Президентимиз Шавкат Мирзиёев жорий йилнинг 3-февраль куни 2017 – 2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини “Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили”да амалга оширишга оид Давлат дастури тўғрисида Фармонни имзолади.
Уни амалга ошириш учун 29,5 триллион сўм, 2,6 миллиард доллар ва 57,3 миллион евро ажратилади. Солиштириш учун 2020 йилда — 18,2 триллион сўм ва 10,3 миллиард доллар ажратилган. Айтиб ўтиш жоизки, имзоланган давлат дастурида давлатимиз раҳбари томонидан 2020 йил 29 декабрда бўлиб ўтган Олий Мажлисга мурожаатномасида эълон қилган олдимизда турган муҳим вазифалар бирма-бир жой эгаллади. Булар қаторида нодавлат нотижорат ташкилотларнинг роли ва аҳамиятини, ижтимоий фаоллиги ва фаолиятининг самарадорлигини ошириш вазифаси ҳам Давлат дастурида алоҳида банд сифатида белгиланди.
Ўзбекистонда нодавлат нотижорат ташкилотларнинг турли ташкилий-ҳуқуқий шаклларини ташкил этиш ва фаолиятини олиб бориш имкониятини таъминловчи қонунчилик базаси яратилган бўлиб, унинг пойдеворини Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг жамоат бирлашмаларига бағишланган 13-боби ташкил этади. Алоҳида эътиборга сазовор бўлган қонун ҳужжатлардан нодавлат нотижорат ташкилотларини ташкил этиш ва уларнинг фаолият эркинлигини кафолатловчи “Ўзбекистон Республикасида жамоат бирлашмалари тўғрисида”, “Нодавлат нотижорат ташкилотлари тўғрисида”, “Нодавлат нотижорат ташкилотлари фаолиятининг кафолатлари тўғрисида”, “Ижтимоий шериклик тўғрисида” Қонунларни қайд этиш мақсадга мувофиқ.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил 22 декабрь куни Олий Мажлисга йўллаган Мурожаатномасида давлат ва жамият бошқарувида жамоатчилик назоратини амалга оширишнинг таъсирчан ва амалий механизмларини жорий этиш мақсадида “Жамоатчилик назорати тўғрисида”ги қонунни қабул қилиш зарурлиги Давлат дастурида алоҳида банд сифатида белгиланди.
Давлат дастури ижросини таъминлаш мақсадида 2018 йил 12 апрель куни қабул қилинган “Жамоатчилик назорати тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикасининг Қонунида белгиланган тартибда рўйхатга олинган нодавлат нотижорат ташкилотлари жамоатчилик назорати субъектлари сифатида белгиланиши билан бир қаторда, нодавлат нотижорат ташкилотлари жамоатчилик муҳокамасини, жамоатчилик эшитувини, жамоатчилик мониторингини, жамоатчилик экспертизасини, жамоатчилик фикрини ўрганишни ўтказиши мумкинлиги назарда тутилган.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 4 майдаги “Мамлакатни демократик янгилаш жараёнида фуқаролик жамияти институтларининг ролини тубдан ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ-5430-сон Фармони ҳамда 2019 йил 4 октябрдаги “Мамлакатимизда ижтимоий-иқтисодий соҳадаги ислоҳотлар устидан жамоатчилик назорати самарадорлигини, шунингдек, фуқароларнинг демократик ўзгартиришлардаги фаоллигини оширишга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПҚ-4473-сон қарори қабул қилиниши мазкур соҳани ривожлантиришга қаратилган муҳим воқеа бўлиб, у нодавлат нотижорат ташкилотлари фаолияти учун қулай шароит яратди ҳамда ташкилий-ҳуқуқий механизмларни такомиллаштирди ва соддалаштирди.
Натижада, мустақилликнинг дастлабки йилларида нодавлат нотижорат ташкилотларининг умумий сони 100 га яқин бўлган бўлса, бугунги кунда уларнинг сони 10,5 мингдан ошди. Нодавлат нотижорат ташкилотларини рўйхатдан ўтказиш учун давлат божи 5 бараварга, уларнинг рамзларини рўйхатдан ўтказиш учун давлат божи эса 2,5 бараварга камайтирилди. Бундан ташқари, нодавлат нотижорат ташкилотларини давлат рўйхатидан ўтказиш тўғрисидаги аризаларни кўриб чиқиш муддати икки баравар қисқартирилди, улар барча солиқлар ва мажбурий тўловлардан озод қилинди. Шу билан бирга, нодавлат нотижорат ташкилотлари фаолиятини тугатиш ёки тўхтатиб туриш фақат суд қарори билан амалга оширилиши белгиланди.
Нодавлат нотижорат ташкилотларини қўллаб-қувватлаш, фаолияти самарасини таъминлаш учун зарур бўлган инфратузилма яратилган ва самарали фаолият кўрсатмоқда, хусусан, мамлакат парламенти ҳузурида нодавлат нотижорат ташкилотларини ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди мавжуд. Ушбу Жамғарма маблағларини бошқариш бўйича парламент комиссияси турли нодавлат нотижорат ташкилотларини бирлаштирган Ўзбекистон нодавлат нотижорат ташкилотлари миллий Ассоциацияси ташкил этилган ва фаолият юритмоқда.
Албатта, турли нодавлат нотижорат ташкилотларини ташкил этилиши ўз-ўзидан мақсад эмас. Улар Ўзбекистонда фуқаролик жамиятини ривожлантириш, жамият ҳаётини демократлаштириш, давлат қурилишида ўзининг роли ва аҳамиятини янада кучайтиришга ҳиссаларини қўшишлари керак. Бугунги кунда давлатимиз ва жамиятимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар доирасида нодавлат нотижорат ташкилотлари олдида турган вазифаларнинг долзарблиги янада кучайганлигини гувоҳи бўлиб турибмиз. Улар биринчидан, кенг аҳолининг интилишлари ва эҳтиёжларини ифода этиши, иккинчидан, давлат органлари эътиборини фуқароларни ташвишга солаётган муаммоларга ҳамда уларнинг оқилона таклифларига жалб қилишлари лозим. Ундан ташқари, нодавлат нотижорат ташкилотларидан жамоатчилик назоратини кучайтириши кутилмоқда.
Мазкур вазифалар нодавлат нотижорат ташкилотларнинг фаолиятини моддий ва молиявий қўллаб-қувватлашга қаратилган чора-тадбирлар ва механизмларни ишлаб чиқиш ва амалга оширишни талаб қилади. Фақат эркин, етарли молиявий ресурсларга ва молиялаштириш манбаларига эга бўлган фуқаролик жамияти институтлари ўзларига юклатилган вазифаларни самарали бажара оладилар.
Маълумки, Шавкат Миромонович Олий Мажлисга йўллаган мурожаатида давлат томонидан нодавлат нотижорат ташкилотларини қўллаб-қувватлашни давом этишини алоҳида таъкидлаган ҳолда, мазкур йўналишда амалга оширилиши керак бўлган бир қатор вазифаларни санаб ўтдилар. Бунда давлатимиз раҳбари томонидан ижтимоий шериклик алоқаларини ўрнатиш, грантлар ва ижтимоий буюртмалар ҳажмини ошириш зарурлиги масаласига алоҳида урғу берилди. Мазкур вазифалар жорий йилнинг 3-февралида қабул қилинган Давлат дастурининг 16-бандида алоҳида акс эттирилган. Жумладан, Олий Мажлис ҳузуридаги нодавлат нотижорат ташкилотларини ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш Жамоат фонди олдига, уни нодавлат ташкилотларнинг асосий донорларидан бири эканлигини эътиборга олган ҳолда, нодавлат нотижорат ташкилотларни ижтимоий буюртма асосида маҳаллий даражадаги мавжуд муаммоларни аниқлаш, уларни чуқур таҳлил қилиш, ҳал этиш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш ва уларнинг бажарилиши устидан жамоатчилик назоратини таъминлашга кенг жалб қилиш вазифаси қўйилди. Бундай ўзаро алоқаларни, авваламбор таълим, маданият, тиббиёт, экология, қурилиш, кадастрни рўйхатдан ўтказиш, транспорт, коммунал хизматлар, бандлик, ижтимоий хизматлар каби соҳаларда кенг жорий этиш зарурлиги таъкидланган. Ушбу вазифалар бажарилиши мақсадида жамоат фонди фаолияти учун 2021 йилда Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетидан 60 миллиард сўм йўналтириш назарда тутилади.
Дастурда белгиланган чора-тадбирнинг ҳуқуқий шакли сифатида Ўзбекистон Республикаси Президенти Фармони лойиҳаси ишлаб чиқиш назарда тутилган.
Ушбу банд ижросини таъминлаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 4 мартдаги ПФ-6181-сон Фармони билан 2021 – 2025 йилларда фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепцияси тасдиқланди.
Мазкур Фармонда нодавлат нотижорат ташкилотларнинг Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва унинг қўмиталари мажлисларида иштирок этувчи доимий вакили институти жорий этилиши белгиланган бўлиб, доимий вакилнинг асосий вазифалари қонун лойиҳалари ва қуйи палата ваколатларига кирадиган масалалар бўйича муҳокамалар ва йиғилишларда ижтимоий шериклик, таъсирчан жамоатчилик назорати механизмларини жорий қилиш ва уларни амалиётда тўғри қўллаш, нодавлат нотижорат ташкилотлар ҳуқуқ ва манфаатларини ифода қилишдан иборат.
Давлат учинчи сектор ўртасида ижтимоий шериклик муносабатларни ўрнатиш ва ривожлантириш орқали ҳукумат ва нодавлат нотижорат ташкилотлари ўртасидаги ўзаро алоқалар ўрнатиш ривожланган мамлакатлар учун хос эканлигини таъкидлашимиз керак. АҚШ, Европа ва Осиё давлатлари тажрибасида ҳукумат ноҳукумат ташкилотлари билан биргаликда аҳоли эҳтиёжларидан келиб чиқиб ижтимоий шериклик муносабатларига хос бўлган ижтимоий буюртмалар шакллантириш амалиёти йўлга қўйилганлигини кузатишимиз мумкин. Ушбу мамлакатларда давлат идоралари ўз ваколат ихтиёрида учинчи сектор вакиллари билан биргаликда ижтимоий соҳани ривожлантиришнинг устувор йўналишларини белгилаш, бюджет маблағларини танлов асосида тақсимлаш, шунингдек, ижтимоий буюртмалар ижросини назорат қилиш билан боғлиқ ишларни қолдирган. Кўриб турганимиздек, ижтимоий буюртма мазмунини ташкил этадиган асосий вазифалар нодавлат нотижорат ташкилотлар томонидан мустақил бажарилади ва улар белгиланган вазифаларни сифатли бажариши учун масъулдирлар.
Эътироф этишимиз керакки, нодавлат нотижорат ташкилотлари бугунги кунда демократик қадриятларни, ҳуқуқ ва эркинликларни, инсонларнинг қонуний манфаатларини ҳимоя қилишнинг муҳим омилига айланиб, фуқароларнинг ўз салоҳиятларини рўёбга чиқариши, иқтисодий фаоллиги ва ҳуқуқий маданиятини ошириши учун шароит яратишмоқда. Шу сабабли, мазкур ташкилотлар томонидан Парламентда қонун ҳужжатларини қабул қилиш, давлат дастурлари ижросини назорат қилишдаги ролини кучайтириш долзарб масалага айланган.
2017 – 2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини “Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили”да амалга оширишга оид Давлат дастури Олий Мажлис Қонунчилик палатаси мажлисларида қатнашиш ҳуқуқи билан нодавлат нотижорат ташкилотларнинг доимий вакили институтини жорий этиш вазифаси алоҳида қайд этилган. Бунда, нодавлат нотижорат ташкилотининг вакили қонунчилик ҳужжатларига жамоат назорати ва ижтимоий шерикликнинг самарали механизмларини жорий этиш бўйича таклифлар киритиш ҳуқуқи назарда тутилган. Ушбу таклиф дастлаб Ўзбекистон Республикаси Президентининг Олий Мажлисга йўллаган мурожаатномасида айтилган эди. Бугунги кунда парламент Қонунчилик палатаси қўмиталарида мазкур институтни жорий этишнинг ҳуқуқий механизмларини ишлаб чиқиш масалалари депутатларнинг диққат марказида.
Хулоса ўрнида, шуни айтиб ўтишимиз жоизки, Ўзбекистондаги нодавлат нотижорат секторини янада ривожлантириш фуқароларни давлат бошқарувида иштирокини фаоллаштиришга жалб қилиш ва рағбатлантириш, бирдамлик, масъулият ва адолат, аҳолининг ҳуқуқий ва сиёсий онгини ошириш ва фуқароларнинг давлатга бўлган ишонч даражасини янада кучайтиришга олиб келади.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги Қонунчилик муаммолари ва парламент тадқиқотлари институти Таълим, соғлиқни сақлаш ва ижтимоий сиёсат соҳасида тадқиқотлар бўлими бошлиғи, ю.ф.н. Гулноза Саттарова,
бош илмий ходими Айбек Ганибаев