Н. Исмоилов: Тиббиёт соҳасига АКТни кенг жорий қилиш кутилган натижани беради – Қонунчилик муаммолари институти
Янгиликлар

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш борасидаги ислоҳотларни ҳаётга татбиқ этиш бўйича парламент комиссиясининг йиғилиши тиббиёт соҳасига замонавий ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш масалаларига бағишланди.

Таъкидланганидек, Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлисга йўллаган Мурожаатномасида жорий йилнинг энг устувор вазифаларидан бири этиб тиббиёт соҳасини рақамлаштириш кўламини ошириш белгиланган. Мазкур вазифанинг ижроси доирасида мамлакатимизда тиббиёт муассасалари томонидан масофавий хизмат кўрсатиш сонини ошириш ва сифатини яхшилашга, шунингдек, поликлиника ва шифохоналарда электрон ҳужжат юритиш тизимларини жорий этишга йўналтирилган кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда.

«Биз ҳанузгача амалиётда телемедицина асосида республика ихтисослаштирилган тиббиёт марказлари ва уларнинг жойлардаги филиаллари ўртасида яқиндан алоқа ўрнатилганини кўрмаяпмиз. Бугунги кунда амалга оширилаётган қатор бошланғич лойиҳалар билан асло ўзимизни хотиржам ҳис қилишимиз керак эмас. Жойларда одамлар ҳалигача ҳар томонлама масофавий диагностика ва даволаш имкониятлари кенгайтирилмаганидан норозилик билдиришади. Ахир, айнан, бизнинг илғор республика ихтисослаштирилган тиббиёт марказларимиз бундай тадбирларни ташкил этишлари учун зарур бўлган ваколат ва имкониятларга эга, қолаверса, улар ушбу жараёнларда йўлбошчи сифатида ҳаракат қилишлари лозим», — деди Қонунчилик палатаси Спикери Нурдинжон Исмоилов.

Йиғилишда тиббиёт соҳасига замонавий ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш бўйича масъул бўлган қатор мансабдор шахсларнинг маърузалари тингланди ҳамда ўтказилган парламент назорати тадбирларининг натижалари муҳокама қилинди.

«Бугунги йиғилишимизда кўтарилган масала ўта долзарб ҳисобланади. Аҳолига бирламчи тиббий-санитария ёрдами кўрсатишнинг сифати, самарадорлиги ва оммабоплигини оширишда ахборот-коммуникация технологиялари ва «электрон соғлиқни сақлаш»ни кенг татбиқ этиш муҳим ўрин тутади.

Шунингдек, соғлиқни сақлашнинг интеграциялашган ахборот тизимини яратиш ишларини жадаллаштириш муҳим аҳамиятга эга», — деди Қонунчилик палатаси Спикери Нурдинжон Исмоилов.

www.parliament.gov.uz

Leave a comment

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan