Пенсия тайинлашдаги муҳим ўзгаришлар – Қонунчилик муаммолари институти
Янгиликлар

Кейинги йилларда мамлакатимизда пенсионерларни давлат томонидан ижтимоий кўллаб-қувватлашни янада кучайтириш, кекса ёшдаги фуқароларга ҳар томонлама ғамхўрлик қилиш, пенсия тайинлаш жараёнларида фуқароларнинг оворагарчиликларини бартараф этиш, ҳар хил бюрократик тўсиқларни қисқартириш борасида тизимли ишлар амалга ошириляпти.

Таъкидлаш жоиз, бугунги кунда амалдаги пенсия таъминоти тўғрисидаги қонун талабига кўра, 2019 йил 1 январга қадар бўлган давр учун ходим томонидан бажарилган ҳар қандай иш, агар у Пенсия жамғармасига суғурта бадаллари тўлаган бўлса, иш стажига қўшиб ҳисобланиши белгиланган бўлиб, бу норма талабларига асосан пенсия тайинлашда иш стажини ҳисоблаш учун 1991-2005 йилгача бўлган даврларда суғурта бадалари тўлаганлиги тўғрисида архив маълумотлар сўралади.

Бу эса, фуқароларнинг оворагарчилиги, ортиқча харажатларга ва уларнинг эътирозларига сабаб бўлмоқда. Энг ачинарлиси, турли сабабларга кўра архив ҳужжатлари сақланмаган бўлса, пенсия тайинлашда ушбу давр ҳисобга олинмаётгани тайинлаётган пенсия миқдори анча кам ҳисобланишига олиб келмоқда.

Бундан ташқари таҳлиллар шуни кўрсатмоқдаки, текширилган пенсия ишларидан аниқланган ортиқча тўловларнинг аксарият қисми бир неча йил илгари тайинланганлиги сабабли пенсионерлардан йирик миқдорда ортиқча тўловлар ундиришга қаратилаётгани ҳам кекса ёшдаги фуқароларнинг кўплаб ҳақли эътирозларига сабаб бўлмоқда.

Амалиётда вужудга келган бу каби муаммоларни бартараф этиш мақсадида “Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги қонун лойиҳаси ишлаб чиқилиб, бугунги кунда қонунчилик палатасида кенг муҳокама қилинмоқда.

Таъкидлаш лозимки, лойиҳада фуқароларга давлат пенсия таъминоти тизимида бир қатор енгилликлар ва шарт-шароитлар яратиш, ижтимоий адолатни мустаҳкамлаш ҳамда давлат пенсия таъминоти борасида кўрсатилаётган хизматлар сифатини замон талабларига мувофиқлаштириш, шунингдек шахсларга пенсия тайинлаш ва тўлаш учун мурожаат қилишда қулайлик ва имтиёзлар яратишга қаратилган қуйидаги муҳим нормалар белгиланмоқда.

Биринчидан, 2021 йил 1 июндан бошлаб янги пенсия тайинлашда 2005 йил 1 январидан аввалги йиллар учун шахснинг иш стажини ҳисоблаш меҳнат дафтарчасидаги мавжуд ёзувлар асосида ҳеч қандай тасдиқловчи ҳужжатлар талаб этилмасдан ҳисобга олинади.

Иккинчидан, ишловчи фуқаролар томонидан ишламайдиган турмуш ўртоғи келгусида пенсия таъминотига эга бўлиши учун ўз даромадларидан ихтиёрий равишда ижтимоий солиқ тўлаш ҳуқуқи бериш ва иш стажига қўшиб ҳисоблаш белгиланмоқда. Мазкур тизим амалиётга жорий этилса, оилада бола парвариши ва бошқа юмушлар билан банд бўлганлиги ёки турмуш ўртоғининг хоҳишига асосан ишламаган турмуш ўртоғини ҳам келажакда пенсия билан таъминлаш имконияти яратилади.

Учинчидан, пенсия ва нафақаларни фуқаронинг хоҳишига кўра рўйхатга олинган доимий яшаш жойи ёки вақтинча турган жойи бўйича тайинлаш ва тўлаш белгиланмоқда. Бунинг натижасида фуқароларга доимий ёки вақтинча рўйхатга олинган турар жойи бўйича пенсия (нафақа) тайинлаш ва тўлаш учун мурожаат қилиш имконияти яратилади. Бу эса фуқаролармизга бир қанча қулайликлар яратиб берилади. Яъни, фуқаро вилоятда доимий яшаётган (просписка), бироқ Тошкент шаҳрида вақтинча рўйхатдан ўтган бўлса пенсия тайинлаш ёки тўлаш учун вилоятга бориш билан боғлиқ оворагарчилиги бартараф этилади.

Тўртинчидан, уч йил ва ундан аввал тайинланган ёки қайта ҳисобланган пенсиялар текширилишига ҳамда пенсия миқдоридан ортиқча пуллар тўланганлиги аниқланган холатларда, ортиқча тўланган суммаларни ушлаб қолишга йўл қўйилмайди.

Бешинчидан, “Саховат” интернат уйлари ҳамда Уруш ва меҳнат фахрийлари учун республика пансионатида яшовчи ёлғиз пенсионерларга шахсий сарф харажатлари учун тўланадиган ойлик пенсия миқдори камида 10 фоиздан 20 фоизгача оширилади.

Олтинчидан, фуқаронинг вафоти муносабати билан пенсионернинг вафот этган ойдаги олинмай қолган пенсиясини уни олиш ҳуқуқига эга бўлган фуқароларга тўлиқ ой учун тўлаш тизими жорий этилмоқда.

Хулоса қилиб айтганда, мазкур қонун лойиҳасининг қабул қилиниши фуқароларимизга кафолатланган пенсияни таъминлашга, кекса фуқароларимизнинг йиллар давомида қилган машаққатли меҳнатлари натижасидан тўлиқ бахраманд бўлишларига, бюрократик тўсиқлар, оворагарчиликлар ва ортиқча харажатларга тўлиқ барҳам беришга хизмат қилади.

Абдиғани УМИРОВ,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,

“Адолат”СДП фракцияси аъзоси

www.parliament.gov.uz

Leave a comment

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan