«COVID-19”га қарши эмлаш Конституцияга зидми? – Қонунчилик муаммолари институти
Янгиликлар

Бу саволга ҳеч иккиланмасдан йўқ, нафақат Конституцияга ва қонунларга, балки халқаро ҳуқуқ нормаларига ҳам зид эмас, деб жавоб берамиз. Ўз фикримизни қуйида асослашга ҳаракат қиламиз.

Албатта, ҳар бир инсон ўз ақл-идроки билан қарор қабул қилади ва ўз эрки иродаси билан бу қарорни амалга оширади. Инсоннинг ҳуқуқи, бу – ўзига хос имконият. Бу имкониятдан фойдаланиш ёки фойдаланмаслик унинг ихтиёрида. Аммо инсон ўз ҳуқуқини амалга ошириш бўйича қарор қабул қилишда етти ўлчаб бир кесиши, нафақат ўз манфаати, балки теварак-атрофдагилар манфаатидан, ижтимоий манфаатлардан ҳам келиб чиқиши лозим. Бу борада худбинлик, ўзбилармонлик, ўжарлик, инжиқлик каби ҳолатлар таъсирига тушмаслиги, «мен шуни хоҳладим», «менинг хоҳишимни қабул қилмаслигингиз, бу – сизнинг муаммонгиз» қабилида иш тутмаслиги лозим. Қонун инсон ҳуқуқларини амалга оширишни таъминловчи кафолатни белгилайди. Бироқ ҳуқуқни мутлақлаштириш соддароқ қилиб айтганда, тўғри эмас.

ҲУҚУҚ ВА УНИ АМАЛГА ОШИРИШНИНГ ҚОНУНИЙ АСОСЛАРИ

Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 8-моддасига мувофиқ фуқаролик ҳуқуқ ва бурчлари қонунчиликда назарда тутилган асослардан, шунингдек фуқароларнинг, гарчи қонунчиликда назарда тутилган бўлмаса-да, лекин фуқаролик қонунчилигининг умумий негизлари ва мазмунига кўра фуқаролик ҳуқуқ ҳамда бурчларни келтириб чиқарадиган ҳаракатларидан вужудга келади.

Мазкур кодекснинг 9-моддасида эса фуқаролик ҳуқуқларини амалга оширишнинг қуйидаги шартлари белгилаб қўйилган:

биринчидан, фуқаролик ҳуқуқларини амалга ошириш бошқа шахсларнинг ҳуқуқларини ҳамда қонун билан қўриқланадиган манфаатларини бузмаслиги шарт;

иккинчидан, фуқаролик ҳуқуқий муносабатлар иштирокчилари ҳалол, оқилона ва адолат билан ҳаракат қилиши лозим;

учинчидан, фуқаролар ўз ҳуқуқларини амалга оширишда жамиятнинг маънавий тамойиллари ва ахлоқий нормаларини ҳурмат қилишлари керак.

тўртинчидан, фуқароларнинг бошқа шахсга зарар етказишга, бошқача шаклларда ҳуқуқни суиистеъмол қилишга, шунингдек ҳуқуқни унинг мақсадига зид тарзда амалга оширишга қаратилган ҳаракатларига йўл қўйилмайди.

Агарда фуқаролар ўз ҳуқуқларини амалга оширишда юқорида назарда тутилган талабларга риоя қилмаган тақдирда, суд унга қарашли ҳуқуқни ҳимоя қилишни рад этиши мумкин.

«COVID-19″ГА ҚАРШИ  ЭМЛАНИШ (вакцина олиш) ҲУҚУҚМИ ЁКИ БУРЧ?

Фуқаронинг вакцина олиши, бу – унинг ҳуқуқи.  Ҳақиқатан ҳам фуқаролар ўзларига тегишли бўлган вакцина олиш ҳуқуқини, шу жумладан, уни ҳимоя қилиш ҳуқуқини ҳам ўз хоҳишларига кўра тасарруф этадилар. Аммо, фуқароларнинг вакцина олиш ҳуқуқидан воз кечиши, бу ҳуқуқнинг бекор қилинишига олиб келмайди.

Бунга Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 20 ва 48-моддаларида белгиланган нормалар йўл қўймайди.

Чунки, биринчидан, фуқаролар ўз ҳуқуқ ва эркинликларини амалга оширишда бошқа шахсларнинг, давлат ва жамиятнинг қонуний манфаатлари, ҳуқуқлари ва эркинликларига путур етказмасликлари шарт; иккинчидан, фуқаролар Конституция ва қонунларга риоя этишга, бошқа кишиларнинг ҳуқуқлари эркинликлари, шаъни ва қадр-қимматини ҳурмат қилишга мажбурдирлар.

Пандемия шароитида бошқа шахсларнинг Конституция ва қонунларда белгиланган яшаш ҳуқуқи ва соғлиқни сақлаш ҳуқуқига путур етказилмаслигини таъминлаш мақсадида фуқаронинг вакцина олиш ҳуқуқи бир вақтнинг ўзида унинг Конституциявий бурчига ҳам айланади.

Шу ўринда, ижтимоий тармоқларда тарқатилаётган хабарларда вакцина олишга мажбурлаш Конституциянинг 26-моддасида белгиланган «Ҳеч кимда унинг розилигисиз тиббий ёки илмий тажрибалар ўтказилиши мумкин эмас» деган нормага хилофлиги тўғрисидаги фикрлари ҳақиқатдан йироқ ва бутунлай асоссиз эканлигини таъкидлаш лозим. Чунки ҳозирги кунда вакцина олиш инсон устидан тиббий тажриба ўтказиш эмас, балки уни ва унинг оила-аъзолари, жамоаси, бошқа инсонларнинг ҳаёти ва соғлиғини сақлаш борасидаги давлат органларининг қонуний ҳаракатидир.

«COVID-19″ГА ҚАРШИ ЭМЛАНИШ ХАЛҚАРО ҲУҚУҚ НОРМАЛАРИНИНГ БУЗИЛИШИГА ОЛИБ КЕЛАДИМИ?

Йўқ, чунки Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларациясининг 29-моддасига кўра, ҳар бир инсон жамият олдида бурчлидир, фақат шу ҳолатдагина унинг шахси эркин ва тўлиқ камол топиши мумкин. Ҳар бир инсон ўз ҳуқуқи ва эркинликларидан фойдаланишда ўзгаларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини демократик жамиятда етарли даражада бўлишини ҳамда ҳурмат қилинишини таъминлаш, ахлоқ, жамоат тартиби, умум фаровонлигининг одилона талабларини қондириш мақсадидагина қонунда белгиланган чекланишларга риоя этиши керак.

Иқтисодий, ижтимоий ва маданий ҳуқуқлар тўғрисидаги халқаро Пактнинг 4-моддасида инсон ҳуқуқи ва эркинликларини чеклашнинг доираси белгилаб қўйилган. Унга кўра, мазкур Пактда иштирок этувчи ҳар бир давлат инсон ҳуқуқларини рўёбга чиқариш соҳасида шундай чеклашларни белгилаб қўйиши мумкинки, булар биринчидан, қонунда назарда тутилган бўлиши, иккинчидан, бу чеклашлар мазкур чекланаётган ҳуқуқларнинг табиатига уйғун бўлиши ва учинчидан, бундан кўзланган мақсад фақат демократик жамиятдаги умумий фаровонликни таъминлашга кўмаклашиши лозим.

Фуқаролик ва сиёсий ҳуқуқлар тўғрисидаги Пактнинг 12-моддаси учинчи бандида аҳоли сиҳат саломатлигини таъминлаш зарурияти шахс ҳуқуқ ва эркинликларини чеклаш асоси сифатида белгилаб қўйилганини қайд этиш лозим.

Шу ўринда, Чехияда бир гуруҳ ота-оналар мактабгача таълим муассасалари тарбияланувчиларини мажбурий вакцинация қилишни ноқонуний деб топиш тўғрисида Инсон ҳуқуқлари бўйича Европа судига мурожаат қилганликлари ва икки ой олдин Суд қуйидагича якуний қарор қабул қилганлигини таъкидлаш жоиз: демократик давлатда фуқаронинг шахсий манфаатлари унинг жамият олдидаги масъулиятидан юқори туриши мумкин эмас.

Хулоса қилиб айтганда,  мамлакатимизда «COVID-19″га қарши эмлаш инсон ҳуқуқларининг бузилишига йўл қўймаган ҳолда аҳолини коронавирус инфекциясининг янги тўлқинларидан ҳимоя қилиш мақсадида амалга оширилаётганлигига ҳеч шак-шубҳа йўқ.

Омонбой Оқйўлов, юридик фанлар доктори, профессор.

Фозилжон Отахонов, юридик фанлар доктори

Leave a comment

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan