Ўзбекистон делегацияси «Марказий Осиёда аёллар тадбиркорлиги кун тартибида» мавзусидаги WAGE минтақавий конференциясида иштирок этди – Қонунчилик муаммолари институти
Янгиликлар

Жорий йилнинг 9-10 декабрь кунлари Қозоғистон Республикасининг Олмаота шаҳрида «Марказий Осиёда аёллар тадбиркорлиги кун тартибида» минтақавий конференцияси бўлиб ўтди.

Конференция WAGE (Women and girls empowered) Аёллар ва қизларнинг имкониятларини кенгайтириш консорциуми ташаббуси билан АҚШ Савдо вазирлигининг Тижорат ҳуқуқини ривожлантириш дастури (CLDP) билан ҳамкорликда ташкил этилди.

Унда Ўзбекистон Республикаси делегацияси таркибида Олий Мажлис Сенатининг Хотин-қизлар ва гендер тенглик масалалари қўмитаси раиси М. Қодирхонова ҳам иштирок этди.

Конференцияда минтақадаги тадбиркор аёллар учун ишбилармонлик муҳитини яхшилашга қаратилган ёндашувлар муҳокама қилинди. Бу борада анжуман иштирокчилари хотин-қизлар тадбиркорлигига тўсиқ бўлаётган омилларни бартараф этиш масаласидаги ўзгаришлар ҳақида сўз юритди ва минтақадаги тадбиркорлик ўртасида ҳамкорликни мустаҳкамлаш бўйича янги таклифлар билдирди.

Ўз навбатида, М. Қодирхонова нутқи давомида хотин-қизларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш Ўзбекистон давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири эканига, ҳозирги вақтда аёлларимиз ҳаётнинг барча жабҳалари, ижтимоий-сиёсий, иқтисодий ва бошқа соҳаларда фаол ишлаб келаётгани, давлатимиз томонидан тадбиркорлик фаолиятида аёллар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ва имкониятлар таъминланаётганига тўхталиб ўтди.

Конференцияда сўз олган маърузачилар мазкур тадбир келгусида Марказий Осиё мамлакатлари кучларини бирлаштириш ҳамда кўплаб долзарб муаммоларни ҳал этишга ижобий таъсир кўрсатишини айтиб ўтди.

Икки кун давом этган тадбир якунида WAGE Аёллар ва қизларнинг имкониятларини кенгайтириш коалициялари ва Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Ўзбекистон ҳамда Туркманистондаги тадбиркор аёллар ўртасида ўзаро ҳамкорлик тўғрисидаги меморандум имзоланди. Қайд этилганидек, ушбу ҳужжат умумий мақсадларни белгилашга ва тўпланган тажрибани интеграциялашувига хизмат қилади.

www.xs.uz

Leave a comment

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan