Бухорода ўтказиладиган халқаро форум Жанубий Корея матбуотида – Қонунчилик муаммолари институти
Янгиликлар

Жанубий Кореянинг етакчи нашрларидан бири — «The Korea Post» ўзининг электрон саҳифасида жорий йил 23-24 июнь кунлари Бухоро шаҳрида ўтказиладиган «Барқарор ривожланиш мақсадларига эришишда парламентлараро глобал ҳамкорлик» мавзусидаги халқаро форум ҳақида мақола эълон қилди.

Мақолада мазкур йирик форумнинг мақсад-вазифалари ҳамда анжуманда муҳокама қилинадиган глобал масалалар ҳақидаги муҳим маълумотлар ўз ифодасини топган, дейилади “Дунё” ахборот агентлиги хабарида.

Мақолада глобал форум барқарор ривожланиш мақсадларига эришишда парламентлараро ҳамкорлик алоқаларини кенгайтириш, бу борадаги миллий мақсад-вазифаларни амалга оширишда қонунчиликни такомиллаштириш, шунингдек, парламент назорати механизмларини кучайтириш юзасидан таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқиш мақсадида ўтказилаётганлиги қайд этилган.

«Халқаро форум қатор муҳим мавзулардаги йўналишларни қамраб олади. Барқарор ривожланиш мақсадларининг самарали бажарилишини таъминлашда парламентнинг ўрни, барқарор ривожланиш мақсадларини амалга ошириш бўйича тадбирларни молиялаштириш, барқарор ривожланиш мақсадларининг статистик кўрсаткичларини шакллантириш, барқарор ривожланиш мақсадларини амалга оширишда фуқаролик жамияти институтлари ва жамоатчиликнинг иштироки, барқарор ривожланиш мақсадларининг бажарилишида парламент назорати, мониторинг ва баҳолашнинг аҳамияти, барқарор ривожланиш йўлида дунё парламентлари ўртасида халқаро мулоқот ва глобал ҳамкорликни ривожлантириш мавзулари шулар жумласига киради», деб ёзади нашр.

«The Korea Post»нинг таъкидлашича, глобал форум якунида Барқарор ривожланиш мақсадларига эришишда парламентлараро глобал ҳамкорлик бўйича Бухоро декларацияси қабул қилиниши режалаштирилган.

 

ЎзА  

Leave a comment

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan