Ер кодексининг янги таҳрирда ишлаб чиқилган лойиҳаси Қонунчилик палатаси муҳокамасида – Қонунчилик муаммолари институти
Янгиликлар

Олий Мажлис Қонунчилик палатасида “Ер кодексининг янги таҳрирдаги лойиҳасини ишлаб чиқиш якунлари”га бағишланган тадбир видеоконференц алоқа шаклида ўтказилди.

Тадбир Қонунчилик палатасининг Спикери Н.Исмоилов раислигида Аграр ва сув хўжалиги масалалари қўмитаси аъзолари, Қишлоқ хўжалиги ва Адлия вазирликларининг масъул ходимлари ҳамда Кадастр агентлиги раҳбарияти иштирокида ўтказилди.

Йиғилишда қайд этилганидек, бугунги кунда ерга бўлган муносабат тубдан ижобий томонга ўзгарди. Шу билан бирга, мамлакатимизда озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш, ер ресурсларидан оқилона ва самарали фойдаланиш, ер унумдорлигини ошириб бориш, уни муҳофаза қилиш масалалари ҳар қачонгидан ҳам долзарб ҳисобланади.

2020 йил 15 октябрь куни Президентимиз ҳузурида ўтказилган давлат кадастрларини юритишнинг янги тизимини ташкил этиш, ҳудудлардаги мавжуд резервлар ҳамда келгусидаги устувор вазифаларга бағишланган видеоселектор йиғилишда давлатимиз раҳбари томонидан маънавий эскирган амалдаги Ер кодексини янги таҳрирда ишлаб чиқиш бўйича берилган топшириқ ижросини таъминлаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси, Адлия, Қишлоқ хўжалиги, Ахборот технологиялари ва коммуникацияларни ривожлантириш вазирликлари ҳамда Кадастр агентлиги томонидан Ер кодексини янги таҳрирда қабул қилишни назарда тутувчи қонун лойиҳаси ишлаб чиқилди.

Таъкидланганидек, мазкур кодекс лойиҳасини ишлаб чиқишдан асосий мақсад — ер ресурсларидан фойдаланиш ва уни муҳофаза қилиш соҳасидаги қонунчилик ҳужжатлари, ҳуқуқни қўллаш амалиётида мавжуд муаммоларни бартараф этишдан иборатдир.

Ўзбекистон Республикасининг Ер кодекси 1998 йилда қабул қилинган бўлиб, ўтган давр мобайнида 20 дан ортиқ қўшимча ва ўзгартиришлар киритилган, шунинг билан бирга кодексда жуда кўплаб қонун ости ҳужжатларига ҳаволалар қилинган.

Амалиётда ер ресурсларидан оқилона фойдаланиш ва уни муҳофаза қилиш соҳасида ечимини кутаётган айрим масалалар ердан фойдаланувчиларнинг эътирозларига ҳам сабаб бўлмоқда. Хусусан, қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ер участкаларини ажратишда очиқлик ва шаффофлик таъминланмаган, фермер хўжаликларидан ташқари бошқа тадбиркорлик субъектларига ер ажратиш масаласи амалдаги қонунчиликда белгиланмаган. Шунингдек, ер участкалари бозор активлари сифатида қўлланилмаяпти ҳамда ерларнинг миқдори, сифати ва қиймат баҳосини ҳисобга олиш таъминланмаган.

Ер муносабатларини тартибга солишда ер ресурларидан фойдаланиш ҳуқуқини гаровга қўйиш, ер ҳисобини юритиш, ер турларини бир турдан бошқасига ўтказиш билан боғлиқ масалаларнинг ҳуқуқий асослари мавжуд эмас. Мисол учун, юртимизда жами 6 140 гектарда 774 та жамоавий боғдорчилик ва узумчилик ширкатлари ташкил этилиб, ер ҳисобини юритишда ушбу ер майдонларининг ер фонди тоифаларига тааллуқлилиги ва шу ер участкаларида барпо этилган 36 107 та дала-ҳовли бино-иншоотларига кадастр ҳужжатларини расмийлаштириш ҳамда ушбу бино-иншоотларда яшаб келаётган фуқароларни рўйхатга олиш билан боғлиқ муаммолар ҳал этилмаганлигини кўришимиз мумкин.

Бундан ташқари паст балл бонитетли ерлар, тупроқ унумдорлигини сақлаш, тиклаш ва ошириш ҳамда ундан фойдаланиш ва муҳофаза қилиш таъминланмаган. Сўнгги йилларда мамлакатимизда балл бонитети 60 баллдан юқори ва ўрта норматив ҳосилдорлиги 32 центнер бўлган энг қимматли ер майдонлари қисқарган.

Шулардан келиб чиқиб, янги таҳрирдаги Ер кодекси лойиҳаси ишлаб чиқилди. Кодекс лойиҳаси тегишли вазирлик ва идоралар ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси ҳамда вилоят ҳокимликлари ва ҳаттоки агрокластерлар ҳамда Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги сиёсий партияларнинг барча фракцияларида қизғин муҳокамалардан ўтказилиб, кодекс лойиҳаси бўйича жами 130 дан ортиқ таклиф ва мулоҳазалар билдирилган. Ушбу таклифларнинг 100 га яқини лойиҳада ўз аксини топган.

Ер кодексининг янги таҳрирда қабул қилиниши билан ерлардан оқилона ва самарали фойдаланишни таъминлаш, ерларни муҳофаза қилишни, тупроқ унумдорлигини тиклаш, сақлаш ва ошириш механизмини такомиллаштириш ҳамда хўжалик юритишнинг барча шаклларини тенг ҳуқуқлилик асосида ривожлантириш учун шароит яратиш, юридик ва жисмоний шахсларнинг ер участкаларига бўлган ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, ерга бўлган мулкчиликни таъминлаш бўйича ер муносабатларини тартибга солиш имконияти яратилади.

Тадбирда сўзга чиққан вазирлик ва идора раҳбарлари ҳамда депутатларнинг фикрлари асосида ушбу кодекс лойиҳаси Вазирлар Маҳкамасига киритилиши ва қонун ташаббускори сифатида кодекс лойиҳасини маромига етказган ҳолда белгиланган тартибда Қонунчилик палатасига киритилиши мақсадга мувофиқ деб топилди.

www.parliament.gov.uz

Leave a comment

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan