Ёшлар Ватанимизнинг энг катта бойлиги ва бебаҳо хазинасига бежиз қиёсланмайди. Чунки мамлакатимизда Учинчи Ренессанс пойдеворини яратиш йўлида муҳим ҳаракатлар бошланди. Давлатимиз, ёшларимиз келажагини белгилаб берадиган оила, мактабгача таълим, мактаб ва олий таълим эса Ренессанснинг энг муҳим бўғинлари ҳисобланади. Шу боис, юртимизда ёшлар масаласи давлат сиёсати даражасига кўтарилди ва бу соҳаларда кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда.
Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси томонидан “Ёшлар ойлиги” доирасида шу йилнинг 24-25 июнь кунлари Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳамкорлигида “Ёшлар келажак драйверлари” I Ёшлар форуми ўтказилди.
Тадбирда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ҳузуридаги Ёшлар парламентига ЎзМТДПдан сайланган ёш депутатлар, партия Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри Кенгашларининг “Ёшлар қаноти” етакчилари ҳамда “Кўмак” тарғибот гуруҳи аъзолари иштирок этди.
Жорий йил 5 февраль куни мамлакатимиз Президентининг сиёсий партиялар раҳбарлари билан партиялар фаолиятни самарали ташкил этишга қаратилган йиғилишда белгиланган устувор вазифалар ижроси ҳамда 2021 йилнинг октябрида ўтказиладиган Президентлик сайловида ёшларнинг муносиб иштирокини таъминлашга қаратилган “Йўл харита”га мувофиқ “Миллий юксалиш драйверлари” шиори остида ўтказилган форум 30 мингдан зиёд ёшларни қамраб олган бўлса, уларнинг 150 нафари бевосита Тошкентда ўтказилган тадбирларда иштирок этди.
Форумнинг биринчи кунида ёшлар учун Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари, таниқли сиёсатчилар, ёш олим, атоқли шоира ва рассомлар, журналистлар иштирокида маҳорат дарслари ташкил қилинди, очиқ мулоқот ва мушоира кечалари ўтказилди.
Шунингдек, “Ёшлар қаноти” етакчилари ҳамда “Кўмак” тарғибот гуруҳи аъзолари “Энг яхши ёш сиёсатчи”, “Энг яхши тақдимот” танловларида иштирок этиб, турли мавзуларда тайёрлаб келган тақдимотларини намойиш қилдилар.
“Ёшлар келажак драйверлари” I Ёшлар форуми иштирокчилари бугун Олий Мажлис Қонунчилик палатаси фаолияти билан танишиш мақсадида қуйи палатага ташриф буюрди.
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикерининг ўринбосари, “Миллий тикланиш” демократик партияси фракцияси раҳбари Алишер Қодиров форум иштирокчиларини яқинлашиб келаётган Ёшлар байрами билан қутлаб, Қонунчилик палатаси ва депутатлар фаолияти, қонунларни қабул қилиш тартиби ҳақида маълумотлар берди.
– Мен бугун форумда иштирок этаётган партиямиз ёшлари, ёш сиёсатчилар орасидан эртага Олий Мажлис Қонунчилик палатаси, маҳаллий кенгашларга депутатлар етишиб чиқишига ишонаман, – деди Алишер Қодиров.
Шундан сўнг фракция раҳбари билан очиқ мулоқот бошланди.
– Партиямиз томонидан “Инсон ўзгарса, жамият ўзгаради” деган ғоя бежиз илгари сурилаётгани йўқ. Фаровонликка эришишимиз учун аввало ўзимиз ўзгаришимиз керак. Кейин оиламизни, яқинларимизни, маҳалламиз ва жамиятимизни ўзгартирамиз. Ўзгаришимиз эса ўз камчиликларимизни эътироф этишдан бошланди. Яъни, бугун аввало ўзимизнинг, яқинларимизнинг камчиликларини, жамиятимиздаги муаммоларни очиқ-ошкора айтиб, уларни ҳал қилиш билан шуғулланишимиз, ечимлари бўйича таклифлар беришимиз лозим. Шундагина олдимизга қўйган эзгу мақсадларга эришамиз, – деди А.Қодиров форум иштирокчиларининг саволларига жавоб қайтарар экан.
Фракция раҳбарининг форум иштирокчилари билан бўлган қизғин очиқ мулоқотидан сўнг “Миллий тикланиш” демократик партияси “Ёшлар қаноти” Кенгаши раҳбари, шунингдек, партиядан Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ҳузуридаги Ёшлар парламентига сайланган ёш депутатлар гуруҳи раҳбарини сайлаш масаласи кўриб чиқилди ва Самандар Исмоилов “Миллий тикланиш” демократик партиясининг Ёшлар парламентидаги гуруҳи раҳбарлигига сайланди.
Ёшлар форуми иштирокчилари Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг замонавий талаблар асосида бутунлай қайта таъмирланган кутубхона ҳамда қуйи палата музейи билан ҳам танишди.