб берилганлиги;
Мурожаатномада бутун дунёнинг 2020 йилдаги умумий қиёфаси гавдалантирилди, унинг мавжуд ҳолати қисқа ва лўнда очиб берилганлиги ҳақида батафсил тушунтиришлар берилди.
Дарс машғулоти якунида тингловчилар амалга оширилаётган ислоҳотларнинг мазмун-моҳияти юзасидан ўзларини қизиқтирган саволларга атрофлича жавобларни олишди.
Эслатиб ўтамиз, сиёсий ўқувларнинг мазкур босқичи жорий йилнинг 1 май кунига қадар давом этади.
Сиёсий ўқувлар доирасида жорий йилнинг 29 апрель куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги Қонунчилик муаммолари ва парламент тадқиқотлари институти тузилмасидаги БМТ Ўқув маркази томонидан халқаро сайлов стандартлари бўйича махсус ўқув курсларини ташкил этиш белгиланган.