«Парламентимиз ҳақиқий демократия мактабига айланиши, ислоҳотларнинг ташаббускори ва асосий ижрочиси бўлиши керак». Ш.М.Мирзиёев
Барчамизга маълумки, 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси олиб борилаётган ислоҳотлар самарасини янада ошириш, давлат ва жамиятнинг ҳар томонлама ва жадал ривожланиши учун шарт-шароитлар яратишда ўзгача бир маёқ вазифасини бажариб келмоқда.
Ҳаракатлар стратегиясининг биринчи устувор йўналишининг – Давлат ва жамият қурилиши тизимини такомиллаштиришнинг устувор йўналишлари – биринчи қисми демократик ислоҳотларни чуқурлаштириш ва мамлакатни модернизация қилишда Олий Мажлис, сиёсий партияларнинг ролини янада кучайтиришга бағишланган.
Шу ўринда Президентимиз Ш.М.Мирзиёевнинг 2017 йил 12 июлдаги Олий Мажлис палаталари, сиёсий партиялар вакиллари билан видеоселектор йиғилишидаги маърузасини эслаш лозим: «Ижро ҳокимияти идоралари фаолиятини назорат қилишда Президентнинг асосий кўмакчилари ким? Албатта, сиз, муҳтарам депутат ва сенаторлар. Сизлар менинг олдимга келиб, ижро ҳокимияти идораларининг камчилик ва нуқсонлари ҳақида асосли маълумотлар беришингиз, вазирлик ва идоралар фаолиятини такомиллаштириш бўйича масалани кўндаланг қўйишингиз, керак бўлса, вазир ва ҳокимларни лавозимдан бўшатишгача бўлган таклифларни киритишингиз лозим».
Дарҳақиқат, давлатнинг демократик ривожланиши таҳлили шундан далолат берадики, агар давлат ва жамият ҳаётига доир масалаларни кўриб чиқиш ва ҳал қилишда парламентнинг иштироки даражаси қанчалик юқори бўлса, хусусан, парламент назорати механизмлари қанчалик такомиллашган бўлса, ижро ҳокимияти органлари фаолияти ҳам шунчалик самарали ташкил этилади.
Юридик адабиётларда қонун чиқарувчи ҳокимиятнинг назорат ваколати қонун чиқариш жараёнида муҳим аҳамиятга эга эканлиги эътироф этилади. Албатта, парламент халқнинг вакиллик органи бўлганлиги боис давлат ҳокимиятининг бошқа (деярли барча) тармоқлари, айниқса, ўзи сайлайдиган, таъсис этадиган ва тайинлайдиган идоралар ва мансабдор шахслар фаолияти устидан муайян назоратни амалга ошириши зарурдир.
Ягона халқ суверенитети ғоясининг тарафдори Ж.Ж.Руссонинг таъкидлашича, «парламент миллат ва халқ иродасини акс эттирувчи идора бўлганлиги учун ҳам халқ номидан назорат-текширув функциясини бажаради”. Бошқа француз тадқиқотчиси Б.Шантебунинг фикрича, «парламент назорат функцияси орқали ўзининг бирламчи функцияси ҳисобланган қонунчилик функциясини таъминлайди».
М.Лесаж ҳам парламент назоратининг аҳамияти масаласида фикр юритиб, «қонунни чиқарган орган унинг ижросини таъминлаш имкониятига эга бўлмаса, қонун «ўлик ҳарфлар»га айланиб қолишини» таъкидлайди.
Парламент назорати механизмларининг қонунчиликни такомиллаштиришдаги ўрни ҳақида ўзбек олимларидан Т.Нарбаева, Н.Исмоилов, А.Саидов, Б.Мирбобоев, М.Миракулов, Р.Хакимов, Ш.Зулфикоров, Ҳ.Одилқориев, Э.Халилов, Ш.Якубов ва бошқаларнинг фикри ҳам эътиборга молик.
Мустақил Ўзбекистонда олий қонун чиқарувчи орган фаолиятини демократлаштириш, ҳуқуқий асосларини такомиллаштириш, давлат ҳокимияти органлари тизимида парламентнинг роли ва аҳамиятини ошириш йўлида қатор муҳим ислоҳотлар амалга оширилди ва амалга оширилиб келинмоқда.
2016 йилда қабул қилинган «Парламент назорати тўғрисида»ги Қонун бир-бирини тийиб туриш ва ўзаро мувозанатда ушлаб туриш принципини амалда таъминлаш йўлидаги улкан қадам бўлди.
Шу ўринда сўнгги йилларда юртимизда давлат ва жамият қурилиши соҳасида амалга оширилаётган кенг қамровли ислоҳотлар таҳлилига эътиборни қаратиш айни муддао бўлади. Ўрганишлар асосида парламент назоратига оид ўзгаришларни 7 йўналишга бўлиш мумкин.
Биринчидан, бюджет жараёни устидан парламент назорати мутлақо янгича тусга эга бўлди:
Олий Мажлиснинг Давлат бюджетини шакллантириш соҳасидаги ваколатлари ривожланишнинг янги босқичига чиқди. Навбатдаги йил учун давлат бюджетини қонун билан қабул қилиш амалиёти жорий этилди.
Маълумки, ушбу тартиб жорий этилгунига қадар Давлат бюджети даромадлари ва харажатларининг асосий параметрлари Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг навбатдаги йил учун Давлат бюджети тўғрисидаги қарорларини ижро этиш учун Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарори билан тасдиқланган.
Илк бор, «2020 йил учун Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни билан республика бюджети харажатлари вазирлик ва идоралар кесимида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталари томонидан, маҳаллий бюджетлар харажатлари эса халқ депутатлари маҳаллий кенгашлари томонидан тасдиқланиши белгилаб қўйилди.
Ҳукуматнинг Давлат бюджети ижроси бўйича ҳисоботларини Сенат томонидан ҳам кўриб чиқишнинг батафсил тартиби қонунчиликда акс эттирилди. Бунинг натижасида ҳудудий манфаатлардан келиб чиқиб, Сенат томонидан Давлат бюджетининг ижроси устидан парламент назоратини амалга ошириш тартиби ўрнатилди.
Бунга қадар давлат бюджети ижроси бўйича чораклик ҳисоботлар фақат Қонунчилик палатасида муҳокама қилинар эди.
Иккинчидан, Ҳукумат билан ҳамкорлик ва унинг фаолияти устидан парламент назорати кучайтирилди:
«Парламент назорати тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни Олий Мажлиснинг ижро ҳокимияти фаолияти устидан парламент назоратини амалга оширишнинг ҳуқуқий асосларини такомиллаштирган ҳолда ягона ҳужжатда бирлаштирди.
Парламент тарихида илк бор 2019 йилдан бошлаб, Вазирлар Маҳкамасининг Ўзбекистон Республикаси Президентининг Олий Мажлисга Мурожаатномасидан келиб чиқадиган, тегишли йилга мўлжалланган давлат дастури бажарилишининг бориши тўғрисидаги ҳисоботини Олий Мажлис палаталарида кўриб чиқиш амалиёти жорий этилди. Давлат раҳбарининг ушбу ташаббуси асосида Ҳукуматнинг халқ вакиллари олдидаги масъулияти ошиши билан бирга, ислоҳотларни амалга ошириш жараёнида парламент аъзоларининг фаол иштироки таъминламоқда.
Қонунчилик палатаси мажлисларида Ҳукумат аъзоларининг Қонунчилик палатаси депутатлари саволларига жавобларини эшитиш – «Ҳукумат соати» институти жорий этилди. Мазкур институт парламент назоратини амалга оширишга янгича руҳ олиб кирди ҳамда жойларда аҳолини ташвишга солиб келаётган қатор муаммо ва масалаларни ҳал этишда ижро ҳокимияти
ва парламент ҳамкорлигининг энг самарали усулига айланиб бормоқда.
Хусусан, 2018 йилда 6 та, 2019 йилда 8 та, 2020 йилда 9 та «Ҳукумат соати» тадбирлари ўтказилган.
Қонунчилик палатаси Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг тақдимига биноан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси аъзолигига номзодларни кейинчалик уларни Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан лавозимларга тасдиқлаш учун кўриб чиқиш ва маъқуллаш ваколатига эга бўлди. Давлат бошқаруви соҳасини янада демократлаштиришга қаратилган ушбу янги тартиб ҳокимият бўлиниши принципининг яққол ифодасидир.
Хусусан, 2019 йилда ҳукумат аъзолигига 3 нафар номзод Қонунчилик палатасининг мажлисларида кўриб чиқилган ва маъқулланган бўлса, 2020 йилда ушбу кўрсаткич 48 тага етди.
Парламент назорати субъектларига Ҳукуматнинг кўмаклашишини таъминлаш мақсадида Вазирлар Маҳкамасининг Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисидаги ваколатли вакили лавозими жорий этилди.
Учинчидан, парламент ва парламент аъзоси сўровлари институти такомиллаштирилди:
Парламент сўровига, Қонунчилик палатаси депутатининг, Сенат аъзосининг сўровига жавоб ўз номига сўров юборилган мансабдор шахс ёки унинг вазифаларини вақтинча бажараётган шахс томонидан имзоланиши тўғрисидаги қоида қонунчиликда мустаҳкамланди. Парламент аъзосининг обрў-эътибори ва сиёсий мақомига ижобий таъсир қилган ушбу ўзгариш парламент ва парламент аъзосининг сўровини кўриб чиқишда мансабдор шахсларнинг масъулиятини янада юксалишига замин яратди.
Депутатлик ва сенаторлик фаолиятининг кафолатларини бузганлик учун маъмурий жавобгарликни белгиловчи нормалар такомиллаштирилди. Ушбу ўзгаришлар мансабдор шахсларнинг парламент сўровини, депутат, сенатор сўровини кўриб чиқишдаги масъулиятини ошишига хизмат қилди.
Тўртинчидан, вазирлик ва идоралар ҳамда хўжалик бошқаруви органлари фаолияти устидан парламент назорати янгича мазмун касб этди:
Илғор хорижий мамлакатлар тажрибаси ҳамда парламентаризм анъаналаридан келиб чиқиб, хўжалик бошқаруви органларининг фаолияти ҳам парламент назорати объектлари доирасига киритилди.
Ҳар йили Адлия вазирининг давлат органлари ва ташкилотларининг норма ижодкорлиги фаолияти ва ҳуқуқни қўллаш амалиётининг ҳолати тўғрисидаги ахборотини тегишли қўмитада дастлабки тарзда кўриб чиққан ҳолда Сенатнинг ялпи мажлисида эшитилишига оид норма қонунчиликда белгиланди. Эндиликда норма ижодкорлиги ҳамда ҳуқуқни қўллаш амалиётида мавжуд бўлган тизимли муаммолар ва уларни бартараф қилиш бўйича таклифлар парламент даражасида муҳокама қилинмоқда.
Соғлиқни сақлаш соҳасидаги ислоҳотлар самарадорлигини халқ вакиллари томонидан бевосита назорат қилиш механизми – Соғлиқни сақлаш вазирининг ўз фаолияти ҳақидаги ахборотини тегишли қўмитада дастлабки тарзда кўриб чиққан ҳолда Қонунчилик палатасининг мажлисларида йилига икки марта эшитиш амалиёти йўлга қўйилди.
Жиноятчиликни олдини олиш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари ҳамда қонуний манфаатлари ҳимоя қилинишини таъминлашда парламентнинг ролини кучайтириш мақсадида Ички ишлар вазирининг ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш ва уларнинг профилактикаси ҳолати тўғрисидаги ахборотини тегишли қўмитада дастлабки тарзда кўриб чиққан ҳолда Сенатнинг ялпи мажлисларида йилига икки марта эшитиш амалиёти жорий этилди.
Ушбу ислоҳотларгача Олий Мажлис палаталарида парламент эшитувлари асосан Давлат бюджетининг ижроси, Бош прокуратура, Ҳисоб палатаси, Марказий банк, сиёсий партияларнинг фаолияти юзасидан йиллик ахборотларни эшитиш билан чекланган.
Бешинчидан, парламентнинг мамлакат ташқи сиёсатидаги роли янги босқичга чиқди:
Мамлакатнинг ташқи сиёсатини мувофиқлаштириш бўйича парламентнинг ўрнини янада мустаҳкамлаш мақсадида Ташқи ишлар вазирининг ўз фаолияти ҳақидаги ахборотини тегишли қўмитада дастлабки тарзда кўриб чиққан ҳолда Сенатнинг ялпи мажлисларида йилига икки марта эшитиш амалиёти жорий этилди.
Ўзбекистон Республикасининг чет давлатлардаги дипломатик ваколатхоналари раҳбарларининг ўз фаолияти масалаларига доир ҳисоботларини Сенат томонидан эшитиш амалиёти жорий этилди. Сенатнинг ташқи алоқалар соҳасидаги назорат ваколатлари кенгайтирилишига асос бўлган ушбу тартиб Ўзбекистон Республикасининг дипломатик ваколатхоналари фаолияти самарадорлиги ошишига мустаҳкам замин яратмоқда.
Хусусан, 2020 йилда юқори палата томонидан 10 нафар элчининг ҳисоботи эшитилди.
Олтинчидан, парламентнинг маҳаллий давлат ҳокимияти органлари фаолияти юзасидан назорат ваколатлари янада кенгайтирилди:
Сенат мажлисларида вилоятлар, туманлар, шаҳарлар ҳокимларининг тегишли ҳудудни ривожлантириш масалалари юзасидан ҳисоботларини эшитиш учун ҳуқуқий асоси яратилди. Бунинг натижаси ўлароқ, Сенатнинг ҳудудий вакиллик палатаси сифатидаги роли ва ваколатлари янада мустаҳкамланди.
Хусусан, Сенатининг ялпи мажлисларида Сурхондарё, Наманган вилоятлари ҳокимларининг ҳудудларни ривожлантириш ҳақидаги ҳисоботи эшитилди.
Сенат халқ депутатлари маҳаллий кенгашларининг Конституция ва қонунларга, Президент фармонлари, қарорлари ва фармойишларига зид келадиган қарорларини бекор қилиш ваколатига эга бўлди. Бунда асосий эътибор маҳаллий кенгашларнинг қонунчиликка мос келмайдиган қарорлар сонини камайтириш ва имкон қадар қабул қилинишининг олдини олишга қаратилади.
Еттинчидан, парламент текшируви институтига оид ҳуқуқий нормалар такомиллаштирилди:
Олий Мажлис палаталарига мустақил равишда парламент текшируви комиссиясини тузиш ва уни ўтказиш ваколати берилди. Бунинг натижасида парламент текширувини ўтказиш амалиётига ойдинлик киритилди ва Олий Мажлиснинг ҳар бир палатасида парламент текширувини ўтказиш заруриятига қараб алоҳида қарор қабул қилиш имконияти пайдо бўлди.
Ҳурматли халқаро давра суҳбати иштирокчилари!
Фикримизча, юқоридаги ижобий ўзгаришлар билан бир қаторда парламент назорати самарадорлигини янада ошириш билан боғлиқ айрим муаммолар ва етарли даражада фойдаланилмаган имкониятлар ҳам мавжуд.
Хўш, Олий Мажлис палаталарининг ижро ҳокимияти фаолияти устидан таъсирчан ва самарали парламент назорати механизмлари давлат ва жамият қурилиши соҳасида олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотларга монанд бўлиши йўлида бугунги кунда қандай долзарб масалалар кун тартибига чиқмоқда?
Биринчи, депутат ва сенатор сўровининг мавқеини ошириш, унга доир аниқ ҳуқуқий механизмларни қонунчиликда акс эттириш масаласи.
МУАММО.
Депутат ва сенатор сўровида кўрсатилган масалаларнинг ўзаро ўхшаш
ва яқинлиги юзасидан ягона ёндашувнинг мавжуд эмаслиги сўровни давлат
ва хўжалик бошқаруви органларининг мансабдор шахсларига юбориш тартибини такомиллаштиришни тақозо этмоқда.
Айни пайтда, депутат ва сенатор сўровларига мансабдор шахслар томонидан сифатли ва тушунарли жавоб берилиши устидан таъсирчан жамоатчилик назорати белгиланмаган. Чунки амалиётда айрим идора ва ташкилотлар томонидан сўровда қўйилган масалага тўлиқ жавоб бермаслик ҳолатлари ҳам учрамоқда. Бу эса, депутат ва сенатор сўрови аҳамиятини пасайишига олиб келиши, оқибатда уларнинг обрў-эътибори ва сиёсий мақомига салбий таъсир қилиши мумкин.
ЕЧИМ ва ТАКЛИФ.
Қонунчиликка эътибор қаратайлик: депутат ва сенаторнинг сўрови парламент назорати шакли ҳисобланади. Бу эса ушбу турдаги сўров парламент сўрови каби батафсил тартибда солишни тақозо қилади.
Депутат ва сенатор сўровини юбориш тартибини такомиллаштириш мақсадида қуйидагиларни назарда тутувчи амалиётни жорий этишни мақсадга мувофиқ деб ҳисоблаймиз:
1) қандай масалалар бўйича сўров юбориш мумкинлигини қонунчиликда белгилаш;
2) сўров юзасидан юборилган ёзма жавобдан қониқиш ҳосил қилинмаган тақдирда, давлат органлари, хўжалик бошқаруви органларининг мансабдор шахслари ёки уларнинг вакиллари палата мажлисида иштирок этиб, ёзма жавоб бўйича юзага келган саволларга жавоб бериши.
Мазкур таклифларни ҳаётга татбиқ этиш депутат ва сенатор сўрови самарадорлиги ва аҳамиятининг ошишига, ва энг муҳими аҳолининг, тадбиркорлик субъектларининг муаммоларини ижобий ҳал қилинишига хизмат қилади.
Иккинчи, давлат иштирокидаги корхоналар фаолияти устидан парламент назоратини амалга ошириш механизмларини жорий қилиш масаласи.
МУАММО.
Сўнгги йилларда давлат иштирокидаги корхоналар фаолиятига очиқлик ва шаффофлик тамойилларини кенг жорий этиш бўйича бир қатор норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинди. Шу билан бирга, давлат иштирокидаги корхоналарнинг улушини кескин қисқартириш ва уларнинг фаолияти самарадорлигини оширишга қаратилган кенг қамровли ислоҳотлар олиб борилмоқда.
Бироқ, бугунги кунга қадар ушбу соҳадаги парламент назоратининг таъсирчан механизмлари қонунчиликда назарда тутилмаган. Фақатгина Ҳукумат томонидан қабул қилинган 2021-2025 йилларда давлат иштирокидаги корхоналарни бошқариш ва ислоҳ қилиш стратегиясининг 74-бандида Давлат активлари бошқариш агентлиги 2022 йилдан бошлаб, ҳар йили давлат иштирокидаги корхоналар фаолияти натижадорлиги ва Стратегияни амалга ошириш тўғрисидаги ахборотни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарига тақдим этиши тўғрисидаги қоида белгиланган. Бироқ ушбу қоида ҳам парламент назоратига оид қонунчиликда акс эттирилмаган.
Давлат иштирокидаги корхоналар фаолиятининг парламент назорати объектига киритилмаганлиги:
давлат иштирокидаги корхоналар фаолияти ҳамда уларни хусусийлаш-тириш жараёнининг очиқлиги ва шаффофлигини тўлиқ таъминлаш;
давлат иштирокидаги корхоналар фаолиятини таҳлил қилишда парламентнинг ролини ошириш;
давлат иштирокидаги корхоналарда давлат молиявий ресурсларидан фойдаланилишини жамоатчилик томонидан назорат қилиш имконини бермаяпти.
ЕЧИМ ва ТАКЛИФ.
Илғор хорижий давлатлар (Буюк Британия, Франция, Испания, Канада, Австралия, Португалия, Норвегия, Исландия, Ҳиндистон) тажрибаси таҳлилига кўра, давлат иштирокидаги корхоналар фаолияти парламент назорати объекти ҳисобланади. |
Давлат иштирокидаги корхоналар фаолияти устидан парламент назоратини амалга оширишнинг ҳуқуқий механизмларини яратиш мақсадида:
биринчидан, парламент назорати объектлари доирасига давлат иштирокидаги корхоналарни киритиш;
иккинчидан, дастлаб Қонунчилик палатаси ва Сенат қўмиталарида, кейин эса палаталар ялпи мажлисларида давлат иштирокидаги корхоналар раҳбарларининг ўз фаолиятига доир масалалар юзасидан ахборотини эшитиш амалиётини жорий этиш;
учинчидан, давлат иштирокидаги корхоналар фаолияти натижадорлиги ва Стратегияни амалга ошириш тўғрисидаги Давлат активлари бошқариш агентлиги ҳар йили ахборотни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарига тақдим этишига оид нормани тегишли қонунларга киритиш мақсадга мувофиқ.
Таклиф этилаётган ҳуқуқий механизмларни жорий этиш натижасида давлат иштирокидаги корхоналар фаолияти ҳамда уларни хусусийлаштириш жараёнининг очиқлиги ва шаффофлиги кучайиши, улар томонидан давлат бюджети маблағларидан фойдаланиш самарадорлиги ошиши ҳамда Ўзбекистон Республикасининг Жаҳон мамлакатлари демократия индекси (Democracy Index) «Ҳукумат фаолияти» категорияси бўйича кўрсаткичлари яхшиланишига эришилади.
Учинчи, Парламент текшируви институтининг ҳуқуқий асосларини такомиллаштириш масалалари.
МУАММО. Таҳлиллар шуни кўрсатмоқдаки, Олий Мажлис палаталари «Парламент назорати тўғрисида»ги Қонунда мустаҳкамлаб қўйилган парламент назорати шаклларининг барчасидан самарали фойдаланиш механизми етарли даражада яратилмаган. Қонун чиқарувчи ҳокимиятнинг парламент назорати билан боғлиқ ваколатларини амалга оширишдаги энг самарали институтлардан бири бу – парламент текширувидир.
2030 йилгача бўлган даврда БМТ Глобал кун тартибининг Барқарор ривожланиш мақсадларини изчил амалга ошириш бўйича тизимли ишларни ташкил этиш, мамлакатда ички ҳисобдорлик тизимини таъминлашда ҳам парламент текшируви муҳим роль ўйнайди.
Парламент текшируви механизмлари қонун чиқарувчи томонидан қўлланилмаётганлигининг бир нечта сабабларни кўрсатишимиз мумкин:
биринчидан, парламент текшируви тушунчаси қонунда аниқ ва равшан очиб берилмаган. Натижада, парламент назоратининг бу шаклини бошқа шакллардан фарқлашда маълум тушунмовчиликлар вужудга келиши мумкин;
иккинчидан, парламент текшируви қайси ҳолатларда ўтказилиши, яъни унинг асослари қонунда аниқ-равшан кўрсатиб ўтилмаган;
учинчидан, «Парламент назорати тўғрисида»ги Қонунда парламент текширувини амалга ошириш тартиби ва процедураси тўла очиб берилмаган.
Натижада парламент назоратининг бу шакли қандай ташкил этилади, натижалари қандай расмийлаштирилади, парламент текшируви давомида қандай тадбирлар амалга оширилади ва ким томонидан ўтказилади, унинг натижалари қандай ҳуқуқий оқибатларга олиб келиши мумкин, деган саволларга қонунчиликда аниқ жавоб топиш амри маҳол бўлиб қолмоқда.
Қатор ривожланган хорижий мамлакатларда парламент текширувига оид батафсил нормалар ва тартиб-таомиллар қонунчиликда бевосита акс этган. Масалан, парламент томонидан парламент терговини ўтказиш ҳуқуқи Франция Конституциясида мустаҳкамланган ва аниқ тартиби белгилаб қўйилган. AҚШ Конгресси палаталари регламентларида парламент терговига алоҳида моддалар бағишланган. Уларга кўра, парламент текшируви жуда кенг доирага эга бўлиб, текширув олиб бораётган қўмиталар, қуйи қўмиталар (subcommittees) ва парламентнинг иккала палатасининг махсус комиссиялари ҳар қандай ҳужжатлар ва материалларни сўрашга, исталган шахсни чақиришга ҳақлидир. Чақирилган шахс гувоҳ сифатида сўроқ қилиниши мумкин. Текширув давомида тўпланган маълумотлар қўмита ёки комиссия томонидан Вакиллар палатасига ёки Сенатга юборилади. Буюк Британия парламентида ҳам парламент тергови институти регламентда батафсил тартибга солинган бўлиб, унга кўра вазирликлар фаолиятини текшириш учун махсус комиссияларни тузиш ваколатига эга бўлиб, мазкур комиссиялар текширув предметини мустақил белгилаши ва бу жараёнда ҳар қандай шахсни чақиртириш ҳамда зарур ҳужжатларни олиш ҳуқуқига эга. Махсус комиссия томонидан Бош вазирнинг фаолияти бўйича ҳам парламент тешируви ўтказилган. Германия Федератив Республикаси Асосий қонунининг 44-моддасига кўра, Бундестаг тергов қўмитасини ташкил этиш ҳуқуқига эга, ўз аъзоларининг тўртдан бир қисми таклифига кўра эса уни таъсис этиши шарт, мазкур қўмита очиқ мажлисларда зарур далилларни тўплаб боради. Мажлислар ёпиқ бўлиши ҳам мумкин. Судлар ва ҳамда маъмурий идоралар ҳуқуқий ва идоравий ёрдам кўрсатишлари шарт. |
ЕЧИМ ва ТАКЛИФ.
Парламент текширувини ўтказишнинг аниқ асослари, ўтказиш механизми, принциплари, тартиби, парламент текширувида иштирок этувчи субъектларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари, парламент текшируви натижаларини расмийлаштириш тартибини парламент назоратининг ҳуқуқий асосини ташкил этувчи қонунчилик ҳужжатларида акс эттириш мақсадга мувофиқ.
Хулоса қилиб айтганда, Ҳаракатлар стратегияси асосида давлат ва жамият қурилишини такомиллаштиришга қаратилган тизимли ўзгаришлар, албатта, миллий парламентимиз фаолиятига ҳам ўзининг ижобий таъсирини кўрсатмай қолмади. Ушбу жараёнлар парламент назорати институтига янги руҳ, янги нафас олиб келди, десак асло муболаға бўлмайди. Ҳукумат ва қонун чиқарувчи орган ўртасидаги муносабатлар, улар ўртасидаги мувозанат тизими тубдан ўзгарди, ўзгармоқда ва тобора конституциявий тусга бўлиб бормоқда. Бу эса, парламентимиз ҳақиқий демократия мактабига айланаётганлиги, ислоҳотларнинг ташаббускори ва асосий ижрочиси сифатида гавдаланаётганлигидан дарак беради.
Фозилжон ОТАХОНОВ
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги
Қонунчилик муаммолари ва парламент тадқиқотлари институти
директори, юридик фанлар доктори, профессор в.б.