Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Халқаро ишлар ва парламентлараро алоқалар қўмитаси томонидан “Ташқи ишлар ҳамда Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирликларининг жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатларида кўтарилган масалалар қай даражада ҳал этилаётгани тўғрисида”ги ахбороти эшитилди.
Кун тартибидаги ушбу масала юзасидан дастлаб Ташқи ишлар вазири ўринбосари Э.Ҳамроев ахборот берди.
Таъкидланганидек, бугунги кунда 37 та хорижий давлатларда Ўзбекистон Республикасининг 36 та дипломатик ваколатхоналари ва 16 та консуллик муассасалари фаолият олиб бормоқда. Хусусан, мазкур соҳада фуқароларнинг мурожаатлари бўйича 197 380 та консуллик хизматлари, хориждаги юртдошларимизнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини таъминлаш юзасидан 78 815 та консуллик-ҳуқуқий ёрдам кўрсатилган.
Шунингдек, Ташқи ишлар вазирлиги ҳамда хориждаги ваколатхоналар томонидан 18 738 та хорижга чиқиш биометрик паспортлари ва хорижда ҳужжатсиз қолиб кетган фуқаролар учун 28 944 та Ватанга қайтиш гувоҳномалари расмийлаштирилган. Қолаверса, 1 103 та фуқаролик ҳуқуқига оид суд ва тергов топшириқларининг ижроси таъминланиб, 35 673 та расмий ҳужжатлар легаллаштирилган ва апостиль қилинган.
Шу билан бирга, 39 354 та виза талабномаларига асосан чет эл фуқароларига Ўзбекистонга кириш визалари расмийлаштирилган бўлса, 673 нафар ёшларга 98 531 АҚШ доллар миқдорида моддий ёрдам кўрсатилган. 13 713 та сайёр қабуллар ташкил этилиб, дипломатик ваколатхоналар томонидан 996 та ташрифлар уюштирилган ҳолда, 52 555 нафар меҳнат мигрантлари ва талабалардан иш жойлари ва олий таълим муассасаларига бориб хабар олинган.
Э.Ҳамроевнинг билдиришича, вазирлик марказий аппаратида “Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлаш Сектори”, ТИВ ва Москва шаҳридаги Элчихонада “Call-марказлари” фаолияти, Интерактив консуллик хизматлари “Consul.gov.uz” порталида мурожаатлар учун алоҳида рукн ҳамда Вазирлик веб саҳифасида “Ишонч телефони” фаолияти йўлга қўйилган.
Эътиборлиси, хориждаги фуқароларга консуллик хизматларини кўрсатишда енгиллик яратиш ва уларнинг вақт ҳамда транспорт харажатларини қисқартириш мақсадида Ташқи ишлар вазирлиги манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда умумий кўрсатиладиган 32 турдаги консуллик хизматларининг 16 таси тўлиқ рақамлаштирилган.
Йиғилишда шунингдек, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирининг биринчи ўринбосари Э. Муҳитдинов ҳамда Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги бошлиғи А.Ирматовнинг ахбороти ҳам тингланди.
Қайд этилдики, ҳозирги кунда Ташқи меҳнат миграцияси агентлигининг Кореядаги 1, Россиядаги 1 та ваколатхонаси ва 15 та вакиллиги, Туркия ва Қозоғистондаги вакилликлари орқали ҳам ўзбекистонлик меҳнат мигрантлари мурожаатлари бўйича тегишли ишлар амалга оширилмоқда. Хусусан, жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатларини оғзаки, ёзма ва электрон шаклда қабул қилиш тизими жорий қилинган.
Электрон мурожаатларни қабул қилиш учун электрон почта (info@migration.uz), хорижда моддий ёрдамга муҳтож бўлган меҳнат мигрантлари учун дастурий мажмуа (labormigration.uz) ташкил этилган. Юридик шахсларга эса Ўзбекистонда ишлайдиган хорижий фуқароларга меҳнат ҳуқуқи тасдиқномасини расмийлаштириш учун мурожаатларни Давлат хизматлари агентликлари орқали йўналтириш имконияти яратилган.
Эшитув давомида жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатларида кўтарилаётган долзарб масалаларни ҳал қилиш юзасидан амалга оширилаётган ижобий ишлар билан бирга, бу борада ўз ечимини кутаётган айрим муаммолар борлиги қайд этилди. Хусусан, хорижга ишлаш учун кетган фуқароларнинг касбий малакасини ошириш бўйича комплекс тадбирлар амалга оширилаётганига қарамай, бу ишлар ҳали талаб даражасида эмаслиги, шу боис фуқароларнинг чет тилларини билиш ва касбий малака даражасини оширишга эътиборни кучайтириш лозимлиги таъкидланди.
Депутатлар шунингдек, хорижий давлатларда вақтинчалик меҳнат фаолиятини амалга ошириш тартиблари тўғрисидаги маълумотларни фуқароларга етказиб беришдаги тарғибот-ташвиқот ишларини кучайтиришга алоҳида эътибор қаратди.
Йиғилишда вазирлик ва агентлик тизимида жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлаш тизимини такомиллаштириш, мурожаатларни ҳал қилиш юзасидан кўрилаётган чора-тадбирларнинг самарадорлигини янада ошириш бўйича таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқилди ҳамда қўмитанинг тегишли қарори қабул қилинди.