Келажагимиз маънан камолга етган, ўз кучи ва имкониятларига ишонувчи ёшлар қўлида – Қонунчилик муаммолари институти
Янгиликлар

Замонавий билим ва кўникмаларга эга, мақсадга интилувчан, серғайрат ёшларни тарбиялаш янги Ўзбекистонда энг устувор вазифалардан бирига айланди. Ҳар бир мамлакатнинг тараққиётини, келажагини билимли ва ақлли одамлар таъминлагани сабабли юртимизда таълим сифатига, билимли кадрларни тарбиялашга давлат сиёсати даражасида эътибор қаратилмоқда. Хусусан, барча ҳудудларда Президент мактаблари ва ихтисослаштирилган мактаблар ташкил этилгани ёшларнинг билим ва салоҳиятини аниқлаш, уларни тўғри йўналтириш билан бирга, халқимиз орасида катта интилиш тўлқинини ҳам пайдо қилди.

Давлатимиз раҳбари билимли ёшларни мамлакатимизнинг “олтин фонди” деб атаган эди. Бу йил ана шундай ёшларнинг янги авлоди мактабларни битирмоқда. Энди уларни юртимизда ўқитиш, ёшлар учун энг замонавий шароитлар яратиш мақсадида Президентимиз ташаббуси билан “Янги Ўзбекистон” университетини ташкил этилиши кўплаб ёшларнинг дилидаги гап бўлди.

Мамлакатимиз раҳбари куни кеча “Янги Ўзбекистон” университетида таълим жараёнини ташкил этишга оид тақдимот билан танишиб, университетда қабул ва таълим жараёнини халқаро стандартлар даражасида ташкил этиш, фан, таълим ва ишлаб чиқариш интеграциясини самарали йўлга қўйиш бўйича кўрсатмалар берди.

– Университет талабалари 1-курсдан ўз соҳаси бўйича иқтисодиёт тармоқлари ва илмий марказларга бириктирилиши керак. Вазирликлар, нуфузли институт ва йирик компаниялар университетнинг васийлик кенгашига кириши муҳим. Улар ўз эҳтиёжларини билдириб, таълим жараёнига интеграциялашиши, бўлғуси мутахассисга олдиндан сармоя киритиши зарур, – деди Президентимиз.

Айтиш мумкинки, давлат олий таълим муассасаси шаклида ташкил этилаётган бу университет нуфузли хорижий ўқув юртларининг таълим дастурлари асосида юксак касбий билим ва малакаларга эга бўлган истиқболли кадрлар тайёрлаш, талабаларнинг интеллектуал қобилиятини ривожлантиришга хизмат қилади. Чунки янги университетда таълим жараёни дунёнинг энг нуфузли олий ўқув юртлари билан ҳамкорликда ташкил этилади.

Ҳозирги кунда мамлакат аҳолисининг ярмидан кўпини ёшлар ташкил этади. Улар адолатли равишда ўз зиммасига ватан келажаги учун масъулиятни олишга қодир бўлган, бугунги ва эртанги куннинг ҳал қилувчи кучига айланмоқда. Шу боис, биз ёшларнинг таълим олиши, янги билимларни, янги кўникмаларни эгаллаши, айниқса, профессионал, ижодий ва хизмат поғоналаридан ўсиши учун барча имкониятларни, энг қулай шарт-шароитларни яратиб беришимиз зарур.

ЎзЛиДеП ёшларнинг замонавий касб-ҳунарларни эгаллаши учун зарур шарт-шароит яратилиши, ҳар бир ҳудуднинг ўзига хос жиҳатлари, меҳнат бозори ва иқтисодиёт эҳтиёжларини ҳисобга олган ҳолда уларни касбга йўналтириш масалаларининг самарали ҳал қилинишига ҳар томонлама кўмаклашиш тарафдори. Партия бу борада мақсадга интилувчан, шижоатли, ташаббускор янги давр кадрларини бирлаштиришга йўналтирилган фаол ишларни олиб боради. Зеро, келажагимиз айнан маънан камолга етган, ўз кучи ва имкониятларига ишонувчи ёшлар қўлидадир. 

Бир сўз билан айтганда, таълим ислоҳотлари шарофати билан ўғил-қизлар халқаро танловлар, фан олимпиадалари иштирок этиб, Ватанимиз шарафини муносиб ҳимоя қилиб келмоқда. Бу борадаги саъй-ҳаракатлар самараси ёшлар ҳаёти, уларнинг дунёқараши ва маънавий олами бойиб бораётгани мисолида яққол намоён бўляпти. Янги ташкил этилаётган университет ҳам ёш истиқболли кадрларни тайёрлашга хизмат қилиши, шубҳасиз.

 

 

Абдулла Рўзметов,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,
ЎзЛиДеП фракцияси аъзоси

Leave a comment

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan