Ўзбекистон – Франция: кенг қамровли ўзаро ҳамкорлик янада кенгаймоқда – Қонунчилик муаммолари институти
Мақолалар Янгиликлар

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев рафиқаси билан бирга 2022 йил 21-22 ноябрь кунлари Францияга расмий ташриф буюрди. Олий даражадаги ташриф Франция Республикаси Президенти Эммануэль Макроннинг таклифига биноан амалга оширилди.

Икки кунлик расмий ташриф давомида Ўзбекистон – Франция муносабатларини янада кенгайтиришга қаратилган 14 та ҳужжат имзоланди. Энг муҳими, давлатларимиз ўртасида тўртта асосий йўналишда – иқтисодий алоқалар, парламентлараро ҳамкорлик, сиёсат ва маданият соҳаларидаги ўзаро муносабатларни янги, янада юксак босқичга кўтариш имкониятлари яратилди.

Олий даражадаги тарихий ташриф ва самимий мулоқотлар

Франция Президентининг қароргоҳи Париждаги Елисей саройида жойлашган. Елисей саройи 1718-1722 йилларда қурилган бўлиб, бу ерда Франция Президенти хорижий давлатлар раҳбарларини қабул қилади.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва Франция Республикаси Президенти Эммануэль Макроннинг музокаралари 22 ноябрь куни худди шу муҳташам тарихий саройда бўлиб ўтди. Давлат раҳбарлари Ўзбекистон ва Франция ўртасидаги ўзаро манфаатли ҳамкорликни янада кенгайтириш масалаларини атрофлича кўриб чиқдилар ва муносабатларни юксак даражадаги кенг қамровли шерикликка олиб чиқишга келишиб олдилар.

Ўзбекистон Президенти Янги Ўзбекистонни барпо этишнинг устувор йўналишлари ҳақида қисқача тўхталди. Бу борадаги кенг қамровли ислоҳотларнинг ҳозирги босқичида учраётган айрим муаммо ва қийинчиликлар, уларни ҳал этиш йўлида кўрилаётган амалий чоралар хусусида сўз юритди.

Президентлар Ўзбекистон ва Франциянинг конституциявий ислоҳотлар соҳасидаги тажрибалари тўғрисида ҳам фикр алмашдилар. Бугунги кунда мамлакатимизда айни йўналишда амалга оширилаётган янгиланишларга тўхталдилар.

Франция Президенти сўнгги йилларда Марказий Осиё минтақасининг дўстона мулоқот ва яратувчанлик маконига айланиб бораётганидан мамнун эканини билдирди. Бунда Президент Ш.Мирзиёевнинг иродаси ва саъй-ҳаракатлари алоҳида аҳамиятга эгалигини эътироф этди.

“Франция бундай муҳим ирода ва интилишларингизни қўллаб-қувватлайди, – деди Эммануэль Макрон Шавкат Мирзиёев билан мулоқоти чоғида. – Биз Сиз билан янада яқин ҳамкорликда ишлашга тайёрмиз”.

Давлат раҳбарлари икки мамлакат ўртасида дипломатик муносабатлар ўрнатилганининг 30 йиллиги нишонланаётган жорий йилда икки томонлама алоқалар жадал суръат билан ривожланиб бораётганини қайд этдилар. Хусусан, кенг сиёсий мулоқот чуқурлашиб, халқаро ташкилотлар доирасида томонлар ўзаро кўмаклашаётгани, парламентлараро мулоқот кенгайгани мамнуният билан таъкидланди.

Икки давлат лидерлари долзарб халқаро ва минтақавий муаммолар юзасидан ҳам фикр алмашдилар. Хавфсизлик соҳасида, юзага келаётган таҳдид ва хатарларга самарали қарши курашиш борасидаги икки томонлама ҳамкорликни янада мустаҳкамлашдан манфаатдорлик билдирилди.

Давлат раҳбарлари юксак даражадаги кенг қамровли шериклик муносабатларини ривожлантириш мақсадида Қўшма баёнот қабул қилдилар. Шунингдек, Франция тараққиёт агентлиги билан 2023-2025 йилларга мўлжалланган ҳамкорлик дастурини амалга ошириш бўйича шериклик тўғрисидаги битим ҳамда Ташқи сиёсий идоралар ўртасидаги 2023-2024 йилларга мўлжалланган ҳамкорлик дастури имзоланди.

Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, Франция – Европанинг етакчи давлатларидан бири сифатида “Катта еттилик” ва “Катта йигирматалик” мамлакатлари гуруҳларига киради. Франция БМТ Хавфсизлик кенгашининг доимий аъзоси, Европа Иттифоқининг ҳаммуассисидир.

Ўз навбатида, Президент Ш.Мирзиёев бундан тўрт йил илгари Европа давлатларига ўзининг илк ташрифини айнан Франция сафаридан бошлаганди. Давлатимиз раҳбари “кўҳна қитъа”нинг бошқа ҳеч бир давлатига бундай қисқа муддатда иккинчи бор ташриф буюрмаган.

Ушбу расмий ташриф доирасидаги олий даражали учрашув очиқ, самимий ва дўстона муҳитда ўтди. Мулоқот якунида Шавкат Мирзиёев Эммануэль Макронни ўзи учун қулай вақтда ташриф билан мамлакатимизга боришга таклиф этди. Франция Президенти Ўзбекистон Президентининг таклифини бажонудил қабул қилар экан: “Биз, албатта, борамиз”, деб жавоб қайтарди.

Томонлар фикри якдил: Парламент – халқ уйи

Франция Парламенти икки палатали бўлиб, Сенат ва Миллий мажлисдан иборат. Миллий мажлисга охирги сайловлар 2022 йил 12 ва 19 июнь кунлари икки босқичда бўлиб ўтди. Қуйи палата депутатлари 577 нафарни ташкил этади.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 22 ноябрь куни Париждаги Бурбон саройида Франция Миллий мажлиси Раиси Яэль Браун-Пиве билан учрашди. Мулоқотда парламентларимиз ўртасидаги ҳамда ижтимоий-сиёсий ҳаётни янада демократлаштириш бўйича ислоҳотларни амалга ошириш борасидаги ҳамкорликни чуқурлаштириш истиқболлари ҳақида сўз борди.

Президент Ш.Мирзиёев ўз фаолияти давомида 15 йил Ўзбекистон парламентининг депутати бўлгани ҳақида сўзлади. Шу маънода, тинчлик ва барқарорлик, тараққиёт ва ҳамкорлик масалаларида парламентларнинг алоҳида ўрин тутишидан амалда хабардорлигини қайд этди. Сўнгги йилларда Олий Мажлис палаталарининг ваколатлари изчил кенгайтириб борилаётгани бежиз эмас.

Франция Миллий мажлиси раҳбари Ўзбекистонда, шу жумладан парламентаризмни ривожлантириш, инсон ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш ва ҳимоя қилиш, гендер тенгликни илгари суриш бўйича амалга оширилаётган кенг кўламли ҳамда шиддатли демократик янгиланишларнинг боришини юксак баҳолади.

Гендер тенгликни таъминлаш жиҳатларига алоҳида эътибор қаратилди. Ўзбекистон бу борада катта муваффақиятларга эришгани, мамлакатимизда хотин-қизлар қонун чиқарувчи ва ижро этувчи ҳокимият идораларида, тадбиркорлик ва ижтимоий соҳада муносиб ўрин эгаллаётгани қайд этилди. Хусусан, бугунги кунда хотин-қизлар вакиллари Қонунчилик палатасида – 32 фоиз, Сенатда – 25 фоизни ташкил этмоқда.

Мамлакатимизда аёллар ва қизларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга эътибор кучайтирилмоқда. Бу борада тегишли қонунлар қабул қилинди. Мажбурий меҳнат ва болалар меҳнатига тўлиқ барҳам берилди.

Шунингдек, 2022 йил сентябрь ойида мамлакатимизда илк бор жаҳон парламентлари етакчи аёлларининг 14-саммити ўтказилди. Етакчи аёлларнинг ролини ошириш тўғрисида Парламентлараро Иттифоқнинг Тошкент декларацияси қабул қилинди.

Учрашувда ўлим жазосини бекор қилиш, инсон ҳуқуқларининг кафолатларини кучайтириш, экологик муаммоларни ҳал этиш тўғрисидаги нормалар ва бошқа муҳим қоидаларни мустаҳкамлаб қўйиш кўзда тутилган конституциявий ислоҳотни амалга оширишга тайёргарлик борасидаги асосий ёндашувлар муҳокама қилинди.

Парламентлараро дўстлик гуруҳининг учрашувларини ўтказиш, БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаши, Европа Парламенти, Парламентлараро Иттифоқ, ЕХҲТ Парламент ассамблеяси доирасидаги ҳамкорликни кучайтиришга келишиб олинди. Зеро, Парламентлараро ҳамкорлик Ўзбекистон-Франция муносабатларининг муҳим бўлаги ҳисобланади.

Учрашув якунида Президентимиз Фахрий меҳмонлар китобида қайд ёзиб қолдирди. Шунингдек, Франция Миллий мажлиси Раисини ўзи учун қулай вақтда ташриф билан мамлакатимизга боришга таклиф этди.

Мулоқот асносида парламентнинг аҳамияти борасидаги ёндашувлар уйғунлиги яққол намоён бўлди. Ҳар икки томоннинг ҳам фикрича, парламент – халқ уйидир.

Иқтисодиёт – кенг қамровли ва ўзаро манфаатли ҳамкорлик асоси

Президентлар мулоқотида мамлакатларимиз ўртасида савдо-иқтисодий ва инвестициявий ҳамкорликни ривожлантириш масалалари ҳам атрофлича муҳокама қилинди. Жумладан, товар айирбошлаш ҳажмини, илғор технологияларни жалб қилган ҳолда қўшма лойиҳа ва дастурларни кўпайтириш муҳимлиги алоҳида таъкидланди.

Олий даражадаги учрашувга қадар, 21 ноябрь куни Ўзбекистон Президенти Франция етакчи компаниялари ва молиявий тузилмалари раҳбарлари билан учрашув ўтказди. Тадбирда «MEDEF» Франция корхоналари ҳаракати бош директори Филипп Готье, «Airbus», «Orano», «Suez», «Alstom», «Total Eren», «EDF», «Schneider Electric», «Natixis» каби 20 тага яқин йирик компаниялар раҳбарлари иштирок этди.

Ташриф арафасида ўтказилган Ўзбекистон-Франция ишбилармонлик тадбирларининг якунлари, уларнинг доирасида умумий қиймати 6 миллиард евродан ортиқ бўлган савдо-иқтисодий битим ва шартномалар имзолангани юксак баҳоланди. Давлатимиз раҳбари таъбири билан айтганда, бу Ўзбекистон муҳим ва ишончли ҳамкоримиз – Франция билан иқтисодий ҳамкорликни кенгайтиришга интилиши қатъийлигидан яна бир бор далолат беради.

Ҳақиқатан ҳам, икки томоннинг иқтисодий ҳамкорлиги жозибадорлиги ва ишончлилиги билан ажралиб туради. Бунда, айниқса, Президент Ш.Мирзиёев ташаббуси билан сўнгги йилларда мамлакатимизда миллий валюта айирбошлаш амалда жорий этилгани, божхона тўловлари соддалаштирилгани ва монополияга барҳам берилгани муҳим аҳамият касб этди. Мамлакатимизнинг жозибадорлиги Марказий Осиёда аҳоли сони бўйича энг йирик давлат экани, маҳсулотларимиз МДҲнинг улкан бозорига божсиз етказиб берилаётгани билан ҳам изоҳланади.

Ўзбекистон Президентининг Францияга 2018 йилги биринчи ташрифи доирасидаёқ 5 миллиард евродан зиёд миқдорда икки томонлама битимлар тузилганди. Айни вақтда “Тоталь”, “Оране (Арева)”, “Суэз”, “Эйрбас”, “Буиг”, “Талес” каби кўплаб етакчи корпорациялар билан ҳамкорлик келишувлари ўз самараларини бермоқда.

Мулоқотлар чоғида Франциянинг Ўзбекистон билан кўп томонлама  ҳамкорликка қизиқиши тобора ортиб бораётганлиги эътироф этилди. Ўз навбатида, Ўзбекистон томони иқтисодий қудрати бўйича – Европада иккинчи, дунёда эса еттинчи ўринни эгаллаб келаётган Франция билан ҳар томонлама алоқаларни мустаҳкамлаш ва янада кенгайтиришдан манфаатдорлиги таъкидланди.

Энг асосийси, расмий Париж Президент Ш.Мирзиёев раҳбарлигида Ўзбекистон давлат тизимининг барча соҳаларини ислоҳ этиш борасида изчил ривожланиш кўзга ташланаётганига эътиборни қаратди. Мамлакат янгиланишларнинг мақбул йўлидан одимлаётгани ва ушбу йўналишдаги сиёсатни қатъий давом эттириш муҳимлиги қайд этилди.

Маданият дипломатиясининг самаралари

Ўзбекистон ва Франция Президентларининг Елисей саройидаги музокараларида икки мамлакат ўртасида маданий-гуманитар алоқаларни ривожлантиришнинг аҳамияти қайд этилди. Томонлар Самарқандда Франция альянсининг филиаллари очилишини қўллаб-қувватладилар.

Жорий йил 27-28 ноябрь кунлари Парижда иккинчи Ўзбекистон-Франция таълим форумининг ўтказилиши олқишланди. Француз тили ўқитувчиларини тайёрлаш соҳасидаги ҳамкорликни ривожлантиришга келишиб олинди.

Янги келишувларнинг аҳамиятини теранроқ тасаввур қилиш учун айрим рақамларга тўхталамиз. Бугунги кунда Ўзбекистонда 700 дан ортиқ мактаб, коллеж ва лицей, шунингдек, 12 та олий таълим муассасасида 200 минг нафардан зиёд ўқувчи-талаба француз тилини ўрганмоқда. Икки мамлакатнинг 40 дан ортиқ олий таълим муассасаси ўртасида самарали ҳамкорлик йўлга қўйилган.

Олий даражадаги музокаралардан сўнг маданий дипломатия самараларидан баҳра олиш фурсати келди. Президентлар рафиқалари билан биргаликда Лувр музейи ва Араб дунёси институтида Ўзбекистоннинг маданий меросига бағишланган йирик кўргазмалар билан танишдилар.

Лувр – дунёдаги энг катта ва энг кўп ташриф қилинадиган музейлардан бири бўлиб, энг йирик ва қимматли бадиий асарлар тўпламига эга. Ҳар йили Луврга 10 миллионга яқин сайёҳ келади. 

Бу ерда давлатимиз раҳбарининг расмий ташрифи арафасида “Ўзбекистон воҳаларининг мўъжизалари. Карвон йўллари чорраҳасида” кўргазмаси очилди. Халқимизнинг бой маданий меросига бағишланган ушбу кўргазма 2023 йил 6 март кунига қадар давом этади.

Кўргазма Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил октябрь ойида Францияга амалга оширилган ташрифи давомида эришилган келишувларга асосан ташкил этилди. Ўшанда Ўзбекистон ва Франция музейлари ҳамкорлигида кўргазмалар ташкил этиш, мамлакатларимиз ўртасида илмий ва маданий алоқаларни кенгайтириш зарурлиги қайд этилганди.

Ўзбекистон Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси ва Лувр музейи ўртасида имзоланган тегишли меморандум  асосида кейинги уч йилда кўргазмаларга пухта тайёргарлик кўрилди. Ўзбекистон ва Франциянинг биргаликдаги бир нечта экспедицияси уюштирилиб, кўплаб археологик топилмалар кашф қилинди.

Натижада Луврнинг Ришелье зали ва Ислом бўлимида хронологик кетма-кетликда жойлаштирилган бешта бўлимдан иборат катта кўргазма макони яратилди. Юртимиз тарихининг 1500 йилдан ортиқ даврини қамраб олган кўргазма мамлакатимизнинг 16 музейидан 138 та ноёб ашё, шу жумладан кўргазма учун махсус реставрация қилинган 70 та экспонатдан иборат. Шунингдек, Франция, Буюк Британия ва АҚШнинг йирик музейларидан келтирилган 31 та буюм кўргазмадан жой олди.

Кўргазманинг илк меҳмонлари бўлган Ўзбекистон ва Франция етакчилари Далварзинтепа ва Холчаён ёдгорликларидан топилган экспонатлар, Варахшадаги қизил рангли хонадан деворий сурат, Кофирқалъадан ўймакор панно, Катта Лангар Қуръони саҳифалари, Амир Темур мақбарасидан қўштавақали эшик, Афросиёбдаги элчилар тасвири туширилган деворий сурат ва бошқа экспонатлар билан танишдилар. Уларнинг яратилиши ва топилиши, улар билан боғлиқ тарихий даврлар ва шахслар тўғрисида батафсил маълумот берилди.

Давлат раҳбарлари кўргазма юксак даражада ташкил этилгани ва унда ўзига хос муҳит яратилганини таъкидлаб, икки мамлакатнинг маданий ҳаётида муҳим ўрин тутувчи ушбу тадбирни тайёрлашга ҳисса қўшганларга миннатдорлик билдирдилар. Луврдаги кўргазма нафақат Ўзбекистон ва Франция халқлари, балки бутун Европа ва Марказий Осиё ўртасидаги азалий тарихий алоқаларни, дўстлик ва ўзаро англашувни янада мустаҳкамлашга хизмат қилиши алоҳида қайд этилди.

Париждаги Араб дунёси институтида эса Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси ҳамкорлигида «Самарқандга йўл. Ипак ва олтин мўъжизалари” номли кўргазма ташкил этилди. Жорий йилнинг 23 ноябрь кунидан 2023 йил 4 июнь кунига қадар илк бор Францияда кенг халқаро жамоатчилик эътиборига Ўзбекистоннинг XIX аср охири – XX аср бошларига оид бой моддий маданиятига тааллуқли 300 дан ортиқ экспонат ҳавола этилмоқда.

Кўргазмадан юртимизнинг 9 та музейи, жумладан, Нукус, Самарқанд, Бухоро ва Тошкент музейларидан келтирилган тўқимачилик буюмлари, либос ва пойабзаллар, бош кийим тўпламлари, шунингдек, Туркистон авангарди йўналишига мансуб 24 та мўйқалам асари ўрин олган. Тайёргарлик доирасида 89 та заргарлик буюми реставрация қилинди.

Президентлар учун кўргазма бўйлаб экскурсия ўтказилди, экспонатлар тўғрисида батафсил сўзлаб берилди. Ҳунарманд аждодларимизнинг юксак ижодий тафаккури ва маҳоратидан далолат берувчи ушбу буюмларнинг ранг-баранглиги ва нафосати Франция Президенти ва Биринчи хонимида чексиз ҳайрат уйғотди.

Луврдаги кўргазма илмий куратори Рокко Рантенинг сўзларига қараганда, Париждаги ушбу кўргазмалар Европа ва Франция жамияти учун Марказий Осиё, хусусан, Ўзбекистонни янада яқиндан билишда улкан илмий аҳамиятга эга. Зотан, мазкур минтақа ва мамлакат маданияти муҳим тарихий шахсларга бойлиги, қолаверса, Европа мамлакатлари билан уйғун тарихий воқеалари кўплиги билан алоҳида ўрин тутади.

Мухтасар айтганда, давлатимиз раҳбари ўзининг очиқлиги, самимияти ва беқиёс ғайрат-шижоати билан французлар қалбини забт этди. Зеро, францияликлар ўзаро мулоқоту музокараларда айнан очиқлик ва самимиятни юксак қадрлайдилар. Айниқса, Ўзбекистон билан яқин ҳамкорликка алоҳида манфаатдорлик, улкан ишонч ва жуда катта қизиқиш билан қарайдилар.

Энг асосийси, Ўзбекистон Президенти барча мулоқотларда Франция тарихи ва бугунги кунини яхши билишини, айниқса, ҳамкор мамлакатнинг миллий манфаатлари ва ёндашувлари ҳақида чуқур тушунчага эгалигини ёрқин намоён этди. Шу асосда Франция лидерларини Ўзбекистон билан ҳар томонлама яқин ҳамкорликнинг муҳимлиги ва зарурлигига тўла инонтирди.

Буларнинг барчаси, ўз навбатида, расмий ташриф давомида имзоланган икки томонлама ҳужжатлар тез орада муҳим самараларини беришининг ўзига хос тасдиғи ва кафолатидир. Буни халқимиз ҳам, жаҳон жамоатчилиги ҳам яққол кўриб-билиб турибди.

Бинобарин, Европарламентнинг Марказий Осиё билан алоқалар бўйича делегацияси раиси ўринбосари Андрис Америкс таъкидлаганидек, “Ўзбекистон Президентининг Европа Иттифоқи давлатларига ҳар бир ташрифи мамлакатларимиз ўртасидаги муносабатлар жуда яхши эканини тасдиқлайди. Ўзбекистон Марказий Осиё минтақасида ишончли ва содиқ иттифоқчи ҳисобланади. Ўзбекистон Президентининг Францияга ташрифи муҳим аҳамиятга эга бўлиб, келгусида ҳамкорлик учун янада кенг имкониятлар очади”.

 

Акмал САИДОВ,

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси

Cпикерининг биринчи ўринбосари

www.parliament.gov.uz

Leave a comment

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan