Жорий йилнинг 30 октябрь куни Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Академиясида “Ички ишлар органларига 30 йил:ривожланиш йўллари, ислоҳотлар ва истиқболлар” мавзусида халқаро илмий-амалий конференция ташкил этилди.
Унда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзолари, Қонунчилик палатаси депутатлари, Қонунчилик муаммолари ва парламент тадқиқотлари институти ва тегишли вазирликларнинг ходимлари, халқаро ташкилотлар ва хорижий элчихоналарнинг вакиллари, маҳаллий ва хорижий турдош олий таълим муассасаларининг профессор-ўқитувчилари, шунингдек оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.

Конференция аввалида иштирокчилар томонидан мустақиллик йилларида мамлакатимизда ички ишлар органлари тизимида амалга оширилган тизимли ислоҳотлар натижасида халқ манфаатларига хизмат қиладиган, замон талабларига жавоб берадиган, юксак билим ва профессионал кўникмаларга эга бўлган ватанпарвар кадрларни ўзида жамлаган, мамлакатимиз тинчлиги ва осойишталигининг кафолати бўла оладиган ноёб тизим яратилганлиги эътироф этилди. Айниқса, сўнгги беш йилда Муҳтарам Президентимиз Ш.Мирзиёев томонидан ички ишлар органлари тизимида амалга оширилган кенг кўламли ва пухта ўйланган ислоҳотлар тизимнинг янада ривожланиши ва замонавий қиёфаси шаклланишига хизмат қилганлиги таъкидланди.

Конференцияни Ўзбекистон Республикаси ИИВ Академияси бошлиғи Р. Хатамов кириш сўзи билан очиб берди.
Конференцияда Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирининг ўринбосари Я.Абдулхаков, Беларусь Республикаси ИИВ Академияси бошлиғи А.Васильев (видеотабрик), Тожикистон Республикаси ИИВ Академияси бошлиғи Ф.Шарифзода (видеотабрик) хамда Туркия Миллий полиция Академияси бошлиғи ўринбосари Орчун Имга (видеотабрик) табрикларни билдиришди.
Шундан сўнг тадбир иштирокчиларига “Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлигининг ривожланиш тарихи”га бағишланган таҳлилий видеоролик намойиш этилди.

Шунингдек, конференцияда Олий Мажлис Сенатининг Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси раиси К.Бурханов “Миллий хавфсизликни таъминлашда ички ишлар органларининг роли” мавзусида; БМТ Наркотик моддалар ва жиноятчиликка қарши кураш бўйича бошқармасининг Марказий Осиёдаги ҳудудий вакили Ашита Миттал “Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги ва БМТ Наркотик моддалар ва жиноятчиликка қарши кураш бўйича бошқармасининг гиёҳвандлик воситаларининг ноқонуний айланишига қарши курашиш йўлидаги ўзаро ҳамкорлиги: тенденция ва истиқболлар” мавзусида; Ўзбекистон Республикаси Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирининг ўринбосари Б.Парпиев “Маҳаллаларда қонун устуворлигини таъминлаш ва ҳуқуқбузарликларни олдини олишда ҳамкорлик амалиёти” мавзусидаги маърузалар билан чиқишди.
Тадбир давомида сўзга чиққан Шракбек Кабилбаев номидаги Қозоғистон Республикаси ИИВ Костанай академияси бошлиғи Н.Биекенов, Бош прокуратура Академияси бошлиғи Е.Коленко, Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгаши ҳузуридаги Судьялар олий мактаби директори Ҳ.Исоқовлар томонидан соҳада юқори малакали кадрларни тайёрлаш мақсадида таълим жараёнини такомиллаштириш, бу борада ўзаро ҳамкорликни янада кенгайтириш муҳим эканлиги таъкидлаб ўтилди.
Конференция якунида муҳокама қилинган масалалар юзасидан ҳамда тадбир ташкилотчиларига келиб тушган мақола ва тезисларни ўз ичига олган
“Ички ишлар органларига 30 йил:ривожланиш йўллари, ислоҳотлар ва истиқболлар” номли тўпламни нашр этиш режалаштирилганлиги таъкидланди.

Суд-ҳуқуқ соҳасида тадқиқотлар бўлими