Cоғлом, билимли, маданиятли ёшлар мамлакат тараққиёти ва келажагини белгилаб берувчи ҳамда жамиятда ижобий ўзгаришларни амалга оширишда ҳаракатлантирувчи кучдир. Ўз навбатида, ўсиб келаётган авлодни ҳар томонлама етук ва баркамол шахс этиб тарбиялаш эса таълим соҳасида олиб борилаётган бугунги ислоҳотларнинг натижасига боғлиқдир.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан сўнгги йилларда таълим соҳасида олиб борилаётган ислоҳотларда ёшларга сифатли таълим-тарбия бериш, фанлар бўйича билимларни тўлиқ ўзлаштириш, чет тилларни ўргатиш, мусиқага ошно этиш масалалари алоҳида устуворлик касб этмоқда. Давлатимиз раҳбари томонидан 2020 йил 23 сентябрда “Таълим тўғрисида”ги қонуннинг қабул қилиниши эса ушбу соҳасидаги ислоҳотларни ҳуқуқий жиҳатдан мустаҳкамлаб, барча фуқароларимизнинг бутун умри давомида билим олишга бўлган ҳуқуқини амалда таъминланишига хизмат қилмоқда, десак асло муболаға бўлмайди. Лекин, минг афсуски яқин тарихимизда шарафли касб эгалари бўлган ўқитувчиларни ўз вазифасига кирмайдиган бошқа ишларга жалб қилингани, ўз устида ишлашга етарли имконият яратиб берилмагани ва уларнинг жамиятдаги обрў-эътиборига бўлган салбий муносабат натижасида бутун бир авлодга етарли билим ҳам бера олмадик, касб-ҳунар ҳам ўргата олмадик.
Ўзбекистон аҳолисини йиллар давомида ўсиб бориши кузатилган бўлса-да, мактабгача таълимга етарли эътибор берилмагани, ўз вақтида мактаблар қурилишига маблағ ажратилмагани, ёшларга касб-ҳунар ўргатамиз деб уларнинг тарбиясида кўп нарса бой берилгани ва энг асосийси, олий таълимни дефицит таълим турига айлантирилиб, коррупцияга шароит яратиб берилгани иқтисодиёт тармоқлари ва бошқа соҳалардаги малакали кадрларга бўлган эҳтиёжни қондира олиш имкониятини пасайишига олиб келди.
Президентимиз раислигида таълим тизими, хусусан олий таълимдаги устувор вазифалар муҳокамасига бағишланган видеоселектор йиғилишида ёшларни олий таълимга қамраб олиш кўрсаткичини ошириш, таълим сифатини яхшилаш ва унинг барча жараёнларини бозор эҳтиёжларидан келиб чиқиб ташкил этиш, тизимда илмий салоҳиятни кўтариш, қоғозбозликни камайтириш, олий таълим муассасаларига академик ва ташкилий-бошқарув бўйича мустақил қарор қабул қилиш ваколатини бериш ҳамда таълим йўналишларини меҳнат бозори талабларига мослаштириш билан боғлиқ масалаларига алоҳида тўхталиб ўтдилар. Аҳолини иш билан таъминлаш масаласи долзарб бўлиб турган бир вақтда ички меҳнат бозорининг хизмат кўрсатиш соҳасидаги 40 000, саноатдаги 38 000, қурилишдаги 12 000, қишлоқ хўжалигидаги 10 000, Алоқа ва ахборот технологиялари соҳасидаги 4000 та олий маълумот талаб этиладиган иш ўрни билан боғлиқ эҳтиёжи қондирилмагани маълум қилинди.
Ҳақиқатан ҳам, юқоридаги рақамлар ортидаги касб эгаларига бўлган эҳтиёжни қондириш олий таълим соҳаси мутасаддиларининг бозор иқтисодиётининг “олтин” қоидаси, яъни талабни ўрганиб таклиф тайёрлаш масаласига эътибор берилмаганлиги билан изоҳлаш мумкин. Бу фикрни бугунги кунда олий таълим муассасаларидаги 815 та таълим йўналишинг 55 фоизи меҳнат бозори талабларига жавоб бермаслиги тасдиқлаши мумкин.
Йиғилишда барча ёшларни ва ота-оналарни қувонтирган масала – мазкур йилда олий таълим муассасаларида ўқиш истаги бўлган ёшлар сони 1 миллион 500 минг нафардан ортиқ бўлиши кутилаётгани эътиборга олиниб, 2021 йилда олий таълимга қабул квотаси сони 2020 йилга нисбатан 13 фоизга оширилиб, 181 000 тага етказилиши маълум қилинди. Бу ўз навбатида олий ўқув юртлари олиб бориладиган таълим-тарбия сифатини яхшилаш, ўқитилаётган фанларни мазмунан қайта кўриб чиқиб, ортиқча такрорланишларни қисқартириш, бўшаган дарс соатлари ўрнига мутахассислик фанларни кўпайтириш, талабаларга мустақил илмий изланиш учун имконият яратиш ҳамда профессор-ўқитувчилар илмий салоҳиятини кўтариш вазифаси бўйича бугунданоқ тизимли ишларни амалга ошириш вазифасини қўймоқда.
Олий ўқув юртларида илмий-тадқиқот ишларига ёшларни кенг жалб қилишга эътибор қаратиш ва илмий салоҳиятни кўтариш учун келгуси йилдан докторантурага квоталар сонини 2 баравар кўпайтириш, кейинги йиллардан ҳар йили 50 фоизга ошириб борилиши ва бунинг учун ҳар йили бюджетдан 100 миллиард сўм ажратилиши ҳамда ҳар бир тармоқ ўз соҳасига тегишли олийгоҳларга докторантлар квоталари учун яна 10 миллиард сўмдан маблағ ажратилиши белгиланиши ривожланишнинг асосий калити илмда эканлигининг эътирофидир.
Педагог сифатида мени қувонтирган яна бир ҳолат бу – таълим сифатини яхшилаш, бу борада хорижий тажрибадан кенг фойдаланиш ва илмий тадқиқот ишлари самарадорлигини таъминлаш мақсадида хорижий давлатлардан ўқув ва илмий адабиётларни тўғридан-тўғри харид қилиш, олий таълим муассасалари фондидаги 4 миллионга яқин адабиётларни тўлиқ электрон шаклга ўтказиш ҳамда барча кутубхоналарни ягона тизимга бирлаштириб, талаба ва тадқиқотчиларни истаган вақтда керакли адабиётлардан фойдаланиш имкониятини яратилаётганлигидадир.
Давлат раҳбари томонидан ёшларни олий таълим муассасасига қабул қилингач, уларни ва ота-оналарнинг олдидаги энг оғриқли масалалардан бири бу – яшаш жойи билан боғлиқ муаммоли масалага яна бир эътибор қаратиши ҳамда бугунги кунда 149 000 та турар жойга бўлган эҳтиёжни фақатгина тадбиркорлар билан хусусий шериклик орқали қисқа фурсатда ечиш мумкинлиги кўрсатиб ўтилгани эътиборга молик.
Йирик шаҳарлар, хусусан, Тошкент шаҳрида хусусий тадбиркорларга тегишли имтиёзлар бериш орқали олий таълим муассасаларига яқин ҳудудларда, яъни 1,5 километргача бўлган масофада турар жойларни бунёд этилиши ва харажатларнинг 50 фоизи бюджетдан қопланиши маълум қилинди. Бу биринчидан, талабларни азалий муаммоларидан бирининг ўз ечимини топишини таъминлайди ва уларни ижтимоий ҳимоясини мустаҳкамлашга ҳисса қўшади, иккинчидан, янги иш ўринлари яратилишини таъминлайди, учинчидан, талабаларни олий таълим муассасасига қатнашдаги транспорт муаммосининг олдини олади, тўртинчидан эса, университет профессор-ўқитувчилари томонидан талабалар билан олиб бориладиган маънавий-маърифий ишларни тизимли ташкил этиш имконини беради.
Абдумалик АКРОМОВ,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,
“Миллий тикланиш” демократик партияси фракцияси аъзоси