Адвокатура фаолиятига замонавий ахборот-коммуникация технологияларини кенг жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида – Қонунчилик муаммолари институти
Янгиликлар

Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарори

Сўнгги йилларда мамлакатимизда барча соҳаларга замонавий ахборот технологияларини жорий қилиш орқали уларни рақамлаштириш, бунинг натижасида аҳолига хизмат кўрсатиш сифатини янада кучайтириш ва бир қатор соҳалар вакиллари фаолиятининг самарадорлигини ошириш бўйича кенг қамровли ислоҳотлар амалга оширилмоқда.

Бугунги кунда ушбу йўналишда белгиланган вазифалар амалга оширилишининг тизимлилиги ва изчиллигини таъминлаш, бунинг доирасида адвокатура фаолиятига ахборот-коммуникация технологияларини жорий қилиш орқали жисмоний ва юридик шахсларга юридик ёрдам кўрсатишни янги босқичга олиб чиқиш зарурати мавжуд.

Адвокатура фаолиятида ортиқча сансалорлик, бюрократия ҳамда қоғозбозликка чек қўйиш, унинг фаолиятида судлар, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ва бошқа давлат органлари билан электрон ҳужжатлар алмашинувини йўлга қўйиш мақсадида, шунингдек, 2022-2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясини “Инсон қадрини улуғлаш ва фаол маҳалла йили”да амалга оширишга оид Давлат дастурига мувофиқ:

1. Қуйидагилар адвокатура фаолиятига замонавий ахборот-коммуникация технологияларини жорий этишнинг устувор вазифалари этиб белгилансин:

замонавий ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш ва инсон омилини бартараф этиш орқали адвокатура институтининг давлат органлари ва бошқа тузилмалардан мустақиллигини ошириш;

адвокатлик фаолиятини амалга ошириш учун зарур бўлган маълумотларнинг тезкорлик билан олинишини таъминлаш мақсадида адвокатура, суд ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ҳамда бошқа давлат органлари ўртасида электрон маълумот алмашинувини самарали йўлга қўйиш;

адвокатлар томонидан махсус ахборот дастури орқали жисмоний ва юридик шахсларга онлайн юридик ёрдам кўрсатиш имкониятларини кенгайтириш;

адвокатура фаолияти учун зарур ахборот тизимлари, маълумотлар базалари ва бошқа дастурий маҳсулотларни шакллантириш ҳамда уларда сақланадиган маълумотларнинг комплекс ҳимоя қилиниши ва махфийлигини таъминлаш чораларини кўриш.

2. Шундай тартиб ўрнатилсинки, унга мувофиқ 2023 йил 1 январдан бошлаб:

а) адвокатлик фаолияти билан шуғулланиш ҳуқуқи учун лицензия бериш, талабгор томонидан малака имтиҳонини топширишининг амалдаги тартиби сақланган ҳолда, “Лицензия” ахборот тизими орқали амалга оширилади ва расмийлаштириб борилади.

Бунда:

талабгорнинг малака имтиҳонини муваффақиятли топширганлиги ҳақидаги қарор ва тегишли ҳужжатлар “Лицензия” ахборот тизими орқали расмийлаштирилади ва адвокатларнинг электрон реестрига киритилади;

малака имтиҳонини муваффақиятли топширган талабгорга адвокатлик лицензиясини олиш учун тегишли адлия органига мурожаат қилмасдан исталган вақтда “Лицензия” ахборот тизими орқали олиш имконияти яратилади;

лицензиянинг амал қилиши тўхтатиб турилган ёки тугатилган ҳолатлар “Лицензия” ахборот тизимида автоматик равишда қайд этиб борилади;

б) адвокатлик тузилмаларини давлат рўйхатидан ўтказиш, қайта рўйхатдан ўтказиш ва тугатиш Ўзбекистон Республикаси Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали “ягона дарча” тамойили асосида фақат электрон тарзда амалга оширилади.

Бунда:

адвокатлик тузилмаларини давлат рўйхатидан ўтказиш (ҳисобга олиш), қайта рўйхатдан ўтказиш ва тугатиш (ҳисобдан чиқариш) учун зарур ҳужжатлар электрон тарзда Ўзбекистон Республикаси Ягона интерактив давлат хизматлари порталига киритилади;

адвокатлик тузилмаларининг таъсис ҳужжатларини адлия органининг муҳри билан тасдиқлаш, “рўйхатдан ўтказилган” белгисини қўйиш амалиёти бекор қилиниб, уларга электрон QR-код ва идентификация рақамларини бериш тартиби жорий этилади;

адвокатлик тузилмаси номини рўйхатдан ўтказишда бир хил ёки ўхшаш номларнинг йўқлиги тўғрисидаги маълумот онлайн тарзда олинади;

в) адвокатлик фаолиятини бошлашда малака имтиҳонини топшириш, адвокатлик фаолияти учун лицензия олиш ва адвокатлик бюросини давлат рўйхатидан ўтказиш бўйича композит хизмат кўрсатиш имконияти яратилади.

Бунда:

малака имтиҳонини топшириш учун тегишли ҳужжатларнинг қоғоз шаклини талабгордан олиш тартиби бекор қилинади ва уларни электрон тарзда юбориш амалиёти йўлга қўйилади;

адвокат мақомига эга бўлишга талабгорнинг белгиланган талабларга мослигини текширган ҳолда имтиҳон вақти ва жойи ҳақида электрон хабар бериш тартиби жорий этилади;

адвокатлик гувоҳномасини махсус QR-код қўйилган ҳолда бериш тартиби жорий этилиб, бу орқали адвокатнинг мақоми ҳақида маълумот олиш имконияти яратилади.

Адлия вазирлиги (Р. Давлетов) уч ой муддатда:

адвокатлик тузилмаларини давлат рўйхатидан ўтказишнинг (ҳисобга олишнинг) амалдаги тартибини қайта кўриб чиқсин;

Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги (Ш.Шерматов) билан биргаликда мазкур бандда назарда тутилган тартибни назарда тутувчи норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳасини Вазирлар Маҳкамасига киритиш ҳамда зарур бўлган ташкилий-техник тадбирларни бажариш чораларини кўрсин.

3. Адлия вазирлигининг 2023 йил 1 январдан фуқароларга юридик ёрдам кўрсатиш жараёнларини рақамлаштириш, адвокатура соҳасини судлар ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ҳамда бошқа давлат органлари фаолияти билан интеграция қилишни назарда тутувчи “Юридик ёрдам” ахборот тизимини ишга тушириш тўғрисидаги таклифига розилик берилсин.

Белгилансинки, “Юридик ёрдам” ахборот тизими доирасида:

адвокатлар электрон реестри ва адвокатларнинг шахсий электрон кабинети шакллантирилади;

адвокатнинг шахсий электрон кабинети орқали жисмоний ва юридик шахслар билан онлайн мулоқот қилиш, электрон рақамли имзодан фойдаланган ҳолда ишонч билдирувчи шахс хоҳишига асосан масофадан туриб юридик ёрдам кўрсатиш тўғрисида онлайн битимлар (шартномалар) тузиш ва онлайн юридик ёрдам кўрсатиш имконияти яратилади;

адвокатура, судлар, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ва бошқа давлат органлари ўртасида электрон ҳужжатлар алмашинуви йўлга қўйилади (бундан қонун билан муҳофаза қилинадиган сирни ташкил этувчи ахборотлар мустасно);

терговга қадар текширувни амалга оширувчи органнинг мансабдор шахси, суриштирувчи, терговчи, прокурор ёки суд томонидан терговга қадар текширув, суриштирув, тергов ҳаракатлари ёки суд мажлиси ўтказилиш вақти ва жойи тўғрисида адвокатга электрон хабар бериш имконияти яратилади;

адвокат сўровини электрон юбориш ва адвокат сўрови асосида юридик ёрдам кўрсатиш учун зарур бўлган ҳужжатларни электрон шаклда тақдим этиш амалиёти йўлга қўйилади;

адвокатнинг ўз аризасига кўра адвокатлик мақомини тўхтатиб туриш электрон тарзда адвокат томонидан хабарнома бериш шаклида амалга оширилади.

4. Шундай тартиб ўрнатилсинки, унга мувофиқ 2023 йил 1 февралдан бошлаб:

а) адвокатлик тузилмалари томонидан адвокатларга муайян ишни олиб бориш учун бериладиган анъанавий шаклдаги ордер (кейинги ўринларда – ордер) мақомига тенг бўлган махсус QR-код қўйилган “Электрон адвокатлик ордери”ни бериш амалиёти йўлга қўйилади;

Бунда:

адвокатлик тузилмаси томонидан ишонч билдирувчи шахс билан тузилган барча шартномаларнинг фақат реквизитлари (шартнома рақами ва унинг тузилган санаси) тўғридан-тўғри “Юридик ёрдам” ахборот тизимига киритилади ва бу QR-код қўйилган “Электрон адвокатлик ордери”ни олиш учун асос бўлади;

адвокат сўрови юборилган давлат органи ёки ташкилот, тегишли ишни кўриб чиқаётган суд ёки ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган томонидан адвокатнинг муайян ишга ваколатлилигини аниқлаш муқобил равишда QR-код қўйилган “Электрон адвокатлик ордери” орқали ҳам амалга оширилиши имконияти яратилади;

б) ордер муқобиллик асосида қоғоз шаклда расмийлаштирилганида, ушбу ордер ҳақидаги маълумотни “Юридик ёрдам” ахборот тизимига киритиш мажбурий ҳисобланади;

в) адвокат сўрови шаклига қўйилган талаблар, шу жумладан, унга ордернинг кўчирма нусхасини илова қилиш, ордерни қайд этиш дафтарини юритиш талаблари бекор қилинади.

5. Белгилаб қўйилсинки, “Юридик ёрдам” ахборот тизими жорий этилиши муносабати билан:

давлат ҳисобидан адвокатларни ишга жалб этиш инсон омилисиз, электрон тартибда тасодифий танлаш йўли билан аниқланади;

адвокатларнинг онлайн малака оширишини ташкил этиш ва малака оширганлигини тасдиқловчи ҳужжатларни электрон шаклда бериш тартиби жорий этилади;

адвокатлик тузилмаларидан статистик маълумотларни анъанавий шаклда йиғиш бекор қилиниб, статистик маълумотлар автоматик равишда умумлаштирилади.

Адлия вазирлиги (Р.Давлетов) Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги (Ш.Шерматов) билан биргаликда 2023 йил 1 январга қадар “Юридик ёрдам” ахборот тизими фаолияти тартиби тўғрисидаги норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳаси тасдиқланишини, мазкур тизимнинг ишга туширилишини, шунингдек, унинг махсус мобиль иловаси яратилишини таъминласин.

Адлия вазирлиги “Юридик ёрдам” ахборот тизимининг бошқа ахборот-коммуникация тизимлари билан интеграция қилиниши, унинг узлуксиз ишлаши, ахборот хавфсизлиги таъминланиши ҳамда адвокатлик сири ошкор этилмаслигини таъминлаш учун масъул давлат бошқаруви органи этиб белгилансин.

6. “Юридик ёрдам” ахборот тизимини ишга тушириш, унга техник хизмат кўрсатиш ва уни қўллаб-қувватлаш билан боғлиқ харажатлар
Адлия органлари ва муассасаларини ривожлантириш жамғармаси маблағлари ҳамда қонунчилик ҳужжатлари билан тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан молиялаштирилиши белгилаб қўйилсин.

7. Адлия вазирлиги Адвокатлар палатаси билан биргаликда 2022 йил 1 ноябрга қадар “Юридик ёрдам” ахборот тизими жорий этилиши муносабати билан адвокатларнинг касбий тайёргарлиги ва малака ошириш дастурларига адвокатларнинг рақамли саводхонлигини ва малакасини ошириш, уларни ахборот технологиялари ва ахборот хавфсизлиги бўйича ўқитиш масалаларини киритиш чораларини кўрсин.

8. Адлия вазирлиги манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда уч ой муддатда қонунчилик ҳужжатларига ушбу қарордан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисида Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин.

9. Мазкур қарорнинг ижросини самарали ташкил қилишга масъул ва шахсий жавобгар этиб адлия вазири Р.Қ. Давлетов белгилансин.

Қарор ижроси учун масъул идоралар фаолиятини мувофиқлаштириш ва назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.Н. Арипов ва Ўзбекистон Республикаси Президенти маслаҳатчиси Б.Д. Исламов зиммасига юклансин.

 

Ўзбекистон Республикаси  

       Президенти                                                                                                                    Ш.МИРЗИЁЕВ

www.uza.uz

Leave a comment

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan